Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аҳолини рўйхатга олиш — у нима ва бизга қандай наф келтиради?

Аҳолини рўйхатга олиш — у нима ва бизга қандай наф келтиради?

Ўзбекистонда 2026 йил 15 январдан 28 февралгача аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади. Бу қандай жараён ва у бизга нима учун керак? Хабар.уз аҳборот таҳлилий портали ушбу тадбирга атрофлича тўхталиб ўтади.

Мақсад

Рўйхатга олиш жараёни аҳолининг ёши, жинси, оилавий ҳолати, таълим даражаси, миграция жараёнлари, иш билан бандлиги ва даромад манбалари ҳақида ягона маълумотлар базаси шаклланишига ёрдам беради. Бу орқали юртимизда демографик, ижтимоий ва иқтисодий кўрсаткичлар аниқлаб олинади. Шу тариқа қайси ҳудудда янги мактаб ва поликлиникалар қуриш кераклигидан тортиб, ижтимоий муҳофаза, қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланиш, чорвачилик ва паррандачилик кўрсаткичларигача маълум бўлади.

Қайта рўйхатга олиш биринчи навбатда қаерда янги турар жой масканлари, йўл ва кўприк қуриш кераклигини аниқлаш имконини беради. Фақат аниқ маълумотлар асосидагина бюджет маблағларини тўғри йўналтириш мумкин.

Ижтимоий муҳофаза

Қайта рўйхатга олиш ижтимоий муҳофаза лойиҳаларини самаралироқ йўлга қўйиш имконини беради. Ўзбекистон халқи яқин вақтларда қарийб 40 миллионга етиши кутилмоқда, табиий аҳоли сони тобора ортиб бориши асносида ижтимоий муҳофазани кучайтириш ошириш зарурати ҳам юзага келади.

Аҳолининг рўйхати қайта шакллантирилганда эса:

• Кам таъминланганлар, ёрдамга муҳтожларни ўз вақтида аниқлаш, уларга нафақа ва имтиёзларни шакллантириш.

• Ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламларни қайта ўқитиш, касбга йўналтириш, янги ўқув марказлари, мономарказлар очиш.

• Аҳоли ўртасидаги турли касалликларни аниқлаш, тиббий лойиҳаларни шакллантириш.

• Пенсия ва нафақалар ҳажмини белгилаш, шакллантириш мумкин бўлади.

Жараён

Мустақил Ўзбекистоннинг 34 йиллик тарихи давомида ҳали бирор марта аҳолини рўйхатга олиш жараёни ўтказилмаган. Табиийки бундай вақтда турли саволлар пайдо бўлиши турган гап. Хўш, бу жараён қандай амалга оширилади?

Рўйхатга олиш икки усулда бўлиши режалаштирилмоқда. Биринчи усулда, 2026 йилнинг 15 январидан 31 январгача бўлган муддатда census.stat.uz сайти орқали онлайн рўйхатга олиш ишлари амалга оширилади. Иккинчи усулда, 4 февралдан 28 февралгача бўлган муддатда махсус ўқувдан ўтган шахслар уйма-уй юриб, рўйхатга олиш ишларини амалга оширадилар.

Табиийки шу ўринда яна бир савол пайдо бўлади – аҳолидан йиғиб олинган шахсий маълумотлар тарқалиб кетмайдими? Ҳар ҳолда ахборот асрида яшамоқдамиз ва деярли ҳар куни қандайдир ҳолатлар учраб турибди.

Хотирингизни жам қилинг, ҳаммаси ўйлаб қўйилган.

Конфиденциаллик

Қайта рўйхатга олиш жараёнида йиғилган барча маълумотлар махфий сақланади ва респондентнинг розилигисиз ошкор этилмайди. Маълумотларнинг сифатлилиги аҳоли фаоллиги ва олинган маълумотлар тўғрилигига боғлиқ. Шу сабабли ҳар бир хонадон ушбу тадбирда фаол иштирок этиши, рўйхатга олиш муваффақиятли амалга оширилишини таъминлашда аҳамиятли ҳисобланади.

Халқаро тажриба

Рўйхатга олиш мустақил республикамизда тарихий воқеа эканини айтиб ўтдик, лекин дунёнинг деярли барча мамлакатларида ушбу тадбир мунтазам амалга ошириб келинади. Бу жараён Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ҳам тавсия қилинади.

Аниқ мисоллар билан келтирадиган бўлсак, рўйхатга олиш ишлари хориж тажрибасида бир қатор афзалликларни келтирган. Германияда қайси ҳудудларда туғилиш камайиб, қай бирида ошгани аниқланган ва аҳоли сони ошиши кутилаётган жойларда қўшимча мактаб ва боғчалар қурилган.

Канаданинг Ванкуверида эса рўйхатга олиш натижасида қайси ҳудуддан шаҳар марказига қатнов кўп экани аниқланди ва янги метро линияси қурилди. Аҳолининг ўртача ёши тобора ошиб бораётган Японияда қаерда ёрдамга муҳтож қариялар кўп экани аниқланиб, ўша ерда қўшимча ижтимоий муҳофаза объектлари ишга туширилди.

Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин. Рўйхатга олиш маълумотлари «ижтимоий ҳимоя», «инвестиция», «уй-жой», «соғлиқни сақлаш», «маданият», «туризм», «таълим», «йўл қурилиши ва инфратузилма» каби манзилли дастурларни тўғри тайёрлаш ва амалга ошириш учун керак бўлади. Қайсидир ҳудудда бирор ижтимоий объект қуриш керак бўлса, керакли ташкилотлар бундай заруратни ўн, ўн беш йил олдин билади ва режалаштириб қўяди.

Фойдалими? Фойдали!

Ҳукумат

Ишончли ахборот ҳукумат ишини ҳам осонлаштиради, турли даражадаги қисқа ва узоқ муддатли дастурларни белгилаш, зарур прогнозларни самарали ишлаб чиқиш учун керак бўлади. Маъмурий бирлик ҳудудида аҳоли тўғрисидаги маълумотлар бошқарув тизимини оптималлаштириш, шунингдек, ижтимоий соҳани аниқ ва самарали фойдаланишини таъминлайди.

Масалан, бюджет харажатларини камайтириш учун субсидиялар ҳажми маълум бир ҳудудда яшовчи аҳоли сони ва таркиби асосида аниқланади.

Инсон салоҳияти

Ўзбекистон иқтисоди йил ўтган сари ривожланиб бормоқда. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти сўнгги 7-8 йилда икки баробарга ошди ва бугунги кунда жон бошига қарийб 3,5 минг долларга етган. Ҳар қандай замонавий иқтисодиётнинг асосий манбаи – инсон салоҳияти ҳисобланади. Бугунги кундаги асосий вазифа мана шу салоҳиятдан самарали фойдаланиш ва кучлироқ бўлишдир.

Бунинг учун аҳоли таркиби, унинг иқтисодий фаоллиги, таълим даражаси ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш шарт.

Мигрантлар

Очиғини айтиш лозим, гарчи иқтисодий омиллар ўсиб бораётгани билан ҳамон меҳнат муҳожирларининг аҳамияти долзарблигича қолмоқда. Рўйхатга олиш нафақат мамлакатда қанча одам борлиги, балки қанча ҳамюртимиз қайси мамлакатларда фаолият олиб бораётгани ҳақида ҳам маълумот беради. Бу эса ўз навбатида уларнинг муҳофазаси учун олиб борилаётган ишларни ҳам мувофиқлаштириш имконини беради.

Хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қила олишимиз учун у ерда қанча юртдошимиз борлигини билишимиз керак.

Ҳозир нималар қилинмоқда?

Рўйхатга олиш тадбири анча масъулиятли вазифа ҳисобланади ва уни юксак савияда ташкил этиш учун қуйидаги ишлар олиб борилмоқда:

• ҳудудларда ўқув семинарлари ва амалий машғулотлар ташкил этилмоқда;

• рўйхатга олувчилар ҳамда назоратчиларни тайёрлаш ишлари йўлга қўйилган;

• рўйхатга олиш жараёнида электрон планшетлар ва махсус ахборот тизимларидан фойдаланиш режалаштирилган;

• фуқароларга электрон саволномаларни тўлдириш тартиби ва жамланган маълумотларнинг махфийлиги юзасидан тушунтиришлар бериляпти.

Саволнома жами 71 та саволдан иборат бўлиб, шундан 54 таси аҳоли, 17 таси қишлоқ хўжалигига оид масалаларни қамраб олади.

Хулоса

Аҳолини рўйхатга олиш шунчаки тадбир эмас, балки анча кўпроқ нарсани англатади. Бу мамлакатнинг инсоний салоҳияти, ресурслари, эҳтиёжлари ва истиқболларининг кенг кўламли инвентаризациясидир. Аҳолини рўйхатга олиш анкетасидаги ҳар бир тўлдирилган майдон миллионлаб одамлар ҳаётига таъсир қиладиган келажак пойдеворидир. Ҳар бир фуқаро рўйхатга олишда фаол иштирок этиши шарт. Унутманг, сизнинг иштирокингиз жамият ва давлат ривожига киритиладиган улкан инвестициядир.

Ўзбекистон келажаги ўз қўлимизда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг