Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

Сариқ рангли таксилардан воз кечиш керакми?

Сариқ рангли таксилардан воз кечиш керакми?

Фото: «Sputnik»

Бу гапларни анча олдин ёзмоқчи бўлган эдим. Ҳатто сарлавҳа ва мавзу ҳам тайёр эди. «Нега Тошкент шаҳридаги таксиларнинг ранги сариқ эмас?» деган. Аммо ўшанда мавзу бошқа муаммолар олдида арзимас бўлиб туюлган, шу боис ёзмай қўя қолган эдим. Аммо қайсидир куни «Uza.uz» сайтида Сайёра Шоеванинг «Натижа бермаган талаблардан воз кечиш вақти келмадими? Ёхуд сариқ такси муаммолари» номли мақоласини ўқидиму бу мавзуда ёзмасам бўлмаслигини тушундим.

Ўша мақолада Жиззахда сариқ рангли таксилар кам экани, машинани сариққа бўяш муаммо экани ёзилган. Муаллиф таксиларни сариққа бўяшни «натижа бермаган амалиёт» сифатида баҳолайди. Жиззахда кўпчилик машинасини сариқ рангга бўяш харажатидан қочиб ноқонуний фаолият юритаётганини ёзади. Аммо мақола муаллифи Жиззахдаги бу ҳолатни ёзишдан олдин нега Самарқандга, Қўқонга, Урганчга ёки бошқа шаҳарларга бориб вазиятни ўрганмайди? Ўрганганида аксарият шаҳарларимизда кўплаб сариқ рангли таксилар юрганини ва ўша шаҳарларда ноқонуний ишлайдиган таксилар жуда камлигини кўрар эди.

Муаллиф мақолада «сариқ рангли таксилардан воз кечиш вақти келмадими?» деб ёзади. Тўғри, машинани сариққа бўяш харажат талаб қилади. Аммо ривожланишни хоҳлар эканмиз, бизга сариқ рангли таксилар албатта керак. Юртимиз сайёҳлар ташрифи бўйича Марказий Осиёда етакчи ўринда туради. Шундай экан, таксилардан сариқ рангни олиб ташласак ҳаммаси бўтқа бўлиб кетади ва одамларимиз ҳам, чет эллик сайёҳлар ҳам кўчада юрган машиналарнинг қайси такси-ю, қайси оддий машиналигини ажрата олмай қолади. Бу сайёҳлар учун ўта ноқулай ва ўта кулгили ҳолат бўлиб кўринади. 

Фото: «Facebook» / «Водители Ташкента»

Жиззахда сариқ рангли таксиларнинг камлиги ва аксарият киракашларнинг ноқонуний фаолият олиб бориши асло бу соҳа ўзини оқламаганини билдирмайди. Аксинча, ушбу соҳани назорат қилиши керак бўлган ташкилотлар яхши ишламаганидан далолат беради.

Машинани сариққа бўяш харажат талаб қилса, бошоғриқ бўлса, демак, аввало сариқ рангдан воз кечишни эмас, балки автозаводимиздан сариқ рангли машиналарни ишлаб чиқариб таксичилик корхоналарига етказиб беришни талаб қилиш керак чамамда.

Энди бу соҳадаги бир тушунарсиз иш ҳақида фикримни билдирсам. Ўша 2011 йил 18 майда чиққан «Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда Тошкент шаҳрида фаолият олиб борадиган йўналишсиз таксиларнинг ранги фил суяги рангида (кўпчилик «қаймоқранг» деб ҳам атайди), вилоятлардаги таксиларнинг ранги эса сариқ рангда бўлиши белгилаб қўйилган. Ана шу ерда савол туғилади: хўш, нега энди Тошкент таксиларининг ранги бошқа вилоятларникидан фарқ қилиши керак? Бунинг бирон сабаби борми? Тахминимча, ҳеч қандай арзирли сабаби йўқ. Шундай экан, бу қарорни ўзгартириб, бутун мамлакатимиз бўйлаб таксилар ранги бир хил — сариқ бўлишини белгилаб қўйиш керак.

Фото: «Bizkit.ru»

Яна бир тушунарсиз иш шуки, барча вилоятларда йўналишсиз таксилар ранги сариқлигига қарамай нега «GM-Uzbekistan»да сариқ рангли машина ишлаб чиқарилмайди? Тошкент шаҳри учун таксилар «фил суяги ранги»да бўлиши белгиланган бўлса-да, шу рангдаги машиналар нега аҳолига ҳам сотилади? «Ўзавтосаноат» ушбу масалани ҳал қилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бу гаплардан хулоса шуки:

  1. Биринчи навбатда Тошкент шаҳрининг алоҳида мақомини бекор қилиш ва юртимиздаги ҳамма таксиларнинг ранги бир хил — сариқ бўлишига эришиш керак.
  2. «GM-Uzbekistan» автозаводларида сариқ рангли машиналар ишлаб чиқариб шу соҳада фаолият олиб бораётган корхоналарга етказиб беришни йўлга қўйиш лозим.
  3. Киракашларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш учун жойларда назоратни кучайтириш ва шу соҳага тегишли қарор ижросини таъминлаш шарт.
Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг