Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Лайло Ҳайитова

Шиори: Олға ҳаракат қил, ўрган, излан, уриниб кўр, муҳими, тўхтама!

Мактаб ҳовлисида қолган умр садоси ёхуд 25 майнинг айтилмаган ҳикояси

Мактаб ҳовлисида қолган умр садоси ёхуд 25 майнинг айтилмаган ҳикояси

Фото: Сунъий интеллект

1990 йил. Ўрта мактабни битирдик. 29 нафар синфдош эдик. Ўшанда 24 май куни эди. Синфдошлар 25 май кунига «Сўнгги қўнғироқ»ни белгилашган. Ким янги кийимлар сотиб олиш учун бозорма-бозор югурган, ким байрамда муаллимларни хурсанд қилиш учун гулдасталар тайёрлашга киришган, ким байрам дастурхонини тўлдириш учун пишир-куйдир билан овора...

Мактаб ҳовлисида эса 10-15 синфдош эртанги кунга тайёргарлик кўриш: йиғиштириш, супир-сидир ишлари учун қолганмиз. Ким мактабни битираётганидан хурсанд, яна кимдирнинг кўзида ёш. Мен эса айнан, ўша куни Тошкентга — ўқишга кириш учун поездга чипта олганман.

— Синфдошлар!!!

Идибой исмли синфдошимиз қарсак чалиб, ҳаммамизнинг эътиборимизни ўзига қаратди:

— Ҳаммамиз Лайлонинг ўқиш учун Тошкентга кетишини биламиз, тўғрими?

— Тўғри!

— Ҳа, биламиз!

— Бу яхши-ку!

— Аммо, ёмон томони: унинг поездга билети бугун экан, —  бироз норозинамо сўз қотди Идибой.

Тўрт тарафдан синфдошлар сал қолса, ёқамга ёпишишди:

— Бир кун  минг кун эмас-ку!

— Ўзи ҳар сафар шу: нимадир бошласак, Лайло ўзининг нимасинидир бошлаб қўяди!

— Яхши қилмаяпсан, эртага 25 майни ўтказиб, кейин кетишинг керак эди!

— Э-э, кўрдинг, Лайло, кетмасанг, яхши бўларди, бу кунни қайтиб топиб бўлмайди. Ким билади, кейин ким бор, ким йўқ! — сўзлади Идибой.

Бу гапга Икром ва Одил ҳам қўшилди.

— Э-э, қўйсанглар-чи, бунақа совуқ гапларни! Худо хоҳласа, яхши кунларда кўп-кўп кўришайлик. Энди иложсизман, биласизлар, Тошкентда ўқиш учун ўзи отамни зўрға кўндирганман, ҳозир билетни бекор қилсак, шу билан тамом... қайтиб рухсат бермайди! Ундан кўра, яхши ниятда дуо қилинглар! — дедим худди илтижо қилгандек.

Синфдошлар «Ўқишларга кир, омадингни берсин, лекин, барибир, бир кунгинага қолсанг яхши бўларди...», —  дейишди.

Мана бугун 25 май. Мактабни битирганимизга 36 йил бўлибди. Аммо, шу кун мени ҳали-ҳануз азоблайди. «Нега ўша кун «Сўнгги қўнғироқ»ни ташлаб келдим?», —  деган ўй эзади.

«Сўнгги қўнғироқ» ўз номи билан болаликка, ёшликка қўйилган сўнгги жаранг экан.

«Жаранглаб чалинса, «Сўнгги қўнғироқ»,

Энг сўнги онларга қўйилур нуқта.

Умрнинг 10 йили ўтибди, бироқ,

Неларга улгурди, қилолдик удда... »

Қайсидир шоир қаламига мансуб шу шеър 36 йилки, тилимдан кетмайди.

Бундан 36 йил илгари: «Ким билади, кейин ким бор, ким йўқ», — деган Идибой синфдошим, «Яхши қилмаяпсан, эртага 25 майни ўтказиб, кейин кетишинг керак эди!», —  деган Барот синфдошим бугун орамизда йўқ.

Уларнинг айнан, шу гаплари ҳамон қулоғимда жаранглайди. Уларнинг овози, хафа ҳолда сўзлаган ҳазиломуз гаплари, мактаб ҳовлисининг чанги, май ойининг илиқ шамоли — ҳамма-ҳаммаси хотирада тирикдай.

Бугун мен инсон ҳар доим ҳам «кейин»ни танлаш имконига эга эмаслигини англаб етдим. Ҳар бир «бугун»нинг ўз баҳоси, ўз тақдири бўлар экан. Ва баъзан битта поезд чиптаси бутун бир умрлик хотиралар йўлини белгилаб қўяр экан.

«Сўнгги қўнғироқ» ўша куни мен учун болалик билан видолашув эмас, юракда хотираларнинг муҳрланиши эканини, дард эканини кейинроқ тушундим. Бу дард юракдан кетмайди: у фақат шакл алмашади, одам билан бирга катталашиб бораверади.

Бугун ҳам 25 май. Мактаб ҳовлисидаги жаранглар йўқ, ўша овозлар йўқ.

***

Бугун ижтимоий тармоқларда турли қарашларда талқин қилинаётган «Сўнгги қўнғироқ» — фақатгина мактаб ҳовлисида чалинган темир қўнғироқ эмаслигини унутмаслигимиз керак. Юқорида айтганимиздек, у болаликнинг сўнгги садоси. Ким учундир орзуларга очилган эшик, ким учун видолашув ва ким учундир янги ташвишлар бошланиши.

Эътибор қилган бўлсангиз, май ойининг охирлари келиши билан мамлакатнинг ҳар бир мактабида ўзига хос руҳ пайдо бўлади. Одатда, шовқин-суронга тўла бўлган синфхоналар сокинлашади. Ўқувчилар кулгисидаям ғалати маҳзунлик пайдо бўлади. Чунки, бу дарслар, бу парда, бу деразаю-жовонлар, қўнғироқлар... ортда қолади.

Бир вақтлар дарсга чиқишни истамаган бола ҳам йиллар ўтиб, айнан, ўша кунларни соғиниб яшайди. Бир пайтлар ёқтирмаган ўқитувчисининг қаттиққўллиги ортида меҳр борлигини кейинроқ англайди. Ҳар куни кўриб, бир-биридан зериккан синфдошлар ҳам йиллар ўтиб, энг қадрли инсонларга айланади.

Маълумот ўрнида: «Сўнгги қўнғироқ» тарихига назар ташланса, унинг собиқ иттифоқ даврида шакллангани маълум. Тарихчиларнинг қайд этишича, илк бундай тадбир 1948 йилда собиқ Иттифоқ ҳудудида ўтказилган экан. Уни биринчи бўлиб рус педагогларидан бири Фёдор Брюховецкий йўлга қўйгани ҳақида маълумотлар бор.

Шундан кейин «Сўнгги қўнғироқ» аста-секин анъанага айланган. Орадан йиллар ўтди, давлатлар ўзгарди, тизим ўзгарди, таълим тизими янгиланди, аммо, бу маросим сақланиб қолди. Халқона анъанагаям айланиб улгурди.

Ҳар йили 25 май куни мактаб ҳовлиларида битирувчилар саф тортади. Елкасида қўнғироқ ушлаган биринчи синф ўқувчисини кўтариб чиққан битирувчи даврани айланади. Мана шу тасвирнинг ўзиям жуда чиройли таассуроти билан хотираларни қайта-қайта тиклайди.

Бухоролик 68 ёшли Ҳамид ака 1975 йилда мактабни битирган:

— Ўша пайтларда худди бугунгидек дабдабабозликлар бўлмасди. Мактаб ҳовлисида саф тортардик. Директор табрикларди. Ўқитувчилар омад тиларди. Кейин эса синфдошлар билан расмга тушиб, тарқалишардик. Ҳашамати оз бўлса ҳам ҳозиргиларидан кўра, самимийроқ бўларди. Сабаби ўшанда биз қиммат либослар, ресторанлар, ортиқча дабдаба, ижтимоий тармоқ учун саҳналаштирилган видеолар кўрсатиш учун эмас, хайрлашувни ҳис қилиш учун тўпланишардик, —   деди.

Бугунги битирувчилар эса бошқачароқ фикрлайди.

Бу кун биз учун муҳим. Болалик ҳаётимизнинг якуни. Ҳамма нарса эсда қоларди бўлиши керак: либослар, расмлар, вальс.., —  дейди битирувчи қиз.

Ҳа, ҳар бир авлоднинг ҳис қилиш тарзи бошқача. Кечаги битируувчи хотирани юракда сақлаган бўлса, бугунги битирувчи уни телефон галареясида сақлайди.

Ҳатто, ота-оналар ҳам икки тарафга бўлинганини яширмаслик керак. «Кимнинг кўйлаги қиммат, кимнинг ресторани зўр...» мусобақага айланяпти. Иқтисодий жиҳатдан етишмовчилиги бор ота-оналар эса қийналиб қолишяпти.

Аслида, баҳснинг илдизидаги муаммо «Сўнгги қўнғироқ»да эмас, унинг мазмуни ўзгариб бораётганида. Шунингдек, мактабларда «вальс» ҳам баҳслашувларга сабаб бўлмоқда.

Албатта, мактаб раҳбарлари ва масъуллар эса бу масалада эҳтиёткор. Вазирлик томонидан ҳам ортиқча дабдаба, ресторанларда битирув кечалари, пул йиғиш, қиммат либослар ва хавфли сайрларга қарши қатъий чекловлар белгиланган. Бу қарорлар бежиз эмас, ҳар йили истамасак-да, «Сўнгги қўнғироқ»дан кейин турли кўнгилсиз ҳодисалар кузатилади. Байрам худди қиммат либослару, гўзал чеҳрали қиз-йигитлар намойишга айланиб кетади.

Муҳокамаю баҳсларда, ҳатто, «Сўнгги қўнғироқ» керакми?» деган саволни ташлашга ҳам улгуришибди. Тўғри, бу саволга аниқ ва бир хил жавоб йўқ. Аммо, бир ҳақиқат борки, инсон ҳаёти рамзларга ҳам муҳтож. Никоҳ, туғилган кун, ҳарбий хизматга кузатиш, нафақага чиқиш ва ҳоказо... буларнинг барчаси ҳаётий босқичларни белгилайди.

Гап уни бекор қилишда эмас, маъноли ва мазмунли ўтказишда. Агар бу тадбир орқали ота-оналар болалар кўз ўнгида «бой-камбағал»га ажратилса, «Сўнгги қўнғироқ», шубҳасиз, аҳамиятини йўқотади, ўзидан бездиради.  Юқорида 68 ёшли Ҳамид ака айтганидек, асосий урғу устозларга раҳмат айтиш ва синфдошлар билан хайрлашишга қаратилса, анъананинг умри давомли бўлади.

***

Орадан йиллар ўтар. 30 йил. 50 йил. Бугунги битирувчилар худди биз каби сочига оқ тушган ҳолда мактаб ҳовлисидан ўтар, аммо, болалик соғинчи ўзгармайди. «Ким билади, кейин ким бор, ким йўқ!», — деган оғриқ хотиралар қалбларни бу қадар ўртамайди...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг