Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Самимият оролига саёҳат: ҳокисор «японлар», қошиқ ботмас қатиқ, сийланган «ўғри» ва «юқумли» табассум...

Самимият оролига саёҳат: ҳокисор «японлар», қошиқ ботмас қатиқ, сийланган «ўғри» ва «юқумли» табассум...

Юрган дарё дейдилар... Бир сафар хизмат тақозоси билан Навоийнинг Қизилтепасига борадиган бўлдик. Ёз ойлари эди.

— Жуда иссиқ жойлар, гармсел эсади... роса қорайиб келаркансиз, — дейди меҳмонхонадаги қўшним нонушта чоғида бош чайқаб. — Ҳа, айтаганча, у ёққа борсангиз, Зарметанни қатиғидан ичмай келманг, бу Қаршига бориб, тандир емай келган билан тенг, — деб беғараз маслаҳатини бериб қолди, асли қашқадарёлик тасодифий танишим.

Машинада кондиционерни кучайтириб кетарканмиз, жазирама сезилмади ҳисоби. Биз йўл ҳақида кўрсатув тайёрламоқчи эдик ва манзилга борадиган ўша йўлнинг текис ва равонлиги бизнинг «йўлимизни» қисқартиргандек бўлди. Пойтахтда ижод қилиб, амалдорларнинг жиддий қиёфасидан дийдамиз қотган, навбатдаги учрашувга ўзимизни мослаб, йўлтаъмирлаш корхонасига борсак: идора олдида одми кийинган бир киши ўтирган экан.

«Сизларни кутиб олиш менга тайинланган эди. Исмим Рустам, мен раҳбар ўринбосариман», деганига, уни камтар ишчи либосига, кўринишига қараб, бошдан оёқ тикилиб, дарров ишонқирамадик. У эса бизни ўзи каби оддий «Тико» уловига бошлади.

Аммо ўша лаҳзадан бошлаб, табиатан одамохун, самимий бу инсон билан ҳамроҳ бўлиб, йўлларни кўздан кечира бошлашимиз билан илк қарашимиз умуман бошқа тарафга ўзгарди. Йўл қурилишидаги тажрибаси, мулоҳазалари билан, энг асосийси, ўзининг самимияти ва одамийлиги билан Рустам ака бизда илиқ таассурот қолдира бошлади.

Ўша учрашувдаёқ бу инсонни негадир японларга ўхшатган эдим. Рустам ака биздаги одатий, раҳбарларнинг ғўддайган, пўрим ва жиддий қиёфасига мос келмасди. У бундан кўра оддийлиги, камтарлиги билан кинолардаги ҳокисор япон ҳамкасбларига ўхшаб кетарди.

Йўлда кета туриб, бу беғуборликка яна бир бор гувоҳ бўлдик. Бир ҳовли ёнида ўрик шамолда тўкилиб, олтиндай товланиб турарди. Рустам ака тўғри машинани ўша ерда тўхтатиб, уларни тера бошлади. Мен ҳам беихтиёр машинадан тушдиму, фақат ердаги ўрикка қаноат қилмай, дарахтдаги тозасига энди қўл чўзгандим, ҳовли дарвозаси шарт очилиб, бир аёл қарагандек бўлди. Уни кўриб индамай ортга чекиндим...

Ўрик ўғрилари бўлиб, қўлга тушдик-ку. Ҳижолатли ҳолатда Рустам акани имлаб чақира бошлагандим, онахон уйидан бироз ўтмай, тандирдан янги узилган исиққина нон билан товоқ кўтариб чиқди. Ўрикларни сарасини териб, ювиб келди.

«Меҳмонга ўхшайсизлар, нон ёпаётгандим, марҳамат олинглар»... Ҳижолатпазлик кўтарилиб, меҳмондўст онахонни сийлови билан, Рустам акани атойдил таклифи билан иссиқ нон ва ўрикдан татидик. Бу қадар тотли уйғунликни тасаввур этиш қийин эди, ўша таъм ҳамон эсимда. Шу пайти ёнимизга ҳашаматли машина келиб тўхтади. Билсак, туман ҳокими ўринбосари экан. Ҳушмуомилалик билан: «сизларни ҳокимиятда кутгандик буёқда экансизларда», деб Рустам акага қараб, «акаларни яхшироқ жойга тушликка олиб борсангиз бўмасмиди»... койиган бўлди замҳоким.

Ўзр сўраганномо бир бизга, бир чанг босган «Тико»га қараб, басавлат машинасига таклиф қила бошлади. Аммо, ўшанда катталар билан бўладиган ҳашаматли тушликдан кўра, яримта нон билан ўзимиз соясида ўтирган ўрик меваларидан тотиб, файзли кўк «Тико»да, Рустам ака билан яна ҳамроҳ бўлишни истадим. Бунга тасвирчимизнинг норози нигоҳию, катталарнинг гиналари ҳам тўсқинлик қилолмади.

Онахонга раҳмат айтиб, «Тико»да йўлимизда давом эта бошладик.

– Зарметан бу ердан узоқми, сўрайман йўл-йўлакай акадан.

– Ҳозир Ванғозидан тушлик қилиб, ўша томонга ўтамиз дейди, Рустам ака. Ванғози деганлари ўзи бир қишлоқ бўлса-да, жуда кўркам жойлар экан. Йўлимизда учраган уч қаватли баланд иморатлар Эрон архитектурасига ўхшаб кетар, қадимий масжид билан бир қатордаги замонавий бинолар... Айтиш мумкинки бу файзли «қишлоқ», шу қиёфаси билан хоҳлаган шаҳар билан беллаша олиши мумкин экан... «Шу ерда яхши шашлик қилади», деб тўхтамоқчи бўлади Рустам ака.   

Мен эса тўғри Зарметанга борсак-чи деб, ундай бошлайман. Ўша таърифланган қошиқ ботмас, косани тескари қилса тушмас қатиқдан тотиб кўргим келарди.

Ростан, таърифлангандек экан. Қатиқ шу даражада тўйимли эдики, калорияси бемалол бир ҳисса кабобга тенг бўлса керак. Коса юзасини қоплаган қалин қаймоғига эса қошиқ зўрға ботарди. Энг асосий жиҳат, бу ердаги қатиқчи онахонлар. Уларнинг самимияти. Улар ҳам ўрик эгасидек, меҳмондўст ва илтифотли экан. Сертабассум, беғубор бу чеҳраларни кўриб, ўзимни гўё самимият оролига тушгандек ҳис этгандим.

Шу ўринда Рустам акани ҳам Япониядан келиб қолмаганини, у ҳам шу муҳитнинг хос вакили эканига ишонч ҳосил қилдим. Аслида иссиқ таърифи – бу манзилга эмас, у ердаги қалби қайноқ, меҳрли одамларга мос экан...

Ўйлайман, Тошкентга қайта туриб. Поездда кетаётиб, телевизор экранларидаги савиясиз клиплар асабимга тегар, хизматчига буюртма қилган яхна ичимлик кечикиши-ю, яна қанақадир ғашликлар юзимда захиллик акс эттирар эди. Шу пайт вагонда япониялик туристлар пайдо бўлди. Уларнинг йўловчиларга, айниқса болажонларга болаларча беғубор муносабатини кўриб, беихтиёр чеҳрам ёришгандек бўлади. Хаёлимга қизилтепаликлар келди.

Жазирамада йўл ёзаётган Рустам акани, қайноқ тандирдан нон узаётган онахонни, косаларга қатиқ ивитаётган опаларнинг табассуми кўз олдимга келди. Шунда кондиционер совутаётган вагон оинасининг тангадек жойидан тушаётган қуёш нуридан норозилигим, кўнглимдаги ғашлик тумандек тарқалиб, ўрнида ажиб бир масрурлик, мамнунлик намоён бўлди. Улардан «юқтириб олган» табассум юзимга ёйилди.

Болажонлар билан ўйнаб, жажжи коптокчани оёғимга юмалатиб юбориб, қовоғимдан ҳайиқиб турган қаршимдаги япон хоним ҳам, сал енгил тортиб табассумла бош ирғагандек бўлди.

– Конничива... дедим ҳазиломуз, табассумли сийлов билан хонимга. Шу билан вагондаги барчага бу табассум «юқди».     

Шуҳрат Нормуродов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг