Устоз тайёрлаш масъулиятининг кўлами ва шарафи нимада?
Боланинг билимга муносабати кўпинча устозининг биргина саволи, тушунтириши ёки унга билдирган ишончидан бошланади. Ўқувчидаги қобилиятни пайқаш, фикрини эшитиш, хатосини тушунтириш ва яна уриниб кўришга ундаш ўқитувчидан чуқур билим билан бирга педагогик маҳоратни талаб қилади.
Биз педагогика университетида таълим берар эканмиз, ҳар бир талабамиз тимсолида келажакда юзлаб болалар ҳаётига таъсир кўрсатадиган устозни кўришимиз керак. Шу маънода, устоз тайёрлаш асносида мамлакатнинг келгуси тараққиёти учун масъулиятни ўз зиммамизга оламиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида таълимга қаратилаётган эътибор замирида инсоннинг ўз қобилиятини рўёбга чиқариши, билим ва меҳнати билан муносиб ҳаёт кечириши учун шароит яратиш мақсади мужассам.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 1 сентябрь куни мактаб ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган табригида таълим-тарбияни ривожлантиришга бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратилиши таъкидланди. Ёшларнинг пухта билим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, она тили ва миллий маданиятини чуқур билиши, шу билан бирга, жаҳон илми ютуқларини ўзлаштириши олдимиздаги вазифалар мазмунини белгилайди. Бу талаблар, аввало, шундай авлодни тарбиялай оладиган ўқитувчини тайёрлашга дахлдордир.
Муаллимга эҳтиромнинг мустаҳкам асоси
Халқимиз ҳаётида устозга ҳурмат алоҳида ўрин тутади. Бугун бу ҳурмат давлатнинг ҳуқуқий кафолатлари билан ҳам мустаҳкамланмоқда. Конституциямизнинг 52-моддасида ўқитувчи меҳнатининг жамият тараққиёти ва авлод тарбиясидаги ўрни эътироф этилиб, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, фаровонлиги ҳамда касбий ўсиши ҳақида ғамхўрлик қилиш давлат зиммасидаги вазифа сифатида белгиланган.
2024 йил 1 февралда қабул қилинган “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун ҳам педагог фаолияти учун муҳим кафолатларни белгилади. Унда педагогнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашишга, уни касбига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этишга, вазифасига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни юклашга қарши кафолатлар назарда тутилган. Бунинг моҳияти оддий: ўқитувчининг вақти ва салоҳияти дарсга, ўқувчи билан ишлашга ва ўз устида изланишга сарфланиши керак. Бироқ ҳуқуқ ва кафолат билан бирга педагогнинг масъулияти ҳам бор. Бола шаънини ҳурмат қилиш, баҳолашда адолатли бўлиш, ўқувчини камситмаслик, ота-она билан вазмин мулоқот олиб бориш устозлик касбининг ажралмас мезонларидир.
Бўлажак ўқитувчи буни талабалик давридан англаши зарур. Университетдаги адолатли баҳолаш, профессор-ўқитувчининг талабага ҳурмати ва илмий ҳалоллиги ёш мутахассис учун касбий намуна бўлади. Талаба келгусида мактабга ўзи кўрган муомала ва ўқитиш маданиятини ҳам олиб боради.
Педагогик таълим олдидаги янги масъулият
Президентимизнинг 2025 йил 28 апрелдаги “Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони педагогик таълимни янгилашнинг муҳим йўналишларини белгилади. Фармонга мувофиқ, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети негизида Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил этилиб, унга педагог кадрлар тайёрлаш бўйича етакчи олий таълим ташкилоти вазифаси юклатилди.
Ҳужжатда таълим дастурларини халқаро тажриба асосида такомиллаштириш, дуал таълим имкониятларидан кенг фойдаланиш, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. 2026/2027 ўқув йилидан педагогика соҳасида таҳсил олаётган талабалар билимини ташқи диагностика қилиш тизимини жорий этиш ҳам белгиланган.
Бу талаблар университет учун бир саволни ўртага қўяди: биз тайёрлаётган битирувчи мактабга борганда нимани мустақил бажара олади?
Педагог тайёрлашда ўқув дастурининг ҳар бир қисми бўлажак касб билан боғланиши муҳим. Ёш психологиясини ўрганган талаба ўқувчининг тортинчоқлиги ёки эътиборсизлиги ортидаги сабабларни таҳлил қила олиши, баҳолаш назариясини билган талаба эса боланинг хатосини аниқлаб, уни тузатишга ёрдам берадиган топшириқ туза олиши керак. Билим амалий ҳаракатга айланганда касбий тайёргарликнинг сифати кўринади.
Мактаб эҳтиёжи билан боғланган тайёргарлик
Мактаб ўқитувчидан ўз фанини билиш билан бирга, шу билимни турли қобилият ва тайёргарликка эга болаларга тушунтира олишни кутади. Шу сабабли талабанинг мактаб амалиёти аниқ касбий вазифалар асосида ташкил этилиши керак: тажрибали устоз дарсини кузатиш, дарснинг муайян қисмини тайёрлаш, кейин мустақил машғулот ўтказиш.
Ҳар бир босқичдан кейин талаба ўз фаолиятини таҳлил қилиши муҳим. Қайси савол болани ўйлантирди, қайси изоҳ тушунарсиз бўлди, қайси усул самара берди — ана шу саволлар орқали амалиёт ҳақиқий касбий тайёргарликка айланади.
Бунда университет ўқитувчиси ва мактабдаги мураббий бир хил касбий мезонларга таяниши зарур. Талаба дарс мақсадини белгилай олдими, вақтни тўғри тақсимладими, барча ўқувчиларни жалб қилдими, ўзлаштиришни текширдими, унинг касбий ўсиши шу каби аниқ мезонлар орқали баҳоланиши керак.
Янги авлод устозининг касбий қиёфаси
Янги авлод мутахассиси ўз фанини чуқур эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, болани тушунадиган ва ўрганишни давом эттирадиган педагог бўлиши керак. У ўқувчига тайёр жавобни етказиш билан чекланмай, саволнинг моҳиятини англашга, далил излашга ва ўз хулосасини тушунтиришга ёрдам бериши лозим.
Бунинг учун фан бўйича пухта тайёргарлик билан бирга уни ўқитиш методикасини ҳам чуқур эгаллаш зарур. Ўқитувчининг нутқи ҳам касбий маҳоратининг бир қисми. Мураккаб тушунчани содда ифодалаш, саволни аниқ қўйиш, боланинг жавобини сабр билан эшитиш амалий машқ орқали ривожланади.
Бугунги педагог учун рақамли саводхонлик ҳам зарур. Сунъий интеллект воситалари топшириқ вариантларини тузиш ёки қўшимча материал излашда ёрдам бериши мумкин. Аммо маълумотнинг тўғрилигини текшириш, боланинг шахсий маълумотларини асраш ва муаллифликка ҳурмат билан муносабатда бўлиш масъулияти педагог зиммасида қолади. Технология ўқитувчининг фикрлаши ва масъулиятини кучайтиришга хизмат қилиши керак.
Ҳар бир боланинг имкониятини кўра олиш
Таълим сифати ҳақида гапирганда ҳар бир боланинг имконияти ва эҳтиёжини эътиборга олиш зарур. Синфдаги ўқувчиларнинг ривожланиш суръати ва ҳаётий шароити турлича бўлиши мумкин. Педагог бу фарқларни сезиши, зарур ҳолларда психолог ва бошқа мутахассислар билан ҳамкорлик қилиши керак.
Шу боис педагогик таълимда инклюзив ёндашувни амалий вазиятлар орқали ўргатиш муҳим. Топшириқни боланинг эҳтиёжига мослаштириш, кўрсатмани тушунарли шаклда бериш ва индивидуал ўсишни кузатиш бўлажак ўқитувчининг амалий кўникмасига айланиши лозим.
Фарзанд тарбиясида мактаб ва оиланинг ҳамжиҳатлиги ҳам муҳим. Ота-она билан суҳбат фақат боланинг камчилигини санашдан иборат бўлмаслиги, унинг ютуғини ҳам кўрсатиш ва биргаликда бажариладиган вазифаларни белгилашга қаратилган бўлиши керак.
Илмий изланишнинг манзили мактаб бўлиши керак
Педагогика университетидаги илмий фаолият таълим амалиётига янги ечимлар бериши билан қадрли. Қайси усул ўқувчининг матнни тушунишига ёрдам беради? Нима сабабдан айрим мавзуларни ўзлаштириш қийин? Ёш ўқитувчи фаолиятининг дастлабки йилида қандай кўмакка муҳтож?
Бундай саволлар илмий изланиш учун аниқ йўналиш беради. Тадқиқотда таклиф этилган методика мактабда синовдан ўтказилиб, унинг самараси ва чекловлари ўрганилиши керак. Илмий ишнинг натижаси ўқитувчи дарсда қўллай оладиган аниқ тавсия, топшириқ ёки баҳолаш воситасига айланса, унинг амалий қиймати ортади.
Халқаро тажрибадан фойдаланишда ҳам шу мезон муҳим: хорижий усулни шунчаки кўчириш эмас, уни тилимиз, ўқув дастуримиз ва мактаб шароитига мослаштириш зарур.
Олий таълимдаги янгиланиш профессор-ўқитувчининг узлуксиз ўрганишини ҳам тақозо этади. Мактаб дастурлари ва ўқувчиларнинг эҳтиёжидан хабардор бўлиш, ўз фанидаги янгиликларни кузатиш, ўқитиш усулларини синаб кўриш кундалик касбий фаолиятга айланиши зарур. Талабага изланишни ўргатадиган устознинг ўзи ҳам тадқиқотчи ва ўрганувчи бўлиши керак.
Ишончни сифатли таълим билан оқлаш
Педагог тайёрлаш сифати учун масъулият университетнинг барча бўғинларига тааллуқли. Раҳбарият зарур шароитни яратиши, кафедралар ўқув мазмунини янгилаши, профессор-ўқитувчилар эса талабанинг касбий ўсишини кузатиб бориши керак.
Биз учун энг муҳим савол шу: битирувчимиз мактабга борганида болалар таълимига қандай ҳисса қўша олади? У ўқувчини эшита олса, билимини тўғри баҳоласа, дарсини пухта ташкил этса ва қийинчиликка дуч келганда ечим излай олса, университетдаги меҳнат ўз самарасини кўрсатади.
Муаллим обрў-эътиборини тиклаш ва мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсати бизга катта ишонч билдирмоқда. Ушбу ишончни муносиб оқлаш билимли, тарбияли, касбига садоқатли устозларни тайёрлашни талаб этади.
Бугун университет аудиториясида ўтирган талаба эртага бир боланинг ҳаётидаги энг муҳим устозга айланиши мумкин. У берган билим, билдирган ишонч ва кўрсатган намуна ўша боланинг келажагида давом этади.
Устоз тайёрлаш масъулиятининг кўлами ҳам, шарафи ҳам шунда.
Ҳилола Умарова,
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари – Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter