Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Макка битими» Исроилга қарши қаратилганми ё Эронга?

«Макка битими» Исроилга қарши қаратилганми ё Эронга?

Фото: Google Images

7 август куни ислом дунёсининг юраги саналган Маккаи мукаррама шаҳрида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф томонидан мудофаага оид тарихий битим имзоланди.

«Макка қўшма мудофаа келишуви» деб аталган ҳужжатга кўра, уч давлатдан бирига қилинган қуролли ҳужум барчага қилинган ҳужум деб  малакаланади.

Фото: AA

Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши “тарихий қадам” сифатида баҳоланмоқда.

«Макка битими» нафақат жамоавий мудофаани, балки мудофаа саноати соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва қуролли кучларнинг ўзаро мувофиқлигини оширишни ҳам назарда тутади.

Томонлар мудофаа хусусиятига эга битим бирон бир аниқ мамлакатга қарши қаратилмаганини айтаётган бўлса-да, таҳлилчилар ҳужжат АҚШ/Исроил ва Эрон уруши давом этаётган, Туркия ва Исроил ўртасидаги зиддият кучайиб бораётган вақтда имзоланганига эътибор қаратмоқда.

Фото: SPA

AP агентлиги ёзишича, «Макка битими» нефтга бой Саудия Арабистони, мусулмон дунёсининг ягона ядро давлати Покистон ва НАТОнинг иккинчи йирик армиясига эга Туркия куч-қудратини бирлаштиришга хизмат қилади.

«Мусулмон оламининг энг нуфузли уч давлати кучайиб бораётган мавҳумлик шароитида бир ёқадан бош чиқармоқда. Бу минтақавий ва ўрта даражадаги қудратли давлатларнинг хавфсизлик масалаларида яқинроқ мувофиқлашувга тайёрлиги ошиб бораётганини кўрсатади. Уч томонлама тузилма мазкур уч давлатнинг умумий дипломатик ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга, шунингдек, минтақавий хавфсизлик архитектурасини шакллантиришга кўмаклашиши мумкин»,дейди Саудия Арабистонида жойлашган Gulf Research Center тадқиқот маркази раҳбари Абдулазиз Сагер.

«Макка битими» Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёда шаклланиб бораётган кўп қутбли тартибда бурилиш нуқтасидир», — деб ҳисоблайди Атлантика кенгаши эксперти, фан доктори Рич Оутцен.

Ўзбекистонлик таҳлилчилар ҳам Риёд–Анқара–Исломобод битимининг аҳамиятини фаол муҳокама қилмоқда.

«Туркиянинг ҳарбий қудрати, Покистоннинг ядровий салоҳияти ва Саудия Арабистонининг молиявий-диний таъсири бирлашиши принципиал жиҳатдан янги куч блокини ҳосил қилмоқда. Ушбу пакт шиа Эронининг таъсирига қарши қаратилганига шубҳа йўқ. Бироқ Исроил ҳам бу келишувни хавф деб қабул қилиши эҳтимолдан холи эмас, чунки унинг уч давлат орасида яҳудий давлатини расман тан оладиган ягона мамлакат — Туркия билан муносабатлари тобора ёмонлашиб бормоқда. Амалда биз суннийлар НАТОси шаклланаётганига гувоҳ бўляпмиз»,дейди Strategic Focus эксперти М.Имомов.

«Ҳужжат имзоланган вақт ва жой (жума куни, Макка шаҳри) — улкан рамзий маънога эга, аммо ушбу келишувнинг қанчалик мустаҳкамлиги амалда кўринади. Беқарор ҳудудда “бир давлатга ҳужум — барчага ҳужум” тамойилининг қўлланиши ҳар учала мамлакатни бошқаларнинг низоларига тортиб кетиши мумкин. Янги ҳарбий пактнинг пайдо бўлиши қуролланиш пойгасини кучайтиради ва Яқин Шарқдаги тарихий зиддиятларни янада чуқурлаштириши хавфини туғдиради», — дейди Strategic Focus гуруҳининг бошқа бир эксперти С.Пинхасова.

Сиёсий фанлар доктори Фарҳод Каримовнинг фикрича, «Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик шартномаси нафақат Исроилга, балки Эронга ҳам сигнал бўлди. Кўрфаз давлатларини урса ҳам Саудияни урмайсан дегани бўлди».

Сиёсатшунос Суҳроб Бўронов эса «Макка битими» орқали тузилган иттифоқ “мусулмон НАТОси” деб аталаётганини қайд этган.

Сиёсатшунос Мухтор Назировга кўра, сўнгги ҳодисалар Марказий Осиё учун жанубий йўналишда хавфсизликнинг янги архитектураси шаклланаётганини кўрсатади.

«Туркия Ўрта йўлакнинг ғарбий қисмига чиқиш имкониятини таъминлайди. Покистон Трансафғон темир йўли лойиҳасининг якуний нуқтаси бўлиб қолмоқда. Саудия инвестициялари эса Қозоғистон ва Ўзбекистондаги инфратузилма ҳамда энергетика лойиҳаларида аллақачон иштирок этмоқда. Шу тариқа, Марказий Осиёнинг учта асосий ташқи ҳамкори илк бор ягона мудофаа контурини шакллантиришга киришмоқда. Энди асосий савол шундаки, сиёсий баёнотлар амалда ишлайдиган қўшма мудофаа механизмларига айланадими ёки йўқ?» — дея савол қўяди М.Назиров.

Эрон ҳукумати «Макка битими»га расман муносабат билдиргани йўқ. Аммо мамлакат парламентининг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат бўйича қўмитаси аъзоси Иброҳим Ризоий ижтимоий тармоқда мудофаа келишувини танқид қилган ва бу ҳужжат Саудия Арабистони хавфсизлигига хизмат қилмаслигини айтган.  

Тел-Авив маъмурияти ҳам битим борасида расмий баёнот берганича йўқ. Аммо Times of Israel нашри шу мавзудаги таҳлилий мақолада Исроилнинг тобора тажовузкор тус олаётган ҳарбий сиёсатидан уч давлат ҳам ташвишда эканини урғулаган.

Аввал хабар берганимиздек, 2025 йил 17 сентябр куни Саудия Арабистони ва Покистон мудофаага оид стратегик битимни имзолаган, ушбу ҳужжатда томонлардан бирига қарши уюштирилган ҳужум ҳар иккисига уюштирилган ҳужум деб баҳоланиши белгиланган эди.

Эндиликда Туркия ҳам қўшилган мудофаа пакти айнан бир йил аввалги битим асосида шакллантирилган.

Қайд этиш жоизки,  АҚШ/Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш фонида Покистон Саудия Арабистонига 8 минг нафар ҳарбий хизматчи ҳамда қирувчи учоқлар эскадрилиясини юборганди.

Ушбу зиддият Исломобод ва Ар-Риёд ўртасида тузилган мудофаа битими учун дастлабки имтиҳон бўлди, дейиш мумкин. Покистон томонидан бир неча минг аскар ва жанговар техниканинг юборилиши Исломобод қисман бўлса-да Ар-Риёдга берган ваъдасининг устидан чиққани ўлароқ баҳоланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг