Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Биржада буғдой ва цемент нархи пасайди

Биржада буғдой ва цемент нархи пасайди

18–24 май кунлари «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖнинг барча савдо платформаларида 54 минг 404 та битим тузилди. Бу аввалги ҳафтага нисбатан 22,1 фоизга кўпдир. Битимларнинг 42,5 фоизи биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат тизимларига тўғри келди.

Ҳисоботга кўра, давлат харидлари тизимида ўтказилган электрон савдолар орқали бюджет ва корпоратив буюртмачилар қарийб 264,4 млрд сўм маблағни тежаган. Шунингдек, онлайн-аукцион орқали 158 та телефон рақами сотилган.

Очиқ биржа савдоларида жами 23 минг 100 та битим расмийлаштирилди. Асосий фаоллик цемент ва буғдой сегментларида кузатилди. Бу маҳсулотлар бўйича таклиф ҳажми юқори сақланиб, нархларда навбатдаги пасайиш қайд этилди.

Ҳисобот даврида биржа савдоларига 513 минг 250 тонна цемент қўйилди. Шундан 178 минг 605 тоннаси сотилди. Бу умумий таклифнинг 34,8 фоизини ташкил қилди. Ўртача кунлик сотув ҳажми эса 35 минг 721 тоннага етди.

Цементнинг бир тоннаси учун шаклланган ўртача кунлик нарх 649 минг сўмдан 639,5 минг сўмгача тушди. Савдоларда ҳар куни ўртача 83 нафар харидор иштирок этган.

Буғдой савдосида ҳам юқори фаоллик кузатилди. Ҳафта давомида биржа орқали 38 минг 637 тонна буғдой сотилди. Ўртача кунлик сотув ҳажми 7 минг 727 тоннани ташкил қилди. Савдоларда кунига ўртача 385 нафар харидор қатнашган.

Маълумотларга кўра, буғдойнинг ўртача кунлик нархи ҳам пасайишда давом этган. Ҳафта бошида маҳсулотнинг бир тоннаси 2 млн 970,6 минг сўмдан сотилган бўлса, ҳафта якунига келиб бу кўрсаткич 2 млн 956,4 минг сўмгача тушган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг