Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янги қонун, янгича ёндашув

Янги қонун, янгича ёндашув

Фото: «XS.uz»

2018 йил 8 январда имзоланган Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуни турли маъмурий қарорларни қабул қилиш жараёнини стандартлаштириш ва енгиллаштириш орқали давлат органларининг фуқаролар ва ташкилотлар билан бўлган муносабатлари қонунийлигини таъминлаш ва шаффофлигини оширишга хизмат қилади. Мазкур қонунда давлат органлари фуқароларга хизмат кўрсатиш жараёнидаги тартиб-таомиллар, бу жараён қандай амалга оширилиши кераклиги ифодаланган.

Умрида бирон марта қоғоз расмийлаштириш ишлари билан давлат ташкилотига бормаган инсон кам топилса керак орамизда. Тўғриси, баъзан давлат идорасида сарсон-саргардон бўлиб, ортиқча қоғозбозликлардан чарчаб, қанча-қанча вақт сарфлаб ҳафсаламиз пир бўлган ҳолатлар ҳам бўлган. Боиси авваллари давлат хизматчиларининг ишлаш механизми қонуности ҳужжатларида белгиланган тартиб (ички низом ва турли маъмурий регламент)лар асосида белгиланарди. Масалан, паспорт йўқолганда янгисини олиш учун ариза ёзамиз ёки пенсияни расмийлаштириш юзасидан мурожаат қиламиз ва ҳоказо. Бу жараёнда давлат хизматчиси биздан тегишли ҳужжатларни талаб қилади. Бу тўғри. Аммо ўша ҳужжатлар қўлимизда бўлиши мумкин, бироқ шакли бошқачароқ, барчаси бир қоғознинг ўзида мужассам бўлиши мумкин. Мана шу ерда фуқаро ва давлат хизматчиси ўртасида «тушунмовчилик» келиб чиқади. Фуқаро ўзи олиб келган ҳужжатни олиб қолишни илтимос қилади, давлат хизматчиси эса низомда белгиланган шаклдаги ҳужжатни талаб қилади. Қарабсизки, ориқча харажат, қоғозбозлик жараёни бошланади. Фуқаронинг ҳам давлат органидан кўнгли қолади ва давлат органига ишонч сусайиб бораверади. Мазкур қонун билан эса ана шундай ҳолатларнинг олди олиниши, ўзаро муносабатларда ишочни тиклаш, шаффофлик ўрнатилиши мақсадида ягона тартиб-таомиллар ўрнатилмоқда.

Ҳуқуқ доктори, доцент Жўрабек Нематовнинг фикрича, энг асосийси ушбу тартиблар шунчаки яна бир янги ўйлаб чиқарилган шакл ва қолиплар бўлиб қолмасдан, балки фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларга янгича ёндашувни, яъни давлат органи доимо фуқарога турли маъмурий қоидалар орқали халақит қилиши эмас, балки ёрдам бериши, кўмаклашиши, хизмат қилишида акс этади.

Маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий ғояси маъмурий қарорнинг адресатига иш юзасидан унинг далил ва важларини тинглаш имконини тақдим этиш, бошқача қилиб айтганда, «тингланиш ҳуқуқи» билан таъминлаш ва шу орқали фуқаро билан мулоқот қилиш ва уни дардини тинглаш, дардига малҳам бўлиш ва унга хизмат қилишда акс этади.

Жумладан, қонуннинг асосий вазифалари маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона асосларини белгилаш орқали қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг маъмурий органлар билан бўлган муносабатларида ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборат.

Қонун давлат хизматларини янада сифатли кўрсатишда маъмурий тўсиқ ва чекловларни бартараф этишга кенг имкониятлар яратади.

Қонунга кўра, маъмурий тартиб-таомил деганда давлат органларининг оммавий-ҳуқуқий фаолиятини тартибга солувчи процессуал қоидалар (яъни лицензия, рухсат бериш тартиб-таомиллари, турли давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиб-таомиллар ва ҳ.к.) тушунилади.

Ҳозирги кунгача давлат органлари ҳамда жисмоний ва юридик шахслар орасидаги муносабатлар турли қонунлар ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган эди.

Улардаги тартибларнинг турлича эканлиги давлат органлари томонидан қарорлар қабул қилишда ваколат доирасида мажбуриятларни бажармаслик, оғзаки топшириқлар асосида ишлаш каби ҳолатларни келтириб чиқараётганди.

Эндиликда фуқаро виждонан ҳаракат қилган, ўз мажбуриятларини мазмунан бажарган бўлса, давлат органлари томонидан расмий қоидалар бажарилмади, деган важ билан унинг мурожаатини рад этиш ёки турли чекловлар ўрнатиш тақиқланади.

Қонунда маъмурий органга топшириладиган ариза шакли ва мазмунига асосий талаблар ўрнатилган. Унга биноан ариза берувчидан қонунчиликда кўзда тутилмаган ахборотни ёки ҳужжатларни тақдим қилишни талаб қилиш, шунингдек унга илова қилинаётган ҳужжатларга талаблар қўйиш тақиқланади. Маъмурий органда аризани рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Маъмурий органга маъмурий тартиб-таомилни амалга ошириш учун бошқа маъмурий ва ўзга органдан ҳужжатлар ва маълумотлар олиш талаб этилса, маъмурий иш юритиш «бир дарча» принципи бўйича амалга оширилади. Бунда маъмурий орган зарур ҳужжатлар ва маълумотларни, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари, мустақил равишда, манфаатдор шахсларнинг иштирокисиз идоралараро ўзаро ҳамкорлик орқали олади.

Агар қонун ҳужжатларида бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, маъмурий орган мумкин қадар қисқа муддатларда, аммо ариза маъмурий органда рўйхатга олинган кундан бошлаб ўттиз иш кунидан кам бўлмаган муддатда маъмурий ишни кўриб чиқади ҳамда маъмурий ҳужжатни қабул қилади.

Маъмурий орган ташаббуси билан маъмурий ҳужжатларни қабул қилишнинг энг кўп муддатлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда маъмурий иш юритиш муддати маъмурий орган томонидан узайтирилиши мумкин.

Маъмурий иш юритиш муддатининг ўтиши ариза маъмурий органда рўйхатга олинган кундан бошланади, маъмурий ҳужжат маъмурий орган ташаббуси билан қабул қилинадиган тақдирда, ушбу муддатнинг ўтиши адресат маъмурий иш юритиш бошланганлиги ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган кундан бошланади.

Агар ариза ваколатли маъмурий органга ўтказиб юборилган бўлса, маъмурий иш юритиш муддатининг ўтиши маъмурий иш тегишли ваколатли органга келиб тушиб, рўйхатга олинган кундан бошланади.

Маъмурий ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатлар

Маъмурий ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатлар маъмурий иш юритишни амалга оширувчи маъмурий орган зиммасига тушади.

Маъмурий иш юритишда қўшимча ҳаракатларни амалга оширишни тўлаш, шунингдек маъмурий ишни ҳал қилишга ёрдам берувчи шахсларнинг иштирок этиши билан боғлиқ харажатлар ушбу ҳаракатларни амалга оширишни талаб қилган маъмурий иш юритиш иштирокчиси зиммасига тушади.

Маъмурий органларга берилган аризалардан қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда ва миқдорларда давлат божи ёки йиғим ундирилиши мумкин. Йиғим миқдори маъмурий ишни кўриб чиқишда маъмурий органнинг қилган харажатлари доирасида белгиланади.

Маъмурий шикоятлар учун давлат божи ва йиғим ундирилмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг