Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

UzAutoTrailer Самарқандда КАМАЗ билан ҳамкорликда янги йиғув линиясини ишга туширди

UzAutoTrailer Самарқандда КАМАЗ билан ҳамкорликда янги йиғув линиясини ишга туширди

Фото: UzAuto

«UzAuto Trailer» компанияси «КАМАЗ» ИЧАЖ билан ҳамкорликда янги КАМАЗ автомобилларининг шассисини йиғиш линиясини расман ишга туширди. Тантанали маросим Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихановнинг Ўзбекистон Республикасига ишчи ташрифи доирасида ўтказилди.

Тадбир иштирокчиларини Самарқанд вилояти ҳокими Э. Турдимов, Татаристон Республикаси Президенти Р. Минниханов, «Ўзавтосаноат» АЖ Бошқаруви раисининг ўринбосари Р. Юсупов, «КАМАЗ» ИЧАЖ бош директори С. Когогин ва «UzAuto Trailer» МЧЖ Бош директори А. Ҳожибоев қутладилар.

Янги йиғув линияси умумий майдони 7,4 минг кв.м бўлган янги ишлаб чиқариш корпусида ташкил этилган. Линия замонавий технологик ва ёрдамчи жиҳозлар билан таъминланган, улар йилига 3 000 донадан ортиқ юк машиналарини ишлаб чиқариш имконини беради. Корпусда, шунингдек, газ-баллон жиҳози ишлаб чиқариш ва «КАМАЗ» шассисига ўрнатиш участкаси ҳам ташкил этилган.

Янги линияни ташкил этиш маҳаллийлаштирилган аккумуляторли батареялар, ёқилғи-мойлаш материаллари, газ баллонлари ва маҳаллий ишлаб чиқаришга мансуб бошқа бутловчи қисмлардан фойдаланган ҳолда, «КАМАЗ» шассисини ишлаб чиқаришнинг янада чуқурроқ технологик босқичига ўтиш имконини берди.

Тантанали очилиш маросими доирасида, шунингдек, «UzAuto Trailer» МЧЖни, заводда ишлаб чиқарилаётган самосвал кузовлар сифатининг эътирофи ўлароқ, Hardoх in My Body сертификати билан тақдирлаш ҳам ўтказилди. Сертификатни Жонни Сьострем – Strenx, Hardox, Docol ва бошқа машҳур брендлар остида юқори мустаҳкамликдаги пўлат ишлаб чиқарувчи жаҳондаги етакчи SSAB швед компанияси вице-президенти тақдим этди.

Тадбирни «UzAutoTrailer» МЧЖ ва «КАМАЗ» ИЧАЖ АЖ ўртасида “KAMAZ ASIA LEASING” қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисидаги таъсис ҳужжатларини имзолаш маросими давом эттирди.

Лизинг компаниясининг устав фонди 5 млн долларни ташкил қилади, унинг 2,5 млн. доллари Россия томонининг тўғридан-тўғри инвестициясидир.

Кутилишича, қўшма корхона «КАМАЗ» автомобилларини лизингга олиш бўйича «ягона дарча» режимида комплекс маҳсулот таклиф этади, унинг ичига суғурталаш, телематик жиҳозлар ўрнатиш ва бошқалар ҳам киради. Шунингдек, онлайн хизмат кўрсатиш ва садоқат дастури ишга туширилган.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил декабрда «UzAutoTrailer» МЧЖ заводида «КАМАЗ» автотранспорт воситаларини «UzAutoTrailer»да ишлаб чиқарилган устқурмалар ва ярим тиркамалари ўрнатилган йирик узелли ишлаб чиқариш бошланганди. 2018 йил март ойида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган «КАМАЗ» юк автомобилларининг тақдимоти ўтказилди. Бир неча ойдан сўнг компания «КАМАЗ» автомобилларини сота бошлади ва ўтган давр мобайнида «КАМАЗ» шассисидаги тайёр транспорт воситаларини ишлаб чиқариш ҳажми 1 900 донадан ортди. Бугунги кунда заводда ишлаб чиариладиган «КАМАЗ» юк машиналарининг моделлар қатори юк кўтариш қобилияти 10дан 36 тоннагача бўлган 18 дан зиёд техникани ўз ичига олади.



Маълумот учун:

«UzAuto TRAILER» компанияси тўғрисида
2012 йилда «Ўзавтосаноат» АЖ масъулияти чекланган жамият шаклида «UzAutoTRAILER» корхонасини ташкил қилди. Компания самосвалли кузовлар, бортли, изотермик, тентли ва яхлит металли фургонлар, самосвал ярим тиркамалари, контейнер ташувчилар ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини ўзлаштирди. 2017 йил декабрдан “КАМАЗ” русумидаги юк машиналарини йиғиш бўйича «КАМАЗ» ИЧАЖ билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Заводнинг умумий ишлаб чиқариш майдони 30 минг кв.м бўлиб, корхонада 410 нафар малакали ходим ишлайди, у ўз конструкторлик бюросига эга.

«КАМАЗ» компанияси тўғрисида
«КАМАЗ» компаниялар гуруҳи – Россия Федерациясидаги энг йирик автомобилсозлик корпорацияси. «КАМАЗ» ИЧАЖ дунёдаги оғир юк автомобиллари ишлаб чиқарувчиларнинг етакчи йигирматалигига киради ва тўлиқ массаси 16 тоннадан ортиқ бўлган оғир юк машиналарини ишлаб чиқариш ҳажми бўйича 16- ўринда туради. Ишлаб чиқариш қуввати йилига 71 мингта автомобилни ташкил қилади. «КАМАЗ» ИЧАЖ ташкилотлар гуруҳининг умумий ишлаб чиқариш комплекси юк автомобилларининг бутун технологик циклини – автотехника ва автокомпонентларни ишлаб чиқиш, тайёрлаш, йиғишдан тортиб тайёр маҳсулотни сотиш ва сервис хизматини кўрсатишгача қамраб олади. «КАМАЗ» ИЧАЖ ташкилотлар гуруҳи Россия, МДҲ ва узоқ хориждаги 84 та компанияни бирлаштиради. «КАМАЗ» ИЧАЖ технологик занжири гуруҳида бугунги кунда жами 36 000 нафар киши ишлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг