Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Bukhara investment Forum»да 200 дан ортиқ инвестиция объектлари ва лойиҳалар тақдим этилади

«Bukhara investment Forum»да 200 дан ортиқ инвестиция объектлари ва лойиҳалар тақдим этилади

Фото: Беҳзод Неъматов

Бухоронинг иқтисодий, инвестицион ва туризм салоҳиятини намойиш этиш ҳамда истиқболли инвестицион лойиҳаларни муҳокама қилиш мақсадида Бухоро ёшлар марказида «Bukhara investment Forum» ташкил этилганини хабар қилган эдик. Ушбу тадбир Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноевнинг табрик сўзи билан очилди.

Фото: Беҳзод Неъматов

Форумда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш мақсадида Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Иордания, Ироқ, Бирлашган Араб Амирликлари, Исроил, Россия ва Европанинг бир қатор мамлакатлари ҳамда Мустақил ҳамдўстлик давлатларидан келган бизнес вакиллари қатнашди.

«Ўтган икки йиллик қисқа даврда Давлатимиз раҳбари бошчилигида ташқи сиёсатда очиқлик принципига амал қилиниб, 46 та мамлакат аҳолиси юртимизда 30 кунгача визасиз бўлиши, 76 та давлат фуқаролари енгиллаштирилган тартибда электрон виза олиши, 101 та мамлакат аҳолиси учунчи давлатга боришда Ўзбекистонда 5 кунгача визасиз кириши каби қатор имтиёзлар жорий этилиши миллий туризм салоҳиятимизни янада юксалтириш имконини яратмоқда. Биргина, 2018 йилнинг ўзида юртимизда хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва соҳани жадал ривожлантиришга қаратилган 50 дан ортиқ муҳим Фармон ва қарорлар қабул қилинганлиги фикримизнинг яққол далилидир, - деди ўз сўзида Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев, - Бу ижобий ўзгаришларни қайд этадиган бўлсак, 2018 йилда сайёҳлар сони 2,5 млн. кишига етди. Хорижий сайёҳлар сони 301 мингдан ортиб, қарийб 2 бараварга кўпайди. Истиқболда Бухорога сайёҳлар оқими кескин ортишини ҳисобга олиб, жорий йилда 60 га яқин меҳмонхоналар, 20 дан ортиқ ресторанлар, бир қатор истироҳат боғлари, сайлгоҳлар қурилмоқда»

Форумнинг дастлабки қисмида вилоятимизда инвесторлар учун яратилган шароитлар, мавжуд эркин иқтисодий зоналар ҳақида сўз юритилди.

Бунда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Винод Кумар, Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси Саид Рустамов, Бухоро вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров ва бошқалар сўзга чиқишди.

Фото: Беҳзод Неъматов

Форумда хорижий инвестициялар учун яратилган шарт-шароитлар билан маҳаллий тадбиркорлар билан учрашган ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш имконияти яратилган.

Билдирилишича, Ўзбекистон Республикасида инвесторлар, хусусан хорижий инвесторлар учун кўплаб енгилликлар яратилаётгалиги натижасида 2017 йилда 18 та, 2018 йилда 53 та хорижий инвестициялар иштирокидаги компаниялар ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 156 тага етган.

Фото: Беҳзод Неъматов

Форум давомида вилоятнинг шаҳар ва туманларида амалга оширилиши режалаштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 200 дан ортиқ инвестиция объектлари ва лойиҳалар тақдимоти ташкил этилиши мўлжалланган.

Форум иши давом этмоқда.

Лайло Ҳайитова

 

Фото: Беҳзод Неъматов
Фото: Беҳзод Неъматов

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг