Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Адвокатга ўзи яна нима керак?

Адвокатга ўзи яна нима керак?

Куни кеча Президентнинг адвокатлар фаолиятига оид фармони эълон қилинди. Мазкур ҳужжатда оқловчи-ҳимоячиларга шунча имконият ва шароитлар яратиб берилганки, лекин, афсус, бугун ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлардан шунча имтиёз ва имкониятлар камлик қилибди деган хаёлга борасан киши.

Бундан беш йил аввал менда бир мулкий низо келиб чиқди. Мулкни бошқа тарафлар билан бўлиша олмасдан, ишимиз фуқаролик ишлари бўйича судга чиқди. Адвокатга ишим тушди-я... Адвокат у ҳужжатни сўради, бу ҳужжатни сўради, у ерга хат олиб бордим, бу ердан жавоб олиб келдим, бунинг устига хизмати учун озгина суммага шартнома қилдик, қолган мукофотни алоҳида «суюнчи» қилиб олди. Хуллас, судда қарасам мен ўзим югуриб терган ҳужжатлардан бошқа қоғоз йўқ, тўртинчи процессда таслим бўлдим, харажатга пулим қолмаганди.

Балки адвокатнинг ҳужжатлардаги хатоси, балки билими панд берганлиги сабабли судда ютқаздик.

Шу ўринда ўзимга савол берган эдим, балки фуқаролик ишида қатнашишда шу йўналишга ихтисослашган, ўз ишининг устасига айланган алоҳида адвокат керакдир, лицензияси бир йўналишда бўлса, ишини чуқурроқ ўрганармикин дегандим. Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин дейишади-ку.

Президент лицензияларни алоҳида қилиш керак деб фармонда белгилаб берди, бу адвокатлик хизмати сифатига ижобий таъсир қилади, албатта.

Бу жуда ҳам тўғри талаб, одам бир йўналишда ҳаракат қилса кўпроқ натижага эришади, йўналишнинг энг нозик жиҳатларигача ўрганади, бу ерда фақат адвокатнинг даромади ҳақида гап кетаётгани йўқ, балки оддий халққа сифатли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳақида сўз бораяпти.

Ҳозир адвокатга борсангиз ўзи айтади мен фуқаролик, мен жиноят, мен иқтисодий суд бўйича ишлайман деб. Турли идораларга ариза ва шикоятларни ёзишни эса «ўткир қалам соҳиблари» ҳам билишади.

Нима сабабдан лицензия беришни давлат органидан олиб қўйиш керак? Адвокатларнинг шохи борми? Қолган соҳаларда ҳам лицензияларни давлат органлари бериб келаяпти-ку. Таълим, соғлиқни сақлаш ва тадбиркорлик соҳалари бунга мисол.

Солиқ масаласида нима сабабдан эътирозлар билдирилаяпти, билмадим. Яқинда нафақат адвокатура, балки барча соҳаларда солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тизими ўзгаради. Ҳуқуқшунос бўла туриб, солиқ соҳасида ишлаб чиқилаётган ҳужжатлардан наҳотки адвокатларнинг хабари бўлмаса?

Хуллас, бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан мақсад фақатгина адвокатларнинг обрўси ошириш, уларга қулай шарт-шароит яратиш эмас, балки жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилаётган ҳуқуқий ёрдамнинг сифатини ошириш, ҳақиқий мутахассис — адвокатларгина ҳимоя майдонида фаолият юритишига замин яратишдан иборатдир.

Баҳодир Каримов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг