Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мактаб партасида ўтиришни орзу қилаётган болалар

Мактаб партасида ўтиришни орзу қилаётган болалар

Ғазода вайрон этилган мактаб биноси.

Фото: БМТ

Ўзаро сулҳга қарамай, Ғазо секторида уч йилдан буён давом этаётган уруш мобайнида 20 мингдан зиёд ўқувчи ҳалок бўлди, юзлаб мактаб вайрон қилинди. Ҳолбуки, халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ ҳатто уруш даврида ҳам болалар ҳамда таълим муассасалари дахлсиз саналади.

ЮНИСЕФ таҳлилларига қараганда, Исроил армияси ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён ҳудуддаги 98 фоиз мактаб зиён кўрди. Улардан 93 фоизи тўлиқ таъмирга муҳтож.

Фаластин ҳукумати жорий йил апрел ойида эълон қилган маълумотда Ғазодаги 165 та таълим муассасаси йўқ қилингани, яна 392 таси шикастлангани айтилади.

Save the Children халқаро ташкилоти Ғазодаги 86 фоиз болалар боғчалари вайрон этилгани ҳақида бонг урган.

Уч йил мобайнида 4 ёшдан 17 ёшгача бўлган 700 мингга яқин болалар ва ўсмирлар рисоладагидек таълим олиш имконидан маҳрум қолмоқда. 

Жорий йил 19 сентябр куни Ғазо секторида ўқув йили бошлагани эълон қилинди. Аммо юз минглаб болалар шунчаки очиқ майдонларда амал-тақал сабоқ олмоқда. Яна 200 минг бола очиқ майдонда ўқиш имконига ҳам эга эмас. 

Қирғинбарот давомида 20 мингдан зиёд ўқувчи ҳалок бўлди. Муқояса сифатида айтиш мумкинки, 20 минг бегуноҳ ўқувчидан ҳар куни бир нафари дафн этилса, 55 йил керак бўлар эди. 

Уруш олий таълимни ҳам буткул издан чиқарди. Фаластин таълим вазирлигига кўра, уч йил ичида 1 379 нафар талаба ҳалок бўлди, 3 017 нафари жароҳатланди.  Ушбу муддат давомида 830 нафар ўқитувчи ва 194 нафар профессор ўлдирилди. 

Фаластин ҳукумати Исроил армияси томонидан таълим муассасаларига етказилган моддий зарарни 4 миллиард доллар деб баҳолаган. Бу рақам таълим инқирози туфайли келгусида юзага чиқадиган моддий йўқотишларни қамрамайди.

ЮНИСЕФ таълимдаги узилишлар истиқболда Ғазо секторининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига тушов бўлиши, ҳудуд ривожланишдан бир неча ўн йилларга ортга отилишидан огоҳлантирмоқда. 

Маълумот ўрнида: БМТ комиссияси 2025 йил сентябр ойида Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб тан олди.

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам ана шундай хулосага келган.

17 йил қисман блокада шароитида яшаган Ғазо сектори 2023 йил октябр ойидан буён тўлиқ қамал остида. Ҳудудга сув, озиқ-овқат, ёнилғи кириши чекланган.

2,3 миллион аҳоли ҳаётига Исроил бомбаларидан ташқари очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солиб турибди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг