Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фирибгарлик ўзи нима? Нега одамлар тез ва кўп алданади?

Фирибгарлик ўзи нима? Нега одамлар тез ва кўп алданади?

Фото: «Xabar.uz»

Бугунги кунда фирибгарлик, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш жиноятлари кўпайиб кетмоқда. Одамлар фирибгарларнинг гапларига дарров чув тушиб, алданиб қолмоқдалар. Шу мақсадда ўқувчиларимиз учун фирибгарлик, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш тушунчалари юридик тилда қандай маъно англатиши, уларнинг фарқлари, ушбу турдаги жиноятлар учун қандай жазолар борлиги ҳақида маълумот беришни лозим топдик.

Мазкур саволларга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти бошқарма бошлиғи ўринбосари Қулбеков Ойбек Турсиналиевич батафсил жавоб беради.

Фото: «Xabar.uz»

— Фирибгарлик жинояти — иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар жумласига кириб, жиноят кодексининг 168-моддасида ушбу жиноятга таъриф берилган.

Унга кўра фирибгарлик, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқини қўлга киритишдир.

Демак, ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини юқорида кўрсатилган икки усулни қўллаб, текин қўлга киритган, 16 ёшга тўлган ақли расо ҳар қандай шахс фирибгарлик жиноятини содир этган шахс сифатида ҳуқуқни мухофаза қилувчи идоралар томонидан жиноий таъқибга учраши мумкин.

Бунда, жиноят иши қўзғатиш учун асос бўлувчи зарар суммаси оз миқдордан, яъни энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баробаридан кўп бўлиши керак. Бугунги кунда бу миқдор 5.167.200 сўмни ташкил этади.

Агар фирибгардан жисмоний шахс жабрланган бўлса, жиноят иши қўзғатиш учун талон-торож қилинган мулк суммаси аҳамиятга эга эмас.

Энди алдаш ва ишончни суистеъмол қилиш тушунчаларига келсак.

Алдаш деганда айбдор томонидан жабрланувчининг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқларини қўлга киритиш мақсадида ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлардан фойдаланиш ёки мулк эгаси билиши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш тушунилади. Масалан, айбдор автосалонда ишламаса-да, машина олиб беришни ваъда беради, жабрланувчини ўзининг гапларига ишонтириш мақсадида сохта шартнома ёки бошқа ҳужжатларни кўрсатади.

Ишончни суиистеъмол қилиш — айбдорнинг мулк эгаси билан ўртасидаги ишончли муносабатларидан ғаразли мақсадларда фойдаланишдир. Ишончга турли ҳолатлар, масалан, айбдор шахснинг хизмат мавқеи ёки унинг шахсий ёки қариндошлик муносабатлари сабаб бўлиши мумкин. Масалан, қўшнисини меҳнат миграцияси билан шуғулланувчи ташкилотда ишлашини билган фуқаро чет элга ишга юборишга ёрдам сўраб мурожаат қилади. Гарчи қўшнисида бундай ваколат бўлмаса-да, у ишончни суиистеъмол қилиб, чет элга юбора олишини айтиб, унинг пул маблағларини қўлга киритади.

Сўнгги йилларда фирибгарлик жиноятининг умумий жиноятчиликдаги салмоғи ортиб бораётгани сабабли 2016 йил 26 декабрдаги қонун билан Жиноят кодексининг 168-моддасидаги жавобгарлик оғирлаштирилди. Шунингдек, Олий суд пленумининг фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисидаги қарори янгитдан ишлаб чиқилиб, қабул қилинди.

ЖКнинг 168-моддаси 4 қисмдан иборат бўлиб, 1-қисмида 50-100 баравар жарима, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан махрум қилиш жазоси назарда тутилган.

2-қисмида анча миқдорда, бир гуруҳ шахслар ёки компьютер техникасидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик учун 100-300 жарима, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

3-қисмида кўп миқдорда, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик учун 300-400 жарима, 2-3 йил ахлоқ тузатиш ёки 5 йилдан 8 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

4-қисмида жуда кўп миқдорда, ўта хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган фирибгарлик учун 400-600 жарима, ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг