Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хусусийлаштириш ва рақобат муҳити: Янги Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг устувор йўналиши

Хусусийлаштириш ва рақобат муҳити: Янги Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг устувор йўналиши

Жорий йилда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланади. Мустақиллик йиллари миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, иқтисодий эркинликни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар даври бўлди.

Ўтган вақт мобайнида мамлакат марказлашган бошқарув тизимидан хусусий мулк, тадбиркорлик ва рақобат тамойилларига асосланган бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтди. Мулкчилик муносабатларини ислоҳ қилиш, давлат активларини хусусий секторга ўтказиш ҳамда тадбиркорлик учун қулай муҳит яратиш мазкур жараённинг муҳим йўналишларидан бирига айланди.

Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар хусусийлаштириш жараёнларига янги мазмун ва суръат берди. Давлатнинг иқтисодиётдаги бевосита иштирокини қисқартириш, хусусий сектор учун кенг имкониятлар яратиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва соғлом рақобатни таъминлаш иқтисодий сиёсатнинг устувор вазифалари сифатида белгиланди.

Мустақилликдан бозор иқтисодиёти сари

Ўзбекистонда давлат мулкини хусусийлаштиришнинг ҳуқуқий асослари мустақилликнинг дастлабки давридаёқ яратилди. 1991 йил 19 ноябрда «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши кўп укладли иқтисодиётни шакллантириш, хусусий мулкдорлар қатламини вужудга келтириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга ҳуқуқий замин яратди. 2024 йилда эса соҳадаги муносабатларни замонавий талаблар асосида тартибга солувчи «Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида»ги янги қонун қабул қилинди.

Дастлаб савдо, умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш ва кичик ишлаб чиқариш объектлари давлат тасарруфидан чиқарилди. Кейинчалик акциядорлик жамиятларини ташкил этиш, давлат корхоналаридаги акция ва улушларни сотиш ҳамда кўчмас мулк объектларини хусусий секторга ўтказиш жараёни кенгайди.

Натижада мамлакатда мулкдорлар ва тадбиркорлар қатлами шаклланди. Нодавлат секторнинг иқтисодиётдаги ўрни ошиб, хусусий корхоналар саноат, қурилиш, транспорт, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва ахборот технологиялари соҳаларида фаол иштирок эта бошлади.

Бироқ айрим тармоқларда давлат иштирокининг юқори даражада сақланиб қолиши хусусий сектор имкониятларини чеклаб, бозорга киришда тенг бўлмаган шароитларни юзага келтирар эди. Шу сабабли кейинги ислоҳотлар фақат активларни сотиш билан чекланмай, иқтисодий бошқарув тизимини бозор тамойиллари асосида янгилашга қаратилди.

Шавкат Мирзиёев иқтисодий сиёсатининг муҳим йўналиши

2017 йилдан бошланган иқтисодий ислоҳотларнинг асосий мазмуни давлат бошқарадиган иқтисодиётдан хусусий ташаббус ва бозор механизмларига таянадиган тизимга ўтишдан иборат бўлди.

Валюта бозорининг эркинлаштирилиши, солиқ ва божхона тизимидаги ўзгаришлар, тадбиркорлик фаолиятидаги маъмурий тўсиқларнинг қисқартирилиши, давлат хизматларининг рақамлаштирилиши ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича чоралар хусусий сектор ривожига янги имкониятлар очди.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлатнинг иқтисодиётдаги вазифаси ҳам босқичма-босқич ўзгармоқда. Давлатнинг бевосита товар ва хизмат ишлаб чиқарувчи сифатидаги иштироки қисқариб, унинг бозор қоидаларини белгилайдиган, қонун устуворлигини таъминлайдиган ва рақобатни ҳимоя қиладиган институт сифатидаги роли кучайтирилмоқда.

Жаҳон банки таҳлилларида 2020 йил ҳолатига Ўзбекистонда марказий даражада бошқариладиган 2 мингдан ортиқ давлат корхонаси мавжуд бўлгани, улар даромадларининг умумий ҳажми ялпи ички маҳсулотнинг 32 фоизига тенг келгани қайд этилган. Ушбу корхоналарнинг катта қисми хусусий компаниялар ҳам самарали ишлаши мумкин бўлган соҳаларда фаолият кўрсатган.

Шу жиҳатдан, давлат корхоналарини қисқартириш фақат мулк шаклини ўзгартириш эмас. Бу ресурслар тақсимотини такомиллаштириш, хусусий ташаббус учун янги бозорларни очиш, давлат маблағларидан самарали фойдаланиш ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантиришга қаратилган тизимли сиёсатдир.

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида ҳам иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, давлат иштирокидаги корхоналар акцияларини маҳаллий ва халқаро фонд бозорларида таклиф этиш ҳамда хусусий секторни иқтисодий ўсишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш бўйича вазифалар белгиланган.

Янги қонунчиликда хусусийлаштиришнинг қонунийлик, очиқлик, шаффофлик, ҳисобдорлик, тенг рақобат муҳитини таъминлаш ва коррупцияга йўл қўймаслик каби асосий принциплари мустаҳкамланди. Бу эса давлат активларини сотишда барча иштирокчилар учун тенг шарт-шароит яратишга хизмат қилади.

Хусусийлаштиришнинг миллий иқтисодиётга ижобий таъсири

Хусусийлаштириш, аввало, иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланиш имконини оширади. Хусусий мулкдор ўз маблағи, даромади ва молиявий натижаси учун бевосита жавобгар бўлгани сабабли харажатларни қисқартириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва бозор талабига тез мослашишдан манфаатдор бўлади.

Рақобат шароитида фаолият юритадиган хусусий корхона маҳсулот сифатини ошириш, замонавий бошқарувни жорий этиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлашга интилади. Самарали ишламаган корхона эса бозордаги ўрнини йўқотиши мумкин. Шу боис хусусийлаштириш бошқарув масъулияти ва молиявий интизомни кучайтиради.

Унинг яна бир муҳим натижаси — инвестициялар оқимининг кўпайишидир. Янги мулкдор корхона қийматини ошириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва бозордаги мавқеини мустаҳкамлаш учун қўшимча маблағ киритишга ҳаракат қилади. Бу ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, янги технологияларни жорий этиш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев хусусийлаштириш жараёнида иш ўринларини сақлаб қолиш, янги мулкдорлар томонидан замонавий технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш бўйича талабларни кучайтириш зарурлигини таъкидлаб келмоқда. Шунингдек, ҳар бир соҳа бўйича хусусийлаштиришнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари ва рақобат муҳитига таъсирини олдиндан баҳолаш вазифаси қўйилган.

Хусусийлаштириш давлат бюджети учун ҳам ижобий самара беради. Активларни сотишдан бюджетга қўшимча маблағ тушади, зарар билан ишлаётган корхоналарни давлат ҳисобидан қўллаб-қувватлаш зарурати камаяди. Натижада бўшаган маблағларни таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва инфратузилма соҳаларига йўналтириш имконияти кенгаяди.

Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда қарийб 30 триллион сўмлик давлат активлари хусусийлаштирилиб, бюджетга 10 триллион сўмдан ортиқ маблағ тушган. Сўнгги беш йилда хусусийлаштириш натижасида давлат иштирокидаги корхоналар сони 60 фоизга камайган.

Фойдаланилмаётган объектларни иқтисодий айланмага киритиш ҳам хусусийлаштиришнинг муҳим натижаларидан биридир. Бўш турган бинолар, иншоотлар ва майдонларнинг тадбиркорларга берилиши улар негизида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этишга замин яратади. Бу янги иш ўринлари пайдо бўлиши, ҳудудларда иқтисодий фаоллик ошиши ва солиқ базаси кенгайишига олиб келади.

Давлат корхоналари акцияларининг фонд бозорига чиқарилиши эса аҳоли ва институционал инвесторларнинг иқтисодиётдаги иштирокини кенгайтиради. Корхоналарнинг очиқлиги, молиявий ҳисобдорлиги ва корпоратив бошқарув сифати ошади.

Умуман, хусусийлаштириш ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, инвестицияларни кўпайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш, янги иш ўринлари яратиш, бюджет харажатларини мақбуллаштириш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш орқали миллий иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади.

Рақобат муҳити — ислоҳотлар самарадорлигининг асосий шарти

Хусусийлаштиришдан кутилган натижага эришиш учун мулкдорнинг алмашиши етарли эмас. Хусусийлаштирилган корхона бозордаги монопол ёки имтиёзли мавқеини сақлаб қолса, давлат монополияси хусусий монополияга айланиши мумкин. Бундай вазиятда истеъмолчилар маҳсулот танлови, нарх ва хизмат сифатида кутилган ўзгаришларни ҳис қилмайди.

Шу сабабли Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий сиёсатида хусусийлаштириш ва рақобат муҳитини ривожлантириш ўзаро боғлиқ жараёнлар сифатида қаралмоқда.

Рақобат корхоналарни маҳсулот сифатини ошириш, нархларни мақбуллаштириш, харажатларни камайтириш ва инновацияларни жорий этишга ундайди. Бозорда бир нечта мустақил иштирокчининг мавжудлиги истеъмолчига танлаш имкониятини беради. Корхоналар эса харидор ишончини қозониш учун самарали ишлашга мажбур бўлади.

Хусусий секторнинг кенгайиши кичик ва ўрта бизнес учун ҳам янги имкониятлар яратади. Йирик корхоналар атрофида хомашё, бутловчи қисмлар, логистика, таъмирлаш ва ахборот технологиялари хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари шаклланади.

Бу жараён иқтисодиётнинг тармоқ ва ҳудудлар бўйича диверсификация қилинишига хизмат қилади. Мамлакат иқтисодиётининг чекланган сондаги йирик давлат корхоналарига боғлиқлиги камайиб, турли мулк шаклидаги кўплаб бозор иштирокчиларидан иборат барқарор муҳит вужудга келади.

Асосий мақсад — самарали мулкдор ва барқарор тараққиёт

Хусусийлаштиришнинг пировард мақсади давлат активларини шунчаки сотиш ёки бюджетга бир марталик тушум олишдан иборат эмас. Унинг асосий натижаси самарали мулкдорни шакллантириш, инвестицияларни кўпайтириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва аҳоли фаровонлигини оширишда намоён бўлиши лозим.

Хусусийлаштирилаётган ҳар бир объектнинг тармоқдаги ўрни, иқтисодий аҳамияти, аҳоли бандлиги ва рақобат муҳитига таъсири чуқур таҳлил қилиниши зарур. Йирик корхоналарни хусусийлаштиришда улар фаолиятининг узлуксизлиги, инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши ва меҳнат жамоаси манфаатларининг таъминланиши алоҳида аҳамиятга эга.

Активларни мустақил баҳолаш, электрон савдоларни кенгайтириш, инвесторлар учун тенг шароит яратиш ва битимлар юзасидан жамоатчиликка ахборот тақдим этиш давлат мулкининг ҳақиқий бозор қийматида сотилишини таъминлайди.

Хусусийлаштиришдан кейин янги мулкдорнинг инвестиция киритиш, ишлаб чиқаришни сақлаб қолиш, янги иш ўринлари яратиш ва технологияларни янгилаш бўйича мажбуриятлари ҳам назорат қилиниши керак.

Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида Ўзбекистон иқтисодий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Илк йилларда хусусий мулк ва тадбиркорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш устувор вазифа бўлган бўлса, бугун самарали мулкдорлар, замонавий бошқарув ва адолатли рақобатга асосланган иқтисодиётни шакллантириш асосий мақсадга айланди.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган иқтисодий сиёсат давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини оқилона даражага тушириш, хусусий секторни миллий тараққиётнинг асосий таянчига айлантириш ва барча бозор иштирокчилари учун тенг имкониятлар яратишга қаратилган.

Хусусийлаштириш жараёнларининг очиқ, изчил ва рақобат тамойиллари асосида давом эттирилиши мамлакат иқтисодиётининг самарадорлиги ҳамда инвестициявий жозибадорлигини оширади. Энг муҳими, ушбу сиёсат замонавий ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари, сифатли маҳсулот ва хизматлар ҳамда аҳоли фаровонлигининг юксалиши учун мустаҳкам замин яратади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг