Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Томдида автобус ағдарилди: қурбонлар ва жароҳатланганлар бор

Томдида автобус ағдарилди: қурбонлар ва жароҳатланганлар бор

Навоий вилояти Томди туманида йўловчи ташувчи автобуснинг ағдарилиб кетиши оқибатида 2 киши вафот этиб, 9 киши яраланди. Автобус салонида жами 47 нафар йўловчи бўлган.

Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимовнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, айни пайтда ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидланишича,  жорий йилнинг 5 январь куни, тахминан соат 7:40 ларда Томди туманининг «Томдибулоқ» ОФЙ ҳудудидан ўтган А-379 - «Навоий-Учқудуқ» халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўлининг 167-168 километрида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. 

«Йўлга чиқишидан аввал кўрикдан ўтказилганда, техник жиҳатдан соз бўлган «ZHONG TONG BUS» русумли йўловчи ташиш автобуси «Зарафшон-Навоий» йўналиши бўйлаб ҳаракатланган. Автобусни 17 йиллик тажрибага эга бўлган 40 ёшли ҳайдовчи бошқариб келган. Дастлабки ўрганувга кўра, ҳайдовчи руль бошқарувини йўқотиб, йўналиши бўйича йўлнинг ўнг томонига чиқиб кетиб, ағдарилган», - деди Фаёз Қосимов.

Ҳодиса оқибатида йўловчи сифатида кетаётган 2 нафар фуқаро олган оғир тан жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этган. Турли кўринишдаги тан жароҳатлари олган 9 нафар фуқаро эса тиббиёт муассасаларига ётқизилган.

Фаёз Қосимовнинг сўзига кўра, бу мудҳиш ҳолатнинг юзага келишига фақатгина ҳайдовчининг руль бошқарувини йўқотгани эмас, балки, у билан боғлиқ бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин.

«Бу эса тергов ҳаракатлари жараёнида ўрганилади ва кейинроқ бу ҳақда тўлиқ маълумот тақдим этилади», - деди у.

Ҳозирда вазиятни тўлиқ ўрганиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда оғир оқибатларга олиб келган шарт-шароитларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Навоий вилояти ИИБ томонидан воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг