Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Амударёдаги оролда жойлашган чегара қўриқлаш пости учун янги бино қурилди

Амударёдаги оролда жойлашган чегара қўриқлаш пости учун янги бино қурилди

Термиз шаҳри яқинида, Амударёнинг қоқ ўртасида қамишзор, тўқайзор ва қумлардан иборат катта оламдан ажралган ўзига хос табиат мўъжизаси жойлашган. Майдони тахминан 4 минг гектарлик сатҳга эга, узунлиги 8, эни 5-6 километр бўлган бу оролда турфа ҳайвонлар эркин, ёввойи ҳолда яшайди.

ЮНЕСКОнинг табиат ёдгорликлари рўйхатига киритилган ушбу ҳудуд пайғамбарлардан бирининг рамзий қабри жойлашган манзил сифатида қадрланади. Унинг «Пайғамбар ороли» номини олиши ҳам шундан — бу ерда Қуръони каримда зикр этилган йигирма беш пайғамбардан бири бўлмиш, милоддан аввалги VI-VII асрларда яшаб ўтган Зул-Кифл («кафолат соҳиби» маъносини билдиради) алайҳиссаломнинг рамзий мақбараси мавжуд.

XVII асрда яшаган балхлик машҳур қомусий олим Маҳмуд ибн Валий «Сирлар денгизи» асарида пайғамбар Зул-Кифл алайҳиссалом дафн этилган Термиз яқинидаги бу орол Ҳаким Термизий билан Ҳизр алайҳиссаломнинг учрашув жойи бўлганини қайд этади.

Оролдаги «Зул-Кифл» мақбараси турли даврларда бунёд этилган гумбазли катта масжид ва жанубдан туташган сағанали ҳилхона ҳамда ғарб томондан бириктирилган икки хонадан иборат. Масжид мураббаъ тарҳли, олди пештоқли, безаги ғишт чоргул ва арча тарзида терилган,меҳробига ганч гириҳ нақш ишланган. Мақбара 2018 йил бошида реконструкция қилиниб, обод ҳолга келтирилди.

Ушбу орол қўшни Афғонистонга туташ бўлгани боис чегарачилар томонидан қўриқланади. Бу ерда Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм бўлинмаси жойлашган. Бўлинма вакилининг айтишича, мабодо Афғонистон ҳудудидан ғаламислар Ўзбекистонга шу ҳудуд орқали ўтишга уринишса, қишнинг аёзли тунлари, қаҳратон кунлари, ёзнинг жазирама кунларига қарамай, ушбу оролда хизмат вазифаси ва бурчини сидқидилдан бажараётганлар қаршилик кўрсатади.

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 28 йиллиги бўлинма ҳарбий хизматчилари учун қўшалоқ байрамга айланди. Бугун, 12 январь куни бу ерда барча қулайликларга эга бўлинма биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ва бир гуруҳ ёшлар иштирок этди.

Янги бинони қуриб, жиҳозлаш учун 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Кенг, шинам ётоқхоналар, барча қулайликларга эга ошхона, спорт зал, ўқув хонаси, ҳаммом, дам олиш хоналари, автосарой қурилди. Бино атрофи ободонлаштирилиб, мевали, манзарали дарахт ва турли гул кўчатлари экилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг