Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда илк маротаба! Бозор — тадбиркорлик субъектига ишончли бошқарув учун берилди

Ўзбекистонда илк маротаба! Бозор — тадбиркорлик субъектига ишончли бошқарув учун берилди

Фото: «mytashkent.uz»

Давлат раҳбарининг топшириғига асосан, Тошкент шаҳрида маҳаллий бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш мақсадида Фармон лойиҳаси тажриба сифатида синовдан ўтказилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу тажриба доирасида Президент девони бошчилигида ҳамда Адлия вазирлиги ходимларининг ҳуқуқий ёрдамида пойтахтнинг Мирзо Улуғбек ҳамда Олмазор туманларида ташкилий ишлар олиб бориляпти.

Мазкур тажриба давомида М.Улуғбек тумани ТТЗ массивидаги «Наврўз деҳқон бозори» Ўзбекистонда илк маротаба тадбиркорлик субъектига ишончли бошқарувга берилди.

Ўзи ишончли бошқарув деганда нима тушунилади?

Бу — давлат мулкидан ташкил топган ҳамда амалда давлат идорасининг бошқарувида бўлган мол-мулкни тадбиркорлик субъектига ишончли бошқарувга топширишдир.

Бу эса ўз навбатида, мазкур бозорни эндиликда тадбиркор томонидан мустақил равишда эркин иқтисодий қонуниятлари асосида ҳамда давлат органларининг таъсиридан мутлақо ҳоли ҳолда бошқаришдир.

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон деҳқон бозорлари нафақат юртимиз халқи, балки хорижлик сайёҳлар учун ҳам ўзгача ўрин тутган бўлиб, бу бир неча асрли тарихга эгадир.

Бироқ, олиб борилган чуқур ўрганишлар, таққослаш ҳамда тахлиллар натижасида, нафақат пойтахтдаги, балки республикадиги аксарият бозорларнинг иқтисодий ҳолати аянчли аҳволдалиги маълум бўлди.

Бугунги кунда республикада давлат улуши бўлган 491 та бозор ва савдо комплекслари мавжуд. Жорий йил биринчи ярим йиллик якунига кўра уларнинг бюджет, жисмоний ва юридик шахслар олдидаги қарздорлиги 80 млрд сўмдан ортиқни ташкил этади.

Биргина Мирзо Улуғбек туманидаги «Наврўз деҳқон бозори»нинг бюджет ва бошқа тўловлар олдидаги қарздорлиги 1,860 млрд сўмни ташкил этмоқда. Ушбу қарздорлик натижасида бозорнинг ҳисоб рақамига банд солинганлиги сабабли, бозор бир неча йиллар давомида ривожланмай келмоқда. Бундан ташқари, кундалик йиғим бадали, халқ тили билан айтганда, «Патта» пули тартибсиз ва тизимсиз равишда ундирилиши оқибатида, маҳаллий бюджетга келиб тушиши белгиланган маблағ қиймати кескин пасайиб кетган. Шунингдек, бозорда тартибсиз равишда савдо олиб борилиши, яъни тадбиркорлар томонидан белгиланган расталарда эмас, аксинча дуч келган жойда савдо қилиниши санитар ҳолатга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Аниқланган ушбу камчиликлардан сўнг, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий веб-саҳифасига бозорни ишончли бошқарувга топшириш ҳақида эълон жойлаштирилди.

Эълон асосида келган бир қанча тадбиркорлар билан ўзаро музокаралар олиб борилди. Бозорнинг ривожланишига оид қўйилаётган шартларга рози бўлган тадбиркор билан бозорнинг бошқарув кенгаши ҳамда ушбу тадбиркор ўртасида тегишли шартнома имзоланди.

Юқорида айтиб ўтилганидек, ушбу тажриба илк маротаба амалга оширилаётганлиги сабабли, имзоланган шартнома адлия вазирлигнинг масъул ходимлари томонидан ишлаб чиқилиб, унда Ишончли бошқарувчига бир нечта асосий талаблар қўйилди.

Булар:

  • Қисқа муддатда мавжуд 1,860 миллиард сўм қарздорликни бартараф этиш;
  • Бозорда инновацион ва технологик жиҳатдан мутлақо янги ускуналарни қўллаш;
  • Бошқарув тизимини бозор принципларига мос ҳолда тубдан ўзгартириш;
  • Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг сунъий равишда ошиб кетмаслигини таъминлаш мақсадида, маҳсулот етиштирувчи фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгаларининг тўғридан-тўғри ўзи савдо қилиши учун шароит яратишдир.

Мазкур тажриба ижобий якунланган ҳамда ушбу кўзлаган мақсад ва пировард натижаларга эришилган тақдирда, Адлия вазирлиги бозорларни ривожлантириш бўйича тегишли қарор лойиҳасини тайёрлайди ва Ҳукуматга киритилишини таъминлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг