Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сурхондарёда пиёз етиштирганларнинг уйи куймоқда (видео)

Сурхондарёда пиёз етиштирганларнинг уйи куймоқда (видео)

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталига Сурхондарёнинг Денов, Шўрчи, Узун туманларидан бир вақтда бир хил мурожаат келиб тушди. Мурожаатда айтилишича, юқоридаги туманларда бу йил шахсий томорқаларига, шунингдек, фермерлардан ижарага олинган ерларга пиёз экканлар хонавайрон бўлмоқда.

Бу йил пиёз ҳосили режадагидан анча мўл бўлгани боис унинг нархи тушиб кетган, даланинг бошида килоси 100 сўмдан сотилаётир. Мурожаатда айтилишича, таклиф этилаётган пул уни қазиб олиш харажатларини қоплашга ҳам етмаётгани боис пиёзлар далада қолиб кетмоқда, айримлар кейинги экин учун ерни шудгорлатиб юбормоқда.

Пиёз етиштиришнинг машаққатини бошидан ўтказган билади. Уни ўтоқ қилиш, то етилгунча парваришлар учун деҳқон даладан чиқмай деярли ҳар куни соатлаб эгилиб меҳнат қилади. Ҳали уруғлик, ўғит ва бошқа харажатларни гапирмадик.

Шахсий томорқа бўш ётмасин, акс ҳолда ер олиб қўйилади деб бонг уришни биламиз. Аммо ҳосил мўл бўлгани учунгина деҳқоннинг хонавайрон бўлишини тасаввур қилиш қийин! Ишлатишни билаяпмизми, деҳқонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ҳам ўрнига қўйишимиз керак-да! «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси, «Ўзбекагроэкспорт» АЖ ва бошқа мутасадди идоралар шундай пайтда ишлаб чиқарувчиларнинг жонига ора кирмаса, қачон одамларнинг корига ярайди?

Агар вазият шу тахлит давом этса, ерга уруғ қадаб, минг бир машаққат билан маҳсулот етиштирганлар куйиб қолаверса, келгусида одамларнинг деҳқончиликдан кўнгли совиб кетиши, бу эса республикада мева-сабзавот тақчиллигига олиб келиши эҳтимоли юқори. Ҳалиям кеч эмас, эс борида этакни ёпиш керак. Акс ҳолда бунинг тўлови оғир бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг