Тошкентдан Сирдарёга бизнесини кўчирганларга имтиёзлар берилади
Тошкент шаҳридаги корхонасини Сирдарёга кўчирмоқчи бўлган тадбиркорлар учун саноат зонасидаги ерлар соддалаштирилган тартибда, чегирма билан таклиф этилади.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилди.
«Тошкент шаҳридаги саноат корхоналари босқичма-босқич пойтахтдан ташқарига кўчирилмоқда.
Уларнинг кўпчилиги меҳнат ресурси, инфратузилмаси бор, ер-мулк солиғи арзонроқ бўлган жойларни изламоқда.
Бу борада Сирдарё эркин иқтисодий зонасида бўш турган ерларга пойтахтдаги мавжуд қувватларни жойлаштириш учун жуда катта имконият бор», – деди давлат раҳбари.
Шу боис, Тошкент шаҳридаги корхонасини Сирдарёга кўчирмоқчи бўлган тадбиркорлар учун саноат зонасидаги ерлар соддалаштирилган тартибда, чегирма билан таклиф этилади.
Уларга 10 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади. Хомашёни темир йўли орқали ташишда арзонлаштирилган тарифлар қўлланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter