Aviator савдо мажмуасидаги ёнғин бўйича жиноий иш қўзғатилди
Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган Aviator савдо-кўнгилочар мажмуасида содир бўлган ёнғин ҳолати юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, ёнғин 31 январь куни тушдан кейин савдо марказининг иккинчи қаватида юз берганди. У ерда Pixel номли болалар майдончаси ва бир қатор умумий овқатланиш шохобчалари жойлашган бўлган. Биринчи қаватдаги Korzinka супермаркети ёнғиндан зарар кўрмаган.
Ҳодиса оқибатида вайроналар остида 3 ёшли қизалоқнинг жасади топилган. ФВВ маълумотларига кўра, бошқа жабрланганлар аниқланмаган.
Дастлабки ўрганишлар жараёнида ёнғин вақтида иккинчи қаватдаги ёнғин сигнализацияси ва пуркагичлар ишламаган, шунингдек, зинапояли ёнғин чиқиш жойи ёпиқ бўлган. Сигнализация фақат биринчи қаватда ишлаган.
Ёнғин қарийб 800 квадрат метр майдонни қамраб олган. Ўт ўчириш ишларига 12 та асосий ва 4 та махсус техника, шунингдек, 6 та сув ташувчи техника жалб этилган. Ёнғинни ўчиришга бир соатдан кўп вақт кетган.
Gazeta нашрига кўра, гувоҳлар ёнғин вақтида одамлар орасида саросима юзага келган, тутун бутун ҳудудни тезда қоплаганини билдиришган. Ота-оналар фарзандларини излаб қолган, одамлар кўчага чиқиб кетишга мажбур бўлган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, иккинчи қаватдаги ёнғин чиқиш йўли аввалдан ҳам ёпиқ бўлган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter