Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода 54 минг оилага моддий ёрдам пуллари топширилди

Бухорода 54 минг оилага моддий ёрдам пуллари топширилди

Фото: Xabar.uz

Бухорода ҳам эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида эзгу амалга қўл урилиб, бир марталик моддий ёрдам конвертлари хонадонларга етказиб берилди. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 2 апрелдаги ПҚ-134-сон қарорига мувофиқ, 2025/2026-йилги иситиш мавсумида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига 1 миллион сўмдан моддий ёрдам ажратиш тўғрисидаги қарор ижросидир.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси раҳбари Умиджон Умаровнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ҳудуд бўйича 54 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилган. Улар билан бир қаторда, ўтган йилда камбағалликдан чиқиб, қайта камбағаллик хавфи гуруҳига тушиш эҳтимоли бўлган 2,6 минг оила ҳамда болаларни патронатга олган 46 та оила ҳам давлат ёрдамидан четда қолмади.

Умаровга кўра, ўтган даврда компенсация ва ёрдамлар бўйича 69,7 мингта ариза кўриб чиқилган. Базавий меъёрдан юқори истеъмол қилган 16,4 минг оилага 895,2 миллион сўм компенсация тўланган. Фақатгина ўтган йилги иситиш мавсумининг ўзида 4,1 минг оила мурожаат қилган бўлиб, шулардан 1,7 минг нафарига 166,1 миллион сўм тўлов амалга оширилган. Жорий мавсумда эса аҳоли учун бир марталик ёрдам пулини тўлаш мақсадида 54,7 миллиард сўмлик маблағ тижорат банкларига йўналтирилган.

Қоровулбозор туманидаги «Тинчлик» маҳалласида 5350 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ижтимоий ҳимоя ишлари изчил давом этмоқда. 120 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро, 35 та камбағаллик реестридаги оила ва 13 нафар якка-ёлғиз кексалар истиқомат қилади. Мавжуд муаммоларни камайтириш мақсадида 99 нафар эҳтиёжманд фуқарога куз-қиш мавсумида коммунал тўловларни қоплаш учун махсус моддий ёрдам конвертлари топширилган.

Шу маҳаллада яшовчи, I-гуруҳ ногиронлиги бўлган Нилуфар Намозова учун бу ёрдам айни дамда катта маънавий куч бўлди. У 17 йилдан бери оғир касаллик билан курашиб келади, икки йилдан бери аравачада ҳаракатланади. Маҳалла ижтимоий ходими унинг хонадон ҳолатини ўрганиб, асистент хизматларини ташкил этган, зарур воситалар, жумладан, ногиронлар аравачаси ва тирсак ҳассаси билан таъминлаган.

Нилуфар опа олдин йиғилиб қолган коммунал қарзларининг тўлиқ ёпилгани ҳақида сўзлади:

«Йиллар давомидаги машаққатларим давомидаги ҳар бир эътибор мен учун умид бўлиб келди. Бир марталик ёрдам, асистент хизмати буларнинг барчаси ҳаётимни енгиллаштирди. Эътиборсиз қолдиришмагани учун миннатдорман»,- дейди у.


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг