Қозоғистондан олиб кирилаётган 1,3 млрд сўмлик дорилар фош этилди
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва Божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мамлакатга ноқонуний олиб кирилаётган катта партиядаги дори воситалари тўхтатиб қолинди.
Маълум қилинишича, Қозоғистондан Тошкент вилояти Қибрай туманидаги «С. Нажимов» чегара божхона пости орқали кириб келган юк автомашинаси текширувдан ўтказилган.
Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи 1973 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги транспорт воситасида озиқ-овқат маҳсулотлари орасига яширилган 52 турдаги тиббиёт буюмлари ва дори воситалари аниқланган.
Текширув давомида жами 95 минг 369 дона маҳсулот ноқонуний тарзда олиб кирилаётгани маълум бўлди. Тезкор тадбир давомида ноқонуний юкларни қабул қилиб олаётган вақтда Тошкент туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган шахс ҳам ашёвий далиллар билан ушланган.
Тегишли баҳолаш хулосасига кўра, ушбу дори воситалари ва тиббий буюмларнинг умумий қиймати 1 миллиард 323 миллион сўмни ташкил этган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter