Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«У худди саратон каби хатарли…» – Президент Эрдўғон инсоният келажагига таҳдид солаётган иллат ҳақида

«У худди саратон каби хатарли…» – Президент Эрдўғон инсоният келажагига таҳдид солаётган иллат ҳақида

Фото:«AA»

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон дунёда ислом динига нисбатан асоссиз айбловлар ҳамда бўҳтонлар атайин тарқатилаётганини хавотирли ҳолат деб баҳолади. Бу ҳақда Анқара шаҳрида ўтказилаётган исломофобия ҳамда ОАВ фаолиятига бағишланган халқаро анжумандаги маърузасида сўзлади.

Туркия етакчисига кўра, ислом динига нисбатан душманларча муносабат Босния ва Герцеговинадан тортиб Мьянмага қадар – сайёрамизнинг турли ҳудудларида рўй берган фожиаларга доялик қилди.

«11 сентябрь воқеаларидан кейин АҚШ ҳукумати «мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш» стратегиясини амалга оширишга киришди. Бу эса ўзи шундоқ ҳам исломга қарши нафрат уруғи сочилган кўплаб жамиятларда аксилислом кайфияти кучайишига олиб келди», – деди президент Эрдўғон.

Қайд этилишича, айрим Ғарб етакчилари ҳали ҳам исломга қарши нафратни кучайтириш борасида ўзаро мусобақалашмоқдалар. Яқинга қадар пана-пастқамда бўлган аксилисломий руҳдаги радикал оқимлар бугун сиёсат саҳнасида бемалол жавлон урмоқда. Бу эса ўта хатарли оқибатларга олиб келиши мумкин. 

Исломофобия Ғарбда худди саратон каби тарқалиб бораётганини қайд этган Эрдўғон муқаддас ислом динини обрўсизлантиришга уринаётган арбоблар аслида ўз миллати келажагига болта ураётганини таъкидлади.  

Туркия етакчиси бутун дунёдаги соғлом фикрли сиёсатчилар, зиёлилар, ОАВ ходимлари ҳамда диний уламоларни исломофобия номли хасталикка қарши курашда бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишга ундади. Чунки бутун инсониятнинг тинч-осуда ҳаёт кечириши ана шуни тақозо этади.

Кейинги йилларда дунё миқёсида исломга қарши душманлик кайфияти кучаймоқда, муқаддас динни ёмонотлиққа қилишга уринишлар авж олмоқда. Мусулмон оламида етакчи давлатлардан бири саналган Туркия раҳбарияти исломофобияга қарши муросасиз курашиб келмоқда. Хусусан, 2019 йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясида 74-сессиясида нутқ сўзлаган президент Эрдўғон Янги Зеландиядаги масжидга ҳужум уюштирилган 15 март санасини Исломофобияга қарши халқаро бирдамлик куни деб эълон қилишни таклиф этган эди.

Туркия раҳбари ўтган йили Франция раҳбари Эммануэль Макроннинг ислом дини хусусидаги мунозарали баёнотига ҳам кескин танқидий муносабат билдирган, «ислом инқироз ҳолатида» деган иддаони ҳурмат чегараларини бузиш, очиқ провакация деб баҳолаган эди.

Аввалроқ Туркия президенти Эрдўғон, Малайзия бош вазири Маҳатҳир Муҳаммад ҳамда Покистон ҳукумати раҳбари Имрон Хон БМТ Бош ассамблеясининг 74-сессияси доирасида учрашиб, исломофобияга қарши кураш мақсадида ҳамкорликда телеканал таъсис этиш режасини эълон қилган эди.

Анқара шаҳрида ўтказилган исломофобия ҳамда ОАВ фаолиятига бағишланган халқаро анжуманда нутқ сўзлаган «Anadolu» ахборот агентлиги бош директори Сердар Карагўз ҳам исломофобияга қарши махсус дастурлар яратилиши ҳақида маълум қилган. 

Кузатувчилар 2001 йил 11 сентябрь воқеалари ортидан АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция мусулмон давлатларида ҳарбий операциялар олиб боргач исломофобия кучайганини таъкидлайдилар. Европадаги ирқчилик ҳолатларини мониторинг қилиш маркази тадқиқотларига кўра, кўҳна қитъада масжид ва исломий марказларга ҳужум, мусулмонларни, хусусан, ҳижобли аёлларни таҳқирлаш, ишга қабул қилиш ва таълим тизимида дискриминация каби ҳолатлар кўпаймоқда.

Дунёнинг турли чеккаларида рўй бераётган воқеалар исломофобияга қарши зўрлик билан курашиш наинки бефойда, балки зарарли ҳам эканини кўрсатмоқда. Шу боис жаҳолатнинг ушбу кўринишига қарши маърифат билан – ахборот майдонида соғлом фикрлар билан курашиш талаб этилмоқда.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг