Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳамёнбоп, замонавий ва сифатли уй: унинг шакли, майдони қанча?

Ҳамёнбоп, замонавий ва сифатли уй: унинг шакли, майдони қанча?

Фото: ЎзА

Уч ёки тўрт йўлакли, хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари бўлган икки ва уч қаватли кўп квартирали уйлар;

2 сотихлик ер участкасида барпо этиладиган бир қаватли икки ва уч хонали арзон уйлар;

4 сотихлик ер участкасида барпо этиладиган умумий майдони 115 квадрат метр бўлган ягона блокка бирлаштирилган икки қаватли тўрт хонали уйлар.

Кимлар сотиб олиши мумкин?

Бошқа оила ёхуд бошқа оилалар билан бир уйда (бир квартирада) биргаликда яшовчи оила;

кўп болали оила;

тўлиқ бўлмаган оилада болани (болаларни) тарбиялаётган она (ота);

даромади юқори бўлмаган оила (бир ойдаги жами даромади ҳар бир оила аъзосига белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдоригача тўғри келадиган оила);

таркибида биринчи гуруҳ ногирони бўлган ёхуд сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида хонада яшашга эҳтиёж сезувчи шахс бўлган оила;

шунингдек, уй-жой майдони қонун ҳужжатларида назарда тутилган (бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 кв.метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 кв.метрдан кам бўлмаган) уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ бўлмаган оила сотиб олиши мумкин.

Қандай ҳужжатлар керак?

Арзон уй-жой олиш учун доимий яшаш жойи бўйича туман ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган махсус комиссияга ариза ва керакли ҳужжатларни тақдим этиш керак.

Ариза билан бирга қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади:

а) ариза берувчида мулк ҳуқуқи билан турар жойнинг йўқлиги ва турар жойда ижарада ёки яшаш учун яроқсиз турар жойда яшаши;

б) бошқа оила билан бир уйда (бир квартирада) яшаши;

в) кўп болали;

г) ариза берувчи оиласининг даромади;

д) бир ёки ундан кўп бола ота-оналардан бири (тўлиқ бўлмаган оила) томонидан тарбияланиши ва боқилиши;

е) ариза берувчининг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахснинг мавжудлиги;

ж) ариза берувчининг оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногирони мавжудлиги;

з) уй-жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган (бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 кв.метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 кв.метрдан кам бўлмаган) уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги.

Комиссия рад этиши мумкинми?

Қуйидагилар аризанинг рад этилишига сабаб бўлади:

ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилмаганлиги;

тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки бузилган маълумотлар мавжудлиги;

ариза берувчининг уй-жой шароити ижтимоий мезонларга мувофиқлигини ўрганиш бўйича тузилган далолатномада ариза берувчида уй-жой шароитини яхшилашга эҳтиёж йўқлигининг асосли кўрсатилиши;

илгари қишлоқларда арзон уй ёки якка тартибдаги уй олган шахснинг ва (ёки) унинг оила аъзолари(эри, хотини, ота-онаси, фарзандлари)нинг такрорий мурожаати.

Бошқа ҳолатлар бўйича аризани рад этишга йўл қўйилмайди.

Комиссия уй-жой бериш мақсадга мувофиқ деган хулосага келганда ёзма тавсиянома беради.

Ёзма тавсиянома олган фуқаро яшаш жойи бўйича «Қишлоқ қурилиш» инжиниринг компаниясининг минтақавий филиалига мурожаат қилади.

Инжиниринг компанияси мурожаатга асосан фуқаро билан дастлабки шартнома тузади.

Дастлабки шартнома ва ёзма тавсиянома банкдан ипотека кредити олиш учун асос ҳисобланади.

Бунда арзон-уй жой олишга талабгор шахс банкка уй қийматининг камида 25 фоизи миқдорида бадал пулини тўлаши шарт.

Уй-жой сотилаётганини қандай билиш мумкин?

Якка тартибда уй-жой қуриш учун инжиниринг компанияси томонидан танланган ер массивлари тўғрисидаги маълумотлар ҳар йили 1 июнгача маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали маҳаллий аҳоли, тадбиркорлар ҳамда манфаатдор юридик ва жисмоний шахслар эътиборига етказилиши шарт.

Бобур Каримов,

Адлия вазирлиги масъул ходими

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг