Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Икки ўқитувчи ёки ўн дона тухум

Икки ўқитувчи ёки ўн дона тухум

фото: Интерьериум

Бошланғич синфда ўқирдим. Уйда телефон жиринглади. Югуриб бориб гўшакни олдим: отамнинг яқин ўртоғи Карим амаки экан. У ҳам отамга ўхшаб ўқитувчи. Ҳақиқий ўқитувчи.

Икки дақиқалик суҳбатда бир дунё савол бериб ташлайди:

— Давлат мадҳиямизни ким басталаган?

— Конянинг рақами неччи?

— Усмонийларнинг илк пойтахти қаер?

Табиийки, мен ҳамма саволларига бурро-бурро жавоб бераман.

Бир куни Карим амаки телефонда одатдагидек, мени синовдан ўтказаркан, ғалати савол бериб қолди:

— Зуфар, айт-чи, ўнта тухум нечта ўқитувчига тенг?

Ҳайрон бўлиб:

— Бу қанақа савол бўлди, Карим амаки? Тухумнинг ўқитувчига нима дахли бор?— дедим.

Карим амаки телефонда узоқ-узоқ кулди.

— Ана, — деди у. — Мактабнинг энг ақллиси Зуфар. Мен сен жавобини билмайдиган саволни топдим. Энди телефонни отангга бер. Кейин ундан сўра. Бу саволнинг жавобини у яхши билади.

Отам Карим амаки билан телефонда гаплашиб бўлгач, дарров сўроққа тутдим:

— Ота, Карим амаки «Ўнта тухум нечта ўқитувчига тенг?» деб сўради. Бунинг жавобини сиз биларкансиз...

Отам ҳам кула бошлади.

Кейин мени қаттиқ таъсирлантирган ва бир умр хотирамда қолган ушбу ҳикояни айтиб берди:

Кастамонунинг Тошкўприк туманидан тахминан йигирма километр жанубдаги ўрмон яқинида ёнма-ён жойлашган иккита қишлоқ бор. Босниак ва Армутли.

Турмуш оғир, одамлар зўрға кун кечирган даврлар...

1950 йилнинг қуёшли июль тонгида бу икки қишлоқнинг энг тиришқоқ ўқувчилари Али ва Карим Кастомону Қишлоқ институтига кириш учун имтиҳон топшириш мақсадида туман марказига йўл олишади. Албатта, яёв.

У пайтлар енгил машиналар, ҳатто автобуслар ҳам деярли йўқ.

Алининг қўлида кичкина саватча ва саватчада ўнта тухум бор.

Уйда пул бўлмаганига онаси туманда сотиб, имтиҳонга керак бўладиган қалам ва ўчирғич каби зарур эҳтиёжларни олиш учун бу ўнта тухумнинг бир нечтасини уйдан, қолганини қўшнилардан йиғиб, берган эди.

Каримда шу ҳам йўқ...

Болалар ўша куни йигирма километрлик йўлни пиёда юриб, ниҳоят, туман марказига етиб боришади ва тўғри баққолхонага кириб, қўлларидаги тухумларни сотишади.

Кейин унинг пулига қалам ва ўчирғич сотиб олишади.

(У пайтлар бундай нарсалар ҳозиргидан анча қиммат бўлган экан-да.)

Сўнг ўша қаламни ҳам, ўчирғични ҳам тенг бўлиб, имтиҳонга киришади.

Имтиҳонни кўнгилдагидай топшириб, яхши кайфиятда чиқишади-ю лекин битта муаммо уларни ўйлантириб қўяди: эртага яна имтиҳон бор. Қишлоққа қайтадиган бўлишса, яна шунча йўл босиб келишлари керак. Бориш-келиш, қайтиш жами 60 километр йўл юришга тўғри келади. Шуларни ўйлаб бошлари қотиб, нима қилишларини билмай, йиғлагудан бери бўлиб турган бир пайтда, яқин атрофдаги уйлардан бирида бу икки қишлоқлик болага қизиқсиниб қараб турган кексароқ кишига кўзлари тушади.

Ҳалиги одам болаларни ёнига чақиради. Ҳол сўраб, вазиятдан хабардор бўлгач, уларни уйига таклиф қилади. Бир кечага уйидан жой беради.

Кампири ҳам дарров дастурхон тузаб меҳмонларни овқат, чой-нон билан сийлайди.

Ухлашдан олдин тоза тўшаклар солиб беради...

Эртасига Али ва Карим иккинчи имтиҳонни ҳам муваффақиятли топшириб қишлоқларига қайтишади.

Орадан бир неча ой ўтгач бу икки йигитча Кастамону Қишлоқ институтига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Шундай қилиб, дадамнинг ҳикоясидан 10 та тухум 2 та ўқитувчига тенг бўлишини билиб олганман...

Ҳа, айтганча отам ҳикоясини тугатиб бўлиб, менга шу саволни берган эди:

— Хўш, ўнта тухум иккита ўқитувчига тенг келадиган бошқарув тизимига нима дейилади?

Узоқ ўйлаб, жавобини билмаганимдан елка қисдим.

— Билмасанг, билиб ол, ўғлим, ўнта тухумга иккита ўқитувчи, офицер, муҳандис, шифокор ва ҳатто президент тенг келадиган бошқарув тизимига демократия дейилади.

Буни ёдингдан чиқарма!

Муаззаз Сойлу

Турк тилидан Ситора Алихонзода таржимаси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг