Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Суд Андижонда «оғизга тушган» мансабдорни жаримага тортган

Суд Андижонда «оғизга тушган» мансабдорни жаримага тортган

2025 йилнинг апрелида ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари экани айтилган мансабдор шахснинг хизмат хонасида гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилаётгани экс этган видеолавҳа тарқалган эди.

Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан тезкор-қидирув тадбири ўтказилиб, мазкур фуқаронинг ёнидан 0,69 грамм гашиш моддаси топилгани айтилган ва ҳолат юзасидан ЖКнинг 276-моддаси 1-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиш, ташиш ёки жўнатиш) билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган.

Андижон вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси эса видеолавҳа тарқалган куннинг эртасига Андижон шаҳри камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Д.У. ҳамда унинг ўринбосари С.Б. билан меҳнат шартномаси бекор қилинганини эълон қилган. 

С.Б.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши 2025 йилнинг июнида ЖИБ Андижон шаҳар судида кўриб чиқилди.

Суд тергови баённомасида қайд этилишича, С.Б. 2025 йил 3 апрель куни соат 21:40 лар чамасида Андижон вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-тадбирда «ўзини шубҳали тутганлиги сабабли, тўхтатилиб, икки нафар холислар иштирокида текширилган». Судланувчи кўздан кечирилганда унинг чўнтагидан 0,69 грамм оғирликдаги гашиш моддаси топилган.

С.Б. судда айбига қисман иқрорлик билдириб, у ўша куни ўзининг хамкасблари билан биргаликда овқатланиб, соат 21:30лар чамасида бир ҳамкасби билан шаҳар Бандликка кўмаклашиш бўлими биносига қайтиб келгани ва автомашинасини шу ердаги тураргоҳга қўйган вақтида ердан 50 минг сўмлик пул купюраси ғижимланган ҳолатда турганини кўргани ва у уни олиб, чўнтагига солиб қўйганида, ИИБ ходимлари уларни тўхтатиб текширишганини айтади. Унинг айтишича, тадбирда гиёҳвандлик моддаси айнан ўша 50 минг сўмлик пулнинг ичидан топилган.

Суд, судланувчининг айби жиноят ишида мавжуд далиллар йиғиндиси билан ўз тасдиғини тўлиқ топган деб ҳисоблаган ва С.Б.нинг 0,69 грамм оғирликдаги гашиш гиёхвандлик моддасини ўтказиш мақсадидини кўзламай, қонунга хилоф равишда сақлашда ифодаланган жиноий ҳаракатлари ЖКнинг 276-моддаси 1-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб топган.

Шу тариқа суд С.Б.ни Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан БҲМнинг 30 баравари миқдорида 11 млн 250 минг сўм жарима жазосига ҳукм қилган. Жарима давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг