Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Суд тадбиркорни оқлади, мол-мулкини қайтариш тўғрисида ҳукм чиқарди, аммо нега мулклар қайтарилмаяпти? (видео)

Бугунги ислоҳотлар, сўз эркинлиги натижасида ўтган йиллар давомида, яъни яқин ўтмишимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари поймол қилингани тўғрисида анчагина маълумотларга дуч келдик. Бугун сизларни ана шундай тадбиркорлардан бирининг муаммоси билан таништирамиз. Таъкидлашимиз шарт, биз кимнидир ёки қайсидир ташкилотни қоралаш ниятида эмасмиз. Мурожаат қилувчининг сўзлари ҳақиқат эканлигини тўлиқ текшириб чиқишнинг ҳам энди имконияти йўқ. Мақола ва видеолавҳа бор ҳужжатларга ҳамда мурожаат қилувчининг кўрсатмаларига асосланган. Агар бу мурожаатга жавоб тарзида маълумотлар келиб тушадиган бўлса, уларни ҳам эълон қилишга тайёрмиз.   

«Авваламбор, сизнинг қимматли вақтингизни олиб яна безовта қилаётганим учун узр сурайман. Мен, Тўлқин Зокиров, тадбиркорликни 1994 йилда бошлаб, 2012 йилга қадар юртимга ҳалол хизмат қилдим. Қўлимдан келгунча иш ўринлари яратиб, инсонларга ёрдам бериб келаётган эдим. Аслида кимнингдир устидан шикоят қилиш ниятим йўқ. Аммо менга нисбатан собиқ МХХ ходимлари томонидан (ҳозир уларнинг ўзига нисбатан қонуний чора кўрилган) туҳмат уюштирилганлиги ва ҳозирга қадар бунинг жабрини кўраётганим, мен мурожаатимда келтирган қонуний важларга нисбатан ҳануз чора кўрилмаётганлиги боис иложим қолмаяпти.

Гап шундаки, Тошкент шаҳрида 2 та, Тошкент вилоятида 1 та, Навоий вилоятида 1 та автомобилларга ёнилғи қуювчи шохобчам бор эди.

2011 йил октябрь ойида ўзларини Миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг вакиллари деб таништирган (исмларини Улуғбек ва Нурмамат деб таништиришган эди, лекин уларнинг айнан шу хизматда ишлаши ҳақида далилим йўқ) келиб, мендан 500 000 (беш юз минг) АҚШ доллари талаб қилишди. Уларга менда бунча пул йўқлигини билдириб, шохобчаларимни банк кредити асосида олганим ва ҳозир банкдан катта миқдорда қарзим борлигини таъкидлаганман.

Шундан сўнг улар мени 2011 йил 22 ноябрь куни Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига чақиртиришиб, гўёки паспортим йўқлиги сабабли аввалига Юнусобод туман судига олиб боришди. Кейин шахси аниқланмаган киши сифатида ички ишлар бошқармасига қарашли ҳуқуқбузарларни вақтинча ушлаб туриш бўлимига олиб бориб, 15 кунга қамаб қўйишди. У ерда бошимдан кечирганларим алоҳида мавзу...

Орадан 10 кун ўтгач мени Миробод туман ички ишлар бўлимига олиб боришди. 10 кун ичида менга ҳатто уйга қўнғироқ қилиб олишим учун ҳам рухсат берилмаган. У ерда мени Ўринбоева Нодира исмли лейтенант тергов қилди ва уйимга қўнғироқ килишга рухсат берди. Бунинг учун ундан чин маънода жудаям катта миннатдорман.

Шундан сўнг 9 ой давомида МХХ тезкор вакили майор Ж.Р., Тошкент шаҳар МХХ вакили Ҳ. исмли ходим ва Юнусобод МХХ тезкор вакили Ш. исмли майор мендан пул талаб қилиб, агар айтган пулларини бермасам, бошимга бундан баттар савдолар тушишини айтиб қўрқитишди. Мендан пул ололмагач, мансаб ваколатларидан фойдаланган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига босимни кучайтиришди. Улар менга қилган туҳматлар ичида тажовуз қилиш, фирибгарлик, ўғирлик, солиқдан қочиш, ноқонуний даромадни легаллаштириш каби уйдирмалар бор эди.

Ушбу жиноятларни исботлаш жараёнида бирорта ҳам далил ёки қонуний асос бўлмаса-да, суд жараёнида собиқ МХХ ходимлари томонидан тазйиқ ўтказилиб, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман судининг 2013 йил 17 май кунг ҳукми билан менга Жиноят кодексининг бир қанча моддаларига асосан узил-кесил 3 йил муддатга раҳбарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 600 баробари — 47 754 000 сўм миқдорида жарима ҳамда 12 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланганди.

Ўша вақтда менинг «Ўзсаноатқурилишбанк»дан 800 млн. сўмдан ортиқ қарзим бор эди, ҳозирга қадар қийналиб юрган бўлсам-да, ушбу қарз менинг зиммамда турибди. Суд ҳукми билан мол-мулким давлат хисобига мусодара қилингандан сўнг турмуш ўртоғим Дилрабо Зокирова 2013 йил 20 август куни даъво аризаси билан оилага тегишли бўлган мулкнинг бир қисмини қайтаршни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судига мурожаат қилган. Аммо суд 2013 йил 6 ноябрь куни аризани кўриб чиқишни рад этади. Шундан сўнг турмуш ўртоғимнинг фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига 2013 йил 24 ноябрь куни топширган апелляция шикояти 2014 йил 7 январь кунига қолдирилади.

Лекин суд ҳукми чиқмасдан туриб, тақиқда турган АЁҚШлар ўша пайтда Н. исмли Зангиота тумани суд ижрочилари бўлими бошлиғи ҳамда Р. исмли Юнусобод тумани суд ижрочилари бўлими бошлиғи томонидан сотиб юборилади.

Қамоқда ўтган бирор кунимни душманимга ҳам раво кўрмайман! Қамоқдалигимда контракт пули тўланмагани учун тиббиёт институтида ўқувчи қизим ўқишдан четлаштирилди, оилам жуда оғир кунларни бошдан кечирди. Катта армоним шуки, менга куйиккан онам вафот этди, менга онажонимни сўнгги йўлга кузатиш насиб қилмади...

2014 йил 26 декабрда озодликка чиқдим. Озодликка чиққан бўлсам-да, ўша МХХда ишлаб турган Ҳ. менга нисбатан босимни кучайтирди. Мен Россияга кетишга мажбур бўлдим ва у ерда икки йил яшаб, Ҳ. Қорақалпоғистонга ишга юборилгандан кейин юртимга қайтиб келдим.

Президентимизнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари туфайли ҳуқуқий соҳада бир қанча ислоҳотлар амалга оширилгач, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судининг 2017 йил 13 ноябрдаги ҳукми билан айбсиз деб топилиб, иш бўйича жиноий ходиса юз бермаганлиги сабабли тўлиқ оқландим!

Тергов органларининг асоссиз айбловлари ва суд идораларининг нотўғри ҳукмлари асосида тадбиркорлик фаолиятимга тўсқинлик қилинди. Ҳеч бир асоссиз озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиқдим, ҳалол ишлаб топган мол-мулкимдан айрилдим. «Ўзсаноатқурилишбанк»дан АЁҚШларни харид қилиш учун олган кредитлар бўйича қарздор бўлиб қолдим.

Банк билан бирга ҳақиқатни излаб 4 йил ичида бир неча марта Олий судгача ёзган шикоятлар эвазига жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси 2018 йил 5 январь куни иш бўйича адолатли қарор қабул қилди.

Суд ажримига кўра мен раҳбарлик қилган:

  • «Qo'yliq oil servis» МЧЖга тегишли, Тошкент вилояти Зангиота тумани «Ҳасанбой» ҚФЙ ТҲАЙда жойлашган АЁҚШ;
  • «ZTE petrolium» МЧЖга тегишли, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 17-мавзеда жойлашган АЁҚШ;
  • Тошкент шаҳар Сергели тумани Қўйлиқ мавзеси Қумқўрғон кўчаси 1-уйда жойлашган АЁҚШ бинолари менга қайтарилиши белгиланди.

Мазкур суднинг ажрими ижро этиш учун Тошкент тумани, Тошкент шаҳар Сергели тумани ва Юнусобод тумани мажбурий ижро бюроларига юборилди.

Аммо бугунги кунга қадар ижро масаласи ҳал қилингани йўқ!

Чунки юқорида кўрсатилган МИБнинг масъул ходимлари ҳар хил баҳоналар билан ижрони амалга оширишдан бош тортиб, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 46-моддасида кўрсатилган мажбурий ижро этиш чораларини кўрмасдан келишмоқда.

Бугунги кунда юртимиз ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий ҳаётида муҳим ўзгаришлар юз берди. Жумладан, Ўзбекистон президентининг 2016 йил 21 октябрдаги 4850-фармонида мурожаатларни ўз вақтида ҳал этиш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича барча зарур чораларни кўриш суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг муҳим вазифалари эканлиги қайд этилган. Шунингдек, 2016 йил 5 октябрдаги 4848-фармонида давлат органлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалардан ўз фаолиятида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилини сўзсиз амалга ошириш талаб этилган.

Аммо МИБнинг масъул ходимлари аслида АЁҚШларда ишлаб турганларни фуқаролик тартибида кўчириш каби важларни баҳона қилиб мулкларни олиб беришмаяпти, ваҳоланки, суд қарорида мулкларнинг қайтарилиши белгиланган.

Нима учун мен жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукмига асосан мусодара қилинган мулкларимни суд қарори мавжуд бўлса-да, яна фуқаролик тартибида ҳал этишим керак? Ҳеч кимга сир эмаски, бир муддат муқаддам собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг айрим нопок ходимлари ноқонуний рейдерлик билан шуғулланар эди. Бугунги кунда бунга чек қўйилган бўлса-да, бундай «фаолиятни» бошқа ташкилотлар амалга оширишга уринмаяптими? Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ ишни асоссиз тухтатиб кўйган ва бунинг сабабини билдирмаяпти. Қачон давлат идоралари ўзларига юклатилган вазифаларни тўлиқ бажаради?! Бу савол ҳануз жавобсиз қолмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси тўғрисидаги низомнинг 2-бобида бюронинг асосий вазифалари ва функциялари келтирилган. Унга кўра қуйидагилар бюронинг асосий вазифалари ҳисобланади: суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш.

Нега оддийгина коммунал тўловдан қарздорликни ундиришда МИБ ходимлари бунчалар фаоллик кўрсатишади-ю, менинг суд ҳукми билан қайтарилиши керак бўлган мулким юзасидан ижрода пайсалга солиш, сансалорлик кузатилмоқда?

Мен илгари ҳам шу каби аризалар билан мурожаат қилган эдим, аммо аризаларим қайтиб МИБга юклатилиб, ушбу бюронинг масъул ходимлари аризамни ижобий ҳал қилиб бермасдан, менга қайтарилиши лозим бўлган мулкни пул шаклида бермоқчи эканлигини ёзма тарзда баён қилишди. Ваҳоланки, менга нисбатан суднинг оқлов ҳукми чиқарилган. Мазкур ҳукмга асосан менга нисбатан барча хуқуқий оқибатлар бартараф этилиши ва етказилган зарарлар тўлиқ ҳолда қайтарилиши керак.

Бугунги кунга қадар менинг ишим юзасидан Бош прокуратура ва Олий суд хусусий протест келтиришни рўкач қилиб келишмоқда. Ваҳоланки, қонун талабларига кўра улар иш бўйича учинчи томон бўлиб протест келтириш ҳуқуқига эга эмас.

Ишга тўсқинлик қилиш мақсадида протест келтираётганлар аслида ушбу АЁҚШларни бундан бир неча йил олдин сотиб олган ва ҳозирги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотида хизмат қилаётган шахсларнинг манфаатини ҳимоя қилаяптилар.

Сир очилмаслиги учун бугунги кунда улар ўз ваколатидан фойдаланиб, суд ишига аралашмоқдалар. Чунки мен 4,5 йилда банк билан ўз мулкимни қайтариб олишга ҳаракат қилиб, шунга эришдим. Бошқалар эса бир кунда ишнинг назорат тартибида Ўзбекистон Олий суди томонидан қайта кўриб чиқилишига эришдилар. Бу ҳолат ҳам мазкур ишга юқори лавозимдаги мансабдорларнинг аралашганидан далолат бермайдими?

Суд томонидан иш қайта кўриб чиқилган тақдирда, Бош прокуратура ҳузуридаги МИБнинг тақдимномасига асосан (МИБ томонидан менга юборилган хатда шу ҳолат айтиб ўтилган) менга ноқонуний равишда тортиб олинган АЁҚШларнинг пули қайтарилади. Аслида қонун доирасида суд ҳукми эълон қилингандан сўнг МИБнинг ҳукмга зид равишда тақдимнома келтиришга ҳаққи йўқ. Суднинг дастлабки ҳукмида мол-мулкнинг пули эмас, балки ўзи қайтарилиши белгиланган.

Шу боис сизга мурожаат қилишга мажбурман. Масаланинг қонуний ечимини топишга ёрдам беришингизни сўрайман. Токи, Ўзбекистонда қонун устуворлигини амалдорлар ҳам билиб қўйсин. Бу халқнинг давлатга бўлган ишончини янада кучайтиради.

Ҳурмат билан Тўлқин Зокиров, тадбиркор.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг