23 млрд сўмлик давлат харидларида қонунбузилиши аниқланди
Рақобат қўмитаси давлат харидлари жараёнларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганини маълум қилди. Қўмитага кўра, умумий қиймати 23 миллиард сўмдан ортиқ бўлган танлов савдоларида «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларига риоя қилинмаган.
Ўрганишлар давомида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказилган қиймати 9,1 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 6 та давлат хариди текширилган. Таҳлиллар натижасида савдоларда рақобатни чеклайдиган ҳаракатлар аниқланган.
Шунингдек, Инновацион ривожланиш агентлиги ўтказган қиймати қарийб 8 миллиард сўмлик 6 та танлов савдоларида ҳам қонун талаблари бузилгани маълум қилинди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тегишли қарийб 6,7 миллиард сўмлик 10 та танловда ҳам рақобат муҳитига салбий таъсир қилувчи ҳолатлар қайд этилган.
Рақобат қўмитаси Махсус комиссияси томонидан буюртмачи ташкилотларга нисбатан иш қўзғатилган. Уларга қонунбузилишларни бартараф этиш ва бундай ҳолатларни келгусида такрорламаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар берилган.
Шу билан бирга, давлат харидлари жараёнида масъул бўлган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўллаш учун материаллар тегишли суд органларига юборилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter