Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Афғонистондан олиб кирилган ярим тоннадан ортиқ наркотик фош этилди

Афғонистондан олиб кирилган ярим тоннадан ортиқ наркотик фош этилди

Фото: ДХХ

Ўзбекистон чегарасида қарийб 600 килограмм гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди. Давлат хавфсизлик хизмати, Чегара қўшинлари ва Божхона қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик партиядаги наркотик моддалар мусодара қилинган.

Маълум қилинишича, жиноий гуруҳ наркотик воситаларни тонг саҳарда, назорат сусаяди деган тахмин билан олиб ўтишни режалаштирган. Бироқ чегарадаги текширув жараёнида уларнинг ҳаракати фош бўлган.

Сурхондарё вилоятидаги «Термиз-авто» чегара божхона пости орқали Афғонистон фуқароси бошқарувидаги «Мерседес» русумли юк автомашинаси текширувдан ўтказилган. Унинг тиркамасида ташилаётган «Doosan» русумли экскаватор инспекцион кўрик мажмуаси орқали сканер қилинганда, техник қурилманинг кўтаргич қисмида шубҳали жисмлар аниқланган.

Шундан сўнг махсус техник восита — эндоскоп ёрдамида экскаваторнинг ички қисми кўздан кечирилган. Текширув натижасида кўтаргич қисми ичига яширилган йирик миқдордаги гиёҳванд моддалар топилган.

Маълумотларга кўра, у ердан 593 килограмм «гашиш» ва 3 килограмм «опий» аниқланган. Наркотик воситалар конструкцияда кўрсатилмаган бўшлиқларга махсус тарзда жойлаштирилгани қайд этилмоқда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246- ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг