Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ишсизлар учун бепул маслаҳатлар

Ишсизлар учун бепул маслаҳатлар

Фото: «Спутник»

Ҳар бир фуқаро ўз ихтиёрига кўра иш жойи танлаш ва танлаган иш жойи бўлмиш ташкилот ва муассасасига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ёки ҳеч қандай тўловларсиз ёрдам берувчи Бандликка кўмаклашувчи марказлар хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий органлари бўлмиш Бандликка кўмаклашувчи марказларда ишсизлар ишга жойлашиш, иш танлашда ёрдам олиш, бўш иш ўринлари ҳақида маълумотга эга бўлиш ва бошқа шу каби масалаларда кўмак олишлари мумкин.

Иш изловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Бандликка кўмаклашиш марказлари юртимизнинг барча шаҳар ва туманлари бўйича бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни жамлаб, ҳар ойда ish.mehnat.uz сайтида эълон қилиб бормоқда. Мурожаат этувчилар сайтга ўз маълумотнома(резюме)ларини жойлаштириш, тўғридан-тўғри корхона ва ташкилотларга жўнатиш имкониятига эга.

«Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига кўра ишсизларга ишсизлик нафақасини тўлаш, ишсиз шахсга қарамоғидагиларни ҳисобга олган ҳолда моддий ёрдам бериш ва бошқа ҳуқуқлар давлат томонидан кафолатланади.

Давлат:

ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари ва ногирон болалари бор ёлғиз ота ва ёлғиз оналарга ҳамда кўп болали ота-оналарга;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшларга, шунингдек олий ўқув юртларининг давлат гранти асосида таълим олган битирувчиларига;

Ўзбекистон қуролли кучларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганларга;

ногиронларга ва пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахсларга;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахсларга;

одам савдосидан жабрланганларга ишга жойлашишда қўшимча кафолатларни таъминлайди.

Бобур Каримов,

Адлия вазирлиги масъул ходими

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг