Вашингтон Эрон жанубига зарба берилганини тасдиқлади, Теҳрон жавоб билан таҳдид қилди
АҚШ Марказий қўмондонлиги — CENTCOM Эрон жанубидаги нишонларга зарба берилганини тасдиқлади. Tasnim агентлиги келтирган маълумотга кўра, АҚШ кучлари Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига тегишли объектларга зарба берган.
Шундан сўнг Эрон жанубининг бир қатор ҳудудларида портлашлар овози эшитилган. Tasnim маҳаллий манбаларга таяниб, Конаракда олтита портлаш, Кешм оролининг жанубий соҳилида эса саккизта портлаш овози қайд этилганини хабар қилди.
Шунингдек, Бандар-Аббос ва Сирикда ҳам портлашлар овози эшитилган. Айрим норасмий хабарларда Кешм аэропорти атрофида ҳам портлаш бўлгани айтилмоқда. Ҳозирча зарбаларнинг аниқ нишонлари, етказилган зарар ва эҳтимолий қурбонлар ҳақида тўлиқ расмий маълумот йўқ.
Вазият ортидан Эроннинг юқори мартабали ҳарбий манбаси Tasnim агентлигига мамлакат АҚШ ҳужумларига «бир неча баробар кучли» жавоб беришини билдирган.
Манбанинг айтишича, минтақадаги АҚШ ҳарбий базалари ва манфаатлари Эроннинг жавоб зарбалари нишонига айланиши мумкин. Бу баёнот номи очиқланмаган ҳарбий манбага тегишли бўлиб, ҳозирча Эрон расмий ҳарбий раҳбариятининг алоҳида баёноти сифатида эълон қилинмаган.
Айни пайтда АҚШнинг Исроил, Иордания, Қатар, Баҳрайн ва Уммондаги дипломатик ваколатхоналари ўз фуқаролари учун хавфсизлик бўйича огоҳлантиришлар эълон қилгани хабар қилинмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter