Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аввал текширилган давр қайта текширилиб, ярим миллиард асоссиз солиқ тайинланган

Аввал текширилган давр қайта текширилиб, ярим миллиард асоссиз солиқ тайинланган

Хоразм вилоятида фаолият кўрсатувчи «А.С.» хусусий корхонаси раҳбари Хоразм вилояти солиқ бошқармасининг қароридан норози бўлиб Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга мурожаат қилди.

Аниқланишича, Хоразм вилояти солиқ бошқармаси томонидан «А.С.» хусусий корхонасида 2018–2022 йиллар оралиғидаги фаолият юзасидан солиқ аудити ўтказилган. Аудит натижасига кўра, 2023 йилнинг 3 июль куни корхонага нисбатан 41,9 млн сўм солиқ ва 61,8 млн сўм жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинган.

Бироқ, орадан икки йилдан ортиқ вақт ўтгач, бошқарма бошлиғи ўринбосари томонидан Солиқ кодекси талабларига зид равишда, 2025 йил 23 октябрда мазкур аудит натижалари қайта кўриб чиқилган. Натижада тадбиркорга қўшимча равишда жами 452,6 млн сўмлик солиқ ва молиявий жарима (пеня) ҳисоблаш тўғрисида «қўшимча қарор» қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 158-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 1-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан:

Солиқ текшируви материаллари далолатнома тузилган кундан бошлаб 10 кундан кейин, лекин 15 кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши керак.

Тегишли қарор эса кўриб чиқилгандан кейин 5 кун ичида қабул қилиниши лозим.

Шунингдек, солиқ тўловчи текширув материалларини кўриб чиқиш жойи ва вақти ҳақида камида икки иш куни олдин хабардор қилиниши шарт.

Ушбу ҳолатда солиқ органи томонидан белгиланган муддатлар қўпол равишда бузилган ва асоссиз равишда қўшимча юкламалар ҳисобланган.

Бизнес-омбудсман девони тадбиркор манфаатини кўзлаб судга ариза билан мурожаат қилди. Суд ишни кўриб чиқиб, Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2025 йил 27 октябрдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг