Меҳр-шафқат ва ўзгарган тақдирлар
1860 йилларнинг туманли тунларидан бирида кўчада юрган болакай худди арвоҳга ўхшарди: қовурғалари саналиб турар, кўзлари эса ҳаётдан умидини узгандек бўм-бўш. У совуқ тошлар устида тунни ўтказар, бу дунёда унинг бошқа бошпанаси йўқ эди.
Ўша пайтда ҳали Ирландиядан келган тиббиёт талабаси бўлган Томас Барнардо касаллик, очлик ва ўлим нималигини жуда яхши биларди. Аммо бу тор ва зим-зиё кўчада кўрган манзара уни бутунлай эсанкиратиб қўйди. Очликдан ҳолдан тойган, тақдир ҳукмига ташлаб қўйилган бу болакай унга минглаб маърузаларда эшитганларидан ҳам кучлироқ сабоқ берди. Ўша ягона учрашув унинг қалбига шундай дард солдики, уни ҳеч бир шифокор даволай олмасди.
Шундан сўнг у ҳаракатга киришди. Аввалига бир болага қўл узатди, кейин яна бирига, сўнгра ўнлаб, юзлаб болаларга... Барнардо кичик бир бошпана очди. У ерда ҳатто чироқларни ёқишга ҳам зўрға пули етарди. Аммо остонасидан болалар келар экан, у бирортасини ҳам ортига қайтармади.
Йиртиқ кийимлар, титилиб кетган пойабзаллар... Баъзилари ҳатто ўз фамилиясини ҳам билмасди. Аммо Барнардо учун буларнинг ҳеч бири аҳамиятга эга эмасди. У болаларни овқатлантирди, таълим берди, бошпана билан таъминлади. Энг муҳими, ҳаёт шафқатсизлик билан тортиб олган болаликни уларга қайтаришга уринди.
Бир бошпана болаларга тўлиб кетгач, яна бирини қурди. Кейин яна бошқасини... Унинг бутун Лондон бўйлаб қад ростлаган меҳр-шафқат масканлари ҳаёт бўронида сарсон қолган болалар учун қутқарув қайиқларига айланди. Унинг оддий мактаблари эса унутилган болалар қўлига очлик ва қашшоқликка қарши энг кучли қурол – таълимни тутқазди.
1905 йилда Томас Барнардо ҳаётдан кўз юмди. Аммо у ортида оддий хайрия ишларидан анча юксак мерос қолдирди: бир инсоннинг меҳр-шафқати минглаб тақдирларни ўзгартириши, ҳатто бутун бир эзгулик оламини барпо этиши мумкинлигини амалда исботлади.
Баъзан бир болага узатилган қўл минглаб болаларнинг ҳаётини ўзгартиради. Барнардо биргина боланинг ёнидан бепарво ўтиб кетмагани учун минглаб болалар вояга етди, ҳаётда ўз ўрнини топди, оила қурди ва келажакка ишонч билан қадам қўйди.
Зеро, баъзан бир инсоннинг меҳри бошқа бир инсон учун бутун бошли янги ҳаётнинг бошланиши бўлади.
Ва бу ҳикоя ҳар биримизни унинг бутун ҳаётига мазмун бағишлаган ўша савол қаршисида қолдиради: Агар сиз қоронғи кўчада совуқдан қалтираб, очликдан ҳолдан тойган, ёрдамга муҳтож бир болани кўриб қолсангиз, унинг ёнидан шунчаки ўтиб кетармидингиз? Ёки қўл узатиб, унинг бутун ҳаётини ўзгартириши мумкин бўлган инсонга айланармидингиз?
У.Йўлдошев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter