Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

Югуриб ўтасан ёки...

Югуриб ўтасан ёки...

Пиёдалар орасида ҳам белгиланмаган жойдан кесиб ўтадиганлар кўп.

Фото: «RRnews.ru»

Ҳеч эътибор берганмисиз, биз жуда кўп масала-ю муаммоларда доим бир тарафни айблаб ўрганиб қолганмиз. Масалан, ҳайдовчилар ва ЙПХ ходимлари ўртасидаги муомалада ҳам. Бир-иккита инсофлироқ ҳайдовчини айтмаса қолган барчаси ЙПХ ходимларини сўкади. Аммо «ўзинг-чи, ўзинг оппоқмисан?» ёки «йўлларда йўл ҳаракати қоидаларига қанчалик амал қилиб қилиб машина бошқарасан?» десангиз жавоб йўқ.

Чунки ўша аксарият ЙПХ ходимларини ёмон кўрадиган ҳайдовчиларнинг ўзлари кўпинча қоидаларга амал қилишмайди. Қоидани бузган пайтларида ЙПХ ходимлари тўхтатса, «қоида бузилишини расмийлаштирмай қўяқолинг» деб уларга порани ҳам ўзлари тиқиштиришади. Лекин ишлар муҳокама бўлаётган пайтда негадир ҳайдовчилар оппоқ, ЙПХ ходимлари эса қора бўлиб қолаверади.

Ҳозир қўйида ёзмоқчи бўлган гапларимда ЙПХ ходимларини мақтамоқчи эмасман. Одамнинг оласи ҳамма соҳада ва ҳамма жойда бор. ЙПХ ходимлари орасида ҳам, ҳайдовчилар орасида ҳам. Ёзмоқчи бўлган нарсам кўпроқ ҳайдовчи ва пиёдалар ҳақида.

Авваламбор ҳайдовчиларга савол: йўлда машина бошқариб кетаётганингизда пиёдаларга нечоғлик йўл берасиз? Сиз белгиланган тезликда кетаяпсиз, йўлингизда ҳар қадамда пиёдалар ўтиш йўлаги бор ва ўша йўлакнинг бошида кўчанинг буёғига ўтиш учун қараб турган пиёда турибди. Сиз тўхтаб пиёдага йўл берасизми?

Ана шу саволларимга жавоб олиш учун катта кўчага чиқиб кўплаб ҳайдовчилар билан гаплашдим. Уларнинг аксарияти олдинига «ҳа, албатта йўл бераман» деб жавоб беришди. Аммо, «илтимос, фақат тўғрисини айтинг» деганимдан кейин уларнинг кўпчилиги аксарият ҳолларда пиёдалар йўлакчасида турган пиёдаларга шунчаки йўл бермасликларини, фақат пиёда йўлнинг қатнов қисмига чиқиб келаверсагина тўхташга мажбур бўлиб йўл беришларини тан олдилар.

Ҳайдовчиларга иккинчи саволни бераман: сиз баъзи ҳайдовчилар пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган пиёдани уриб ёки туртиб юборган ҳолатларни кўрганмисиз?

Сўралганларнинг кўп бўлмаса-да анчагинаси бу ҳолатни кўрган экан. Ҳаётда кўрмаганлари эса «ака, интернетга киринг, сиз назарда тутган ҳолатнинг ўзимизда содир бўлганларининг видеоёзуви тиқилиб кетган» деб жавоб беришди.

Мен шу мақолага материал тайёрлаш асносида учта шаҳарда ҳар хил кўчаларда кўплаб пиёдалар йўлакчасини кузатдим. Аҳвол ўта ёмон. Кузатганларимнинг ҳаммасида пиёдалар йўл четида туриб машиналар қатновининг камайишини кутишга мажбур бўлишди. Инсофлироқ бир-иккита ҳайдовчининг тўхтаб пиёдага йўл берганини айтмаганда, қолганлари пиёдаларга умуман йўл бермаяпти. Ҳатто йўлда бироз қатнов камайиб қолганда пиёдалар йўлагидан юриб кўчанинг нариги тарафига ўтаётган пиёдалар узоқдан тез ҳаракатланиб келаётган машиналарнинг секинламаганини кўриб йўлакдан югуриб ўтишга мажбур ҳам бўлдилар.

Кузатганларим орасида бир-иккита таълим муассасалари олдидаги пиёдалар ўтиш йўлакчасида аҳвол ниҳоятда ёмон эди. Ҳар икки тарафдан шошилиб ўтиб-қайтаётган ҳайдовчиларнинг айримлари ҳатто ўқувчиларнинг пиёдалар йўлакчаси бўйлаб ҳаракатланаётганини кўриб ҳам уларга йўл бермаганининг гувоҳи бўлдим.

Умуман олганда ҳозирги кунда мамлакатимизнинг ҳамма жойида кўчалар машиналарга тўлиб кетгани учун пиёдаларнинг пиёдалар йўлакчасидан ўтишлари анча хавфли бўлиб қолди. Ҳолат шу даражага бораяптики, пиёдалар йўлакчасига чиққан пиёда кўчани кесиб ўтишда ё югуради ёки йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлади. Ҳа, шундай. Мен мақолани тайёрлашда ИИВ ЙҲХ бошқармасидан маълумот сўраб ўтирмадим, аммо йил бўйи содир бўладиган йўл-транспорт ҳодисасида вафот этган ёки жароҳат олган пиёдаларнинг анчагина қисмини пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган пайтида тез келаётган машиналар уриб юборганини ҳамма билади. Чунки ўша пиёдаларни баъзи ноинсоф ҳайдовчилар одамларнинг, бизнинг кўз ўнгимизда босиб кетишаяпти.

Албатта, бу ерда пиёдаларни оппоқ кўрсатиб, ҳайдовчиларни қаттиқ қоралаш ниятим йўқ. Пиёдалар орасида ҳам қулоғига қулоқчин тақиб олиб кўчани белгиланмаган жойдан кесиб ўтадиганлар ёки пиёдалар йўлакчасидан ўтишда жўрттага секин юрадиганлар бор. Аммо бу масалада кўпроқ масъулият барибир ҳайдовчилар зиммасига тушади. Чунки ҳайдовчилар пиёдалар йўлакчасида ҳар қандай ҳолатда тўхташлари ва кўчани кесиб ўтмоқчи бўлиб турган пиёдани ўтказиб юборишлари керак.

Пиёдаларга йўл бермасликни ҳайдовчилар кўпинча шошилаётгани билан оқлашга уринадилар. Аммо шу ерда савол туғилади: хўш, аслида жамоат транспортида юрадиган пиёда манзилига етиши учун кўпроқ шошилиши керакми ёки борадиган манзилига ўз машинасида осонгина етиб бора оладиган ҳайдовчиларми?

Тан олайлик, бу масалада энг тартибсиз ҳайдовчилар бизда.

Чунки ўзим ҳам гувоҳи бўлганман, бошқалар ҳам тасдиқлашади: кўпгина чет давлатларда пиёдалар ҳатто йўлак устига чиқмай йўл четида турганида ҳам ҳайдовчилар уларни ўтказиш учун тўхтайдилар. Бизда эса пиёда кўчани кесиб ўтиш учун юришни бошласа хам кўпчилик ҳайдовчилар тўхтамайди.

Албатта, кимдир қоидани бузган ҳайдовчилар учун жарима миқдорини оширишни муаммонинг ечими деб билади. Бунинг учун мамлакатимиздаги ҳар бир пиёдалар йўлакчасини назорат қиладиган видеокамералар ўрнатилса ва пиёдаларга йўл бермайдиган ҳайдовчиларга каттароқ суммада жарима белгиланса аҳвол ўзгариши мумкин. Акс ҳолда пиёдаларимиз «югуриб ўтасан ёки ўласан» қоидасига амал қилиб юришга мажбур бўлаверади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг