Қозоғистонда 25 сентябрь мотам куни дея эълон қилинди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Каспий денгизида ҳарбийларнинг ҳалок бўлгани сабаб 25 сентябрни миллий мотам куни деб эълон қилди. Бу ҳақда Қозоғистон раҳбарининг матбуот хизмати маълум қилди.
Фожиа сабабли Оқтов шаҳри маъмурияти 25–27 сентябрь кунлари Амфитеатр майдонида ўтказилиши режалаштирилган байрам тадбирларини бекор қилди. Улар орасида «Каспий денгизи – Дўстлик денгизи» халқаро фестивалининг тантанали очилиши, фестивал-танловнинг ёпилиш маросими ҳамда Оқтов шаҳри кунига бағишланган гала-концерт ҳам бор эди.
Эслатиб ўтамиз, 24 сентябрь куни Қозоғистоннинг Манғистов вилоятида ўтказилган денгиз машқлари пайтида об-ҳавонинг кескин ёмонлашиши ва шамолнинг кучайиши оқибатида ҳарбий хизматчилар бахтсиз ҳодисага дучор бўлишган, дея хабар берди мамлакат Мудофаа вазирлиги.
Дастлабки хабарларда тўққиз нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани ва уч нафари қутқарилгани айтилган эди. Кўп ўтмай Манғистов вилояти ҳокимлиги жами 17 киши сувга тушиб кетганини, улардан 12 нафари ҳалок бўлганини маълум қилди. Яна икки нафар ҳарбий хизматчини қидириш ишлари давом этмоқда.
Ҳарбийларнинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter