Эрон яқин вақт ичида «вайронкор жавоб зарбаси»ни ваъда қилди
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётининг эҳтимолий мақсади Эрон ҳукуматига босим ўтказиш ва унинг ҳарбий ҳамда ядровий салоҳиятини издан чиқаришдан иборат.
Маълумотларга кўра, эрталабдан бошлаб Исроил ва АҚШ кучлари Эрон ҳудудига ракета-бомба зарбалари бермоқда. Ҳужумлар Олий раҳбар қароргоҳи, президент саройи, Разведка ва мудофаа вазирликлари бинолари, ядровий объектлар ҳамда Ислом қўриқчилари корпуси ҳарбий базаларига қаратилган.
Исроил расмийлари операция «Яҳудий қалқони» деб номланганини ва у тўрт кун давом этиши режалаштирилганини билдирган.
АҚШ президенти Дональд Трамп эса операция мақсади америкаликларни Эрон ҳукуматидан келаётган «таҳдид»дан ҳимоя қилиш эканини таъкидлади.
The New York Times нашрининг ёзишича, қарор Эрон ядровий дастури бўйича музокаралар самарасиз кечганидан сўнг қабул қилинган. Америка расмийлари бу сафарги ҳужумлар ўтган йил июнь ойидаги ядровий объектларга берилган зарбалардан анча кучлироқ бўлишини билдирган.
Эрон фуқаролари ижтимоий тармоқларда ибодат вақтларини кўрсатувчи «Бад Сабаҳ» иловаси бузилгани ҳақида ёзмоқда. Уларнинг таъкидлашича, иловада намоз вақтлари ўрнига Эрон ҳукуматини ағдаришга чақирувчи хабар пайдо бўлган.
Эрон расмийлари яқин вақт ичида «вайронкор жавоб зарбаси» берилишини маълум қилди. Мамлакат раҳбарияти ҳар қандай ташқи босимга қатъий жавоб қайтарилишини таъкидламоқда.
Айни пайтда минтақадаги вазият ўта таранг бўлиб қолмоқда. Халқаро ҳамжамият томонларни зиддиятни янада кучайтирмаслик ва дипломатик йщл излашга чақирмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter