Ўзбекистонда 2,5 мингта дорихона мижозлардан асоссиз пул олгани аниқланди
Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, Президентнинг 2022 йил 26 октябрдаги ПҚ–411-сон қарори асосида дори воситалари нархларини назорат қилишнинг рақамлаштирилган тизими жорий этилган.
Мазкур тизим орқали дори воситаларининг чакана ва улгуржи савдосида нархларнинг асоссиз оширилиши инсон омилисиз автоматик тарзда аниқланмоқда.
Қўмита қайд этишича, 2026 йил март ойидан дори воситалари учун белгиланган референт нархларни назорат қилиш тизими янада кучайтирилган.
Хусусан, улгуржи савдода дори воситалари нархи белгиланган референт қийматдан юқори қўлланганда, солиқ органлари томонидан ҳисоб-фактураларни рўйхатга олиш автоматик тўхтатиш механизми жорий этилган.
Натижада 12,5 мингдан ортиқ чакана дорихонага дори воситаларини белгиланган нархдан қиммат сотиш ҳолатларининг олди олинаётгани таъкидланди.
Ўтган давр таҳлиллари давомида қарийб 2,5 минг дорихона томонидан 686 мингга яқин ҳолатда савдо устамаси белгиланган меъёрдан кескин юқори қўллангани аниқланган.
Маълум қилинишича, айрим ҳолатларда чекланган савдо устамаси 10 фоиздан уч баробаргача ошириб юборилган. Шу тариқа истеъмолчилардан жами 21,1 миллиард сўм маблағ асоссиз равишда ундирилгани маълум бўлди.
Рақобат қўмитаси ушбу маблағларни қайтариш юзасидан тегишли таъсир чоралари кўрилганини билдирди.
Маълумот учун, 2026 йилнинг биринчи чорагида эса 190 дан ортиқ дорихонада 110,5 мингга яқин қоидабузарлик ҳолати аниқланган. Ушбу ҳолатларда истеъмолчилардан 1,4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ асоссиз олингани қайд этилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter