Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рақамли давлат: ягона ёндашув ва замонавий бошқарув сари

Анъанавий йирик технологик тадбир — ICTWEEK UZBEKISTAN 2026 рақамли технологиялар ҳафталигининг учинчи кунида Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази томонидан «Рақамли давлат: ягона ёндашув, замонавий бошқарув ва фуқаролар учун янги имкониятлар» мавзусида форум ўтказилди.

Тадбирда давлат бошқарувида рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, ягона рақамли муҳитни шакллантириш, давлат хизматларини рақамлаштириш ҳамда замонавий технологиялар орқали аҳоли учун янада қулай, шаффоф ва сифатли хизматларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Форум давомида вазирлик ва идоралар, шунингдек, йирик ташкилотларнинг масъул раҳбарлари томонидан давлат бошқарувини рақамли трансформация қилишга қаратилган амалий ечимлар тақдим этилди. Хусусан, электрон ҳукумат платформалари, сунъий интеллект, транспорт, кончилик ва бошқа соҳаларда жорий этилаётган рақамли технологиялар ҳамда инновацион лойиҳалар иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди.

Бугун рақамли трансформация нафақат алоҳида хизматларни электрон шаклга ўтказиш, балки давлат бошқарувида ягона ёндашувни таъминлаш, маълумотлардан самарали фойдаланиш ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, форумда тақдим этилган лойиҳалар давлат хизматларининг сифати ва тезкорлигини ошириш, фуқароларнинг вақт ва ресурсларини тежашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Тадбирнинг яна бир муҳим қисми давлат бошқаруви ва иқтисодиётга рақамли технологияларни жорий этишда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган ташкилотларни тақдирлаш маросими бўлди. Улар 17 та номинация бўйича муносиб эътироф этилди:

1. “Электрон иштирокни ривожлантириш бўйича энг фаол ташкилот” номинацияси — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси;

2. “Рақамли давлат аудити бўйича энг яхши ташкилот” — Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси;

3. “Назорат жараёнларини рақамлаштириш бўйича энг яхши ташкилот” — Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;

4. “Суд-ҳуқуқ тизимини рақамлаштириш бўйича ташаббускор ташкилот” — Ўзбекистон Республикаси Олий суди:

5. Энг кўп проактив рақамли хизматлар кўрсатувчи ташкилот” — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги;

6. “Энг яхши рақамли интеграция ва стратегик ҳамкор ташкилот” — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;

7. “Мудофаа соҳасини рақамлаштиришдаги ислоҳотлари учун” — Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги;

8. “Рақамли давлат хизматларини жорий этиш бўйича илғор ташкилот” — Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;

9. “Энг инновацион давлат хизмати кўрсатувчи ташкилот” — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги;

10. “Энг яхши ақлли транспорт экотизимини яратган ташкилот” — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги;

11. “Самарали рақамли трансформацияни амалга оширган ташкилот” — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирли;

12. “Энг яхши рақамли геомаълумотлар ечимини жорий этган ташкилот” — Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги;

13. “Сунъий интеллект ечимларини жорий этиш бўйича илғор ташкилот” — Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси;

14. “Рақамли ривожланишда энг юқори натижа кўрсатган давлат ташкилоти” — Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси;

15. “Рақамли ривожланишда энг юқори натижа кўрсатган давлат ташкилоти” — “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти;

16. Ақлли ҳудудий бошқарувни жорий этган намунавий ташкилот” — Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги;

17. Энг яхши рақамли суғурта хизматлари ташкилоти” — “Алском суғурта компанияси” акциядорлик жамияти.

ICTWEEK UZBEKISTAN 2026 доирасида рақамли технологияларга қизиқишни ошириш ва аҳолининг фаол иштирокини рағбатлантиришга қаратилган интерактив ташаббуслар ҳам ташкил этилди. Ҳафталик доирасида ўтказилган сўровномада фаол иштирок этганлар орасидан ноутбук соҳиби тасодифий танлов асосида аниқланди.

Шунингдек, my.gov.uz электрон давлат хизматларидан фойдаланиш қанчалик қулай эканини видеоролик орқали ижодий тарзда намойиш этишга қаратилган «Энг ижодкор тарғиботчи» танлови ҳам давом этмоқда. Танловда иштирок этиш имконияти 30 октябрга қадар сақланади.

Умуман олганда, ICTWEEK UZBEKISTAN 2026 доирасидаги мазкур форум рақамли трансформация жараёнида давлат органлари, ташкилотлар ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, илғор технологияларни амалиётга кенг жорий этиш ҳамда фуқаролар учун рақамли имкониятларни янада кенгайтиришга қаратилган муҳим мулоқот майдони бўлди.

Рақамли давлат концепциясининг асосий мақсади эса технологиянинг ўзи эмас, балки унинг орқали инсон учун янада қулай, тезкор, очиқ ва самарали давлат хизматларини яратишдан иборат.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг