Бальзакнинг машҳур мактуби
Оноре де Бальзакнинг «ХIХ аср француз ёзувчиларига мактуби»ни шу чоққача ўн-ўн беш марта ўқиб чиққанман, десам муболаға бўлмайди. Ҳар гал ундан янги-янги маънолар уқаман.
Мактуб нима ҳақида? Бальзак ўз вақтида адабиёт республикаси деб эътироф этилган, фуқароларнинг бошқа мамлакатларда тан олинмаган кўп ҳуқуқларини тан олишга астойдил бел боғлаган француз инқилобидан кейин мамлакатда адабиётга, ёзувчиларга, бадиий тафаккурга эътибор ғоят сусайиб бораётгани, ижодкорлик иши инқилоб боис қабул қилинган «ваҳшиёна қонун асоратига бериб қўйилгани», ёзувчиларнинг асарлари жамоат мулки деб эълон қилингани хусусида бонг уради. «Шундай қилиб, жаноблар − сиз шоирлар, сиз машшоқлар, сиз драматурглар, сиз носирлар, сизларким, яъни мамлакатнинг шон-шарафи учун меҳнат қилмоқдаман деган фикр билан яшовчилар... ҳамма-ҳаммангиз бундан буён ўз-ўзингизга меросхўр бўла олмайсиз. Қонун савдогарнинг молини, заҳматли меҳнат, баъзан ошкора разиллик эвазига топилган пулларни ҳурмат қилади, ерни ҳимоялайди, аммо илҳомий фикри, ижодий тафаккури билан кун кечирадиган шоир меҳнатининг самарасини мусодара қилади».
Бальзакнинг фикрича, шоир-ёзувчилар − мамлакатнинг шон-шарафи, ғурури, демакки, тафаккур бойлиги. Улар ўз асарларида аср руҳини, даврнинг маънавий-ахлоқий манзарасини акс эттирадилар, демакки, мамлакат, миллат тарихини яратадилар. Қўлига қалам тутган ижодкор умр бўйи давом этадиган изланиши ҳисобига «қашшоқлик» қаъридан юксакка парвоз қилади, аммо бундай парвоз ҳамма ижодкорларга ҳам насиб этмайди, кўплари хаёлий орзулар қаноти остида қолиб кетадилар, бундайларга бойлик, шуҳрат ёки бошқа бир ҳомий эмас, уларнинг ирода ва эътиқодлари суянчиқ бўлади. Бальзак ўз касбдошларини бундай ҳолатга бефарқ бўлмасликка ундайди, ижодкорнинг муқаддас мулки талон-тарож қилинаётганидан ташвишда: «Шундай қилиб, жаноблар, бундан кейин бизнинг жамиятимиз қашшоқликда сўниб бораётган мутафаккир, шоир, драматургларнинг хонадонидан уларнинг китоблари, шеърлари, комедиялари, драмаларини бир қўли билан ўғирлаб, иккинчи қўли билан бошқаларга беради. Кимга дейсизми? Буни эшитиб, ҳатто ёввойи одамлар ҳам кулиб юборарди. Айтайинми? Ҳа, айтаман, бу нарса яширин қолиб кетиши мумкин эмас. Билиб қўйинглар, қонун уларни ноширларга ошириб юборади».
Бальзак муаммони жуда кескин қўяди, «Биров хотинингизни тортиб олса, бундан хафа бўлманг, чунки у бу ишни унинг розилиги билан қилган бўлиши мумкин, аммо ўн беш йил ишлаб, азоб чекиб, тунларни тонгларга улаб, муҳтожлик машаққатларини енгиб яратган асарингизни тортиб олишса, бунга асло тоқат қилиб бўлмайди» дейди ва бу муаммо юзасидан ўзининг сўнгги сўзини айтади: «Хулоса ўрнида бир гапни таъкидламоқчимиз: бизнинг юқорида айтганларимиз ғалаёнга чақирувчи хитоб эмас, эҳтиросларни жунбишга келтиришга даъват қилаётганимиз ҳам йўқ: бу − қашшоқлик фарёди, холос. Бу − қонундан ташқарига чиқариб қўйилган, адолат излаб тополмаган одамларнинг ҳайқириғи.
Қўйинг, майли, бу ҳайқириқ акс-садо берсин, ҳамдардлик уйғотсин, сўниб бораётган ватанпарварлик туйғуларига қайтадан жон ато қилсин. Биз овозимизни кўтариб ҳайқирган бўлсак, буни уйғоқлар, изтироб чекаётганлар, тил хазинасини бойитишга имкон қадар ўз улушини қўшишга интилаётганлар учун қиламиз...
Қонун чиқарувчи жаноблар, Италия Англиядан келадиган тилланинг учдан икки қисмини сарфлаб, ўзининг ажойиб даҳоларига эга бўлди. Санъат билан тилни эҳтиёт қилиб асранглар, негаки, моддий манфаатларингизни бартараф қилганингиздан сўнг сизлар бизнинг асарларимизда ҳаёт кечиришда давом этасизлар. Бизнинг асарларимиз эса ҳеч қачон ўлмайди ва ҳатто мамлакатимиз (тарих саҳнасидан) ғойиб бўлиб кетганда ҳам улар «Бу ерда бир вақтлар Франция бўлган эди!» дея оламга жар солиб турадилар».
Бу мактубни яна кўп бор ўқийман ва ундан ҳар гал янги-янги маънолар топаман. Бу гал ҳам шундай бўлди.
Аҳмаджон Мелибоев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter