Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шаҳрисабз ва Ғиждувондаги яширин цехлар йўқ қилинди

Шаҳрисабз ва Ғиждувондаги яширин цехлар йўқ қилинди

Фото: Прокуратура департаменти.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шаҳрисабз туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Унда фуқаро З.О. ва бошқалар ноқонуний даромад орттириш мақсадида Шаҳрисабз шаҳри, «Хабарлик» МФЙ ҳудудидаги нотурар бинода алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цехи ташкил этганлиги аниқланиб, ушбу яширин цехдан 960 дона қалбаки акциз марка, 15 дона «PARLAMENT» номли қўлбола алкоголь маҳсулоти, 180 литр спирт, 1 800 дона «PARLAMENT» номли алкоголь қути ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган товар моддий бойликлари ашёвий далил сифатида олинган.

Шу каби, Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ғиждувон туманидаги «Ж.Д.» МЧЖ раҳбари Ж.Б. ва бошқалар қўлбола усулда ишлаб чиқарилган 5 турдаги 873 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотини МЧЖ савдо дўконида сотувга қўйганлиги аниқланиб, ушбу алкоголь маҳсулотлари ва 256 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг