Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Бугунги жирканч воқеа асло шаштингизни сўндирмасин!» – Саида Мирзиёева ҳамда Комил Алламжонов қатъий муносабат билдиришди

«Бугунги жирканч воқеа асло шаштингизни сўндирмасин!» – Саида Мирзиёева ҳамда Комил Алламжонов қатъий муносабат билдиришди

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳамда фонд Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева Qalampir.uz журналистига уюштирилган туҳматга ўз муносабатларини билдиришди.

«Журналистларга босим ўтказишнинг энг жирканч усулларидан бири интернет тармоғида уюштирилган тазйиқ бўлиб қолмоқда. Одатда бундай усулдан ножоиз ёки ноқонуний ишлари журналистик суриштирувга тушганлар фойдаланади.

Бунинг йўли оддий: ёлғон қанчалик даҳшатли бўлса, унга ишониш шунчалик осон. Тармоққа қинғир фейк жойланиб, ёлғоннинг тўлақонли тарғиботи бошланади. Мақсад – журналистларни қўрқитиб, уларни хизмат вазифаларини бажаришдан бош тортишга мажбур қилиш.

Qalampir.uz интернет-ОАВ бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова ҳам шу муаммога дуч келди.

Аноним аккаунтлардан паст сифатдаги ифлос видео тарқатилди. Ундаги аёл Феруза Нажмиддинова дея даъво қилинмоқда.

Тармоқларда бу ёлғон илиб кетилиб, тарқатиб юборилди, натижада журналистга маънавий зиён етказилди. Шу муносабат билан яна бир бор барча ОАВ вакилларига мурожаат қилмоқчиман: «Бировларнинг қўлида қўғирчоқ бўлиб, манипуляция объектига айланманг, маълумотни текширинг». Аксарият ҳолларда журналист номини обрўсизлантиришнинг асосий сабаби оддий – қасос бўлади. Журналистни ёмонотлиқ қилишдан ким манфаатдорлигини ўйлаб кўринг.

Бутун жаҳонда бундай ифлос усуллардан фойдаланилади, ҳамма жойда ОАВга қарши фитна ва иғволар бўлади ва бизнинг юртимиз бундан мустасно эмас.

Ҳамкасблар, агар сизнинг овозингизни ўчиришга, номингизни чаплашга ёки туҳматга қолдиришга уринишаётган бўлса, демак, Сиз тўғри йўлдасиз, кимгадир қаттиқ тегиб кетган ҳақиқатни ёзяпсиз.

Масс-медиа фонди бундай ҳолатларга жим қараб турмайди – биз ҳар бир профессионалнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қиламиз.

Пасткаш инсонлар доим бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Аммо биз улардан чўчимаслигимиз керак.

Феруза, биз Сиз томондамиз!», деб ёзди Комил Алламжонов.

«Бугунги жирканч воқеа асло шаштингизни сўндирмасин! Шантаж, бўҳтонлар сизни синдириб қўймасин! Мен сиз биланман!», деган изоҳ билан видеомурожаат жойлади Саида Мирзиёева.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг