Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Терлаб кетдингизми? Демак соғломсиз! Терламаслик — касаллик!

Терлаб кетдингизми? Демак соғломсиз! Терламаслик — касаллик!

Одамзод шу қадар мукаммал яратилганки, ҳатто терлаш ҳам инсон организмининг табиий ва муҳим ҳимоя механизми ҳисобланади. Кўпчилик уни фақат иссиқда ёки машқ пайтида юз берадиган оддий ҳолат деб билади.

Аслида эса терлаш тана ҳароратини меъёрда ушлаш, тери фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва организмдан айрим зарарли моддаларни чиқаришга ёрдам беради.

Хўш, терлаш нима учун керак?

Организмда миллионлаб тер безлари мавжуд. Улар орқали сув, туз ва баъзи моддалар чиқади. Терлашнинг асосий вазифалари:

  • тана ҳароратини тушириш;
  • қизиб кетишдан ҳимоя қилиш;
  • машқ вақтида совитиш;
  • тери намлигини сақлаш;
  • электролит мувозанатида иштирок этиш.

Яъни, терлашнинг биринчи вазифаси — «детокс» эмас, балки ҳароратни бошқаришдир.

Терлаш орқали токсинлар чиқиб кетадими?

Айрим тадқиқотларда тер таркибида қуйидаги моддалар аниқланган:

қўрғошин;

симоб;

кадмий;

маргумуш;

бисфенол-А (БПА);

фталат излари.

Бу шуни англатадики, организм баъзи зарарли моддаларни тер орқали ҳам чиқариши мумкин. Ҳамма инсон ҳам бир хил терламайди. Кимдир кам терлайди, лекин соғлом бўлиши мумкин. Бу одатда генетика, ёш, жисмоний тайёргарлик, иқлим, сув ичиш одати, гормонлар ва дори воситалари.

Лекин умуман тер чиқмаслик ёки жуда кам терлаш баъзи ҳолатларда муаммо белгиси бўлиши мумкин. Масалан, дегидратация, асаб тизими касалликлари, қандли диабет асоратлари, қалқонсимон без муаммолари ва айрим дори воситаларининг таъсири. Бундай ҳолатда албатта шифокорга мурожаат қилиш керак.

Спорт ва жисмоний фаоллик табиий терлаб, организмни тозалашнинг энг яхши усуллардан бири. Чунки фаол ҳаракат фақатгина терлатмайди, балки юрак фаолиятини ҳам кучайтиради, қон айланишини яхшилайди, стрессни камайтириб, вазнни назорат қилишга ҳам ёрдам беради.

Тадқиқотларда вақти-вақти билан саунага тушиб туриш ҳам ниҳоятда фойдали эканлигини аниқланган, жумладан, қон айланиши яхшиланади, мушаклар бўшашади, стресс камаяди ва баъзи одамларда уйқу сифати ҳам яхшиланади. Аммо бундай ҳолатда энг аввало шифокор билан маслаҳатлашиш керак.

Унутманг, кўп терлаш организмда кўп токсин бор дегани эмас. Баъзан кўп терлаш юқори ҳарорат, семизлик гормонал ҳолат, стресс, фитнес даражаси, гипергидроз (ортиқча терлаш касаллиги) билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Организмни тозалашнинг энг яхши усуллари етарлича сув ичиш, сифатли уйқу, жисмоний фаоллик, сабзавот ва толали овқатлар истеъмол қилиш, алкоголь ва тамакини чеклаш, жигар ва буйракларни асраш, стрессни камайтириш ва соғлом ҳаёт тарзига амал қилиш.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг