Бир юз ўттиз Термизий
Замонавий шаҳар сифатида истиқлол даврида яшариш ва яшнаш палласига кирган Термиз шаҳри ўз узоқ кечмишида неча бор ёниб, неча бор кул бўлиб, неча бор вайронагарликлардан бош кўтаргани ва яна қаддини тиклаб, яшаб қолишда давом этгани тарихдан маълум. У – зардуштийлик, буддавийлик маркази. У – ислом динини икки дарё оралиғи юртида илк бора қаршилаган ва ҳаммадан аввал бу нафас ила яшай бошлаган дастлабки манзил.
Шаҳар Мовароуннаҳр диёри, кенг маънода Марказий Осиё ва унга ёндош бошқа ҳудудларга исломнинг кириб келиши ва милодий IX–XII асрлар Уйғониш даврини англашимизда алоҳида ўринга эга ҳисобланади.
Термиз ва унинг тарихини ўрганиш XX асрнинг 20-йилларидан бошланган ҳамда бу борада эришилган салмоқли ютуқлар барчага маълум, аммо бунда асосий эътибор шаҳарнинг моддий маданиятини ўрганиш – ўзлаштиришга қаратилгани ҳам рост. Бинобарин, шаҳарнинг маънавий ҳаёти ва қиёфасини ўрганиш ўтган аср охирларида бошланиб, бу ҳолат мустақиллик йилларида сифат жиҳатидан янги даражаларга чиққанини ҳам кўриб турибмиз.
Каминанинг кузатувига кўра, бу борадаги биринчи изланиш сифатида бундан қирқ йил муқаддам, яъни 1979 йилнинг 14 август куни шарқшунос биродаримиз Зокиржон Ғойиб Маҳмуд ўғли вилоят газетасида чиқарган «Ал-Ҳаким ат-Термизий» номли мақолани кўрсатса бўлади.
Бу ўз даври учун алоҳида эътирофга лойиқ журъатли иш эди. Зеро, шўро сиёсатининг энг авж паллаларида илк бора алломамиз ҳаёти, илмий фаолияти, мероси холис ва қамровли ёритилган эдики, бунинг учун муаллифнинг баъзи тазйиқларга дучор қилингани ҳам бежиз бўлмаган!..
1990 йили икки босма тобоқ ҳажмдаги «Термиз ота» (муаллифлар: Низомжон Парда, Асомиддин Темур) китобчаси чиқади, Абу Исо Термизийнинг «Аш шамоили ан-набавийя» асари Саййид Маҳмуд Тарозий таржимасида чоп этилади. Кейинроқ эса Муҳаммад Ҳаким Термизий ва Абу Исо Термизийга асосий эътибор қаратилиб, юртимизда ва хорижда бир қатор тадқиқот ишлари олиб борилади, ўнлаб китоблар, юзлаб мақолалар юзага келади.
Термизийлар меросини яхлит тарзда умумлаштириш йўналишида ҳам ишлар давом эттирилган. Бунда Сурхон воҳаси зиёлиларининг изланишлари алоҳида аҳамиятли. Жумладан, тарихчи Шониёз Сафаров қаламига мансуб «Термиз ва термизийлар» номли китоб бу борадаги дастлабки тўплам бўлди. Эътиборга сазовор жиҳати шундаки, мазкур тўплам ва унда жамланган маълумотлар Сурхон диёри тадқиқотчиларининг янги авлоди ижодига жуда катта таъсир кўрсатди.
Термизлик олимлар: Аҳмад Абдуллаев, Жаббор Эсонов, Бобоназар Муртазоев, Жалолиддин Мирзаев, Рамазон Абдуллаев ва бошқалар олиб борган ишларнинг натижаси ўлароқ кўплаб адиб ва шоир Термизийлар номи, фаолияти ва мероси кашф этилди ҳамда бу жараён ҳануз давом этади. Мирзо Кенжабекнинг термизийлар мавзуида кўлами кенг асл манбаларни тадқиқотга жалб этиши, муҳим таржималарни амалга ошириши қимматли тажрибалардан бири бўлди. Жалолиддин Мирзонинг Термиз саййидлари бўйича изланишлари, Бобоназар Муртазоев томонидан тузилган юздан ортиқ Термизий рўйхатининг эълон қилиниши ўқувчиларнинг кенг доирасида хос қизиқиш уйғотди.
Бугунги кунда, яъни мустақиллик йилларида амалга оширилган тадқиқотлар Термизнинг нафақат давлатчилик ва маданият тимсоли эканлиги, балки маънавият ва маърифат маркази сифатида эътироф этилишига ҳам имкон яратди, деган яхлит тўхтамни беради.
Эришилган марралар аниқ, шу билан бирга термизийлар борасида қилинадиган ишлар ҳали кўп. Зеро, ушбу йўналишда араб тилидаги маълум ва машҳур асарлар илмий муомалага деярли киритилмаган, мавжуд маълумотлар эса узуқ-юлуқ ва кенгроқ тадқиқий ёндашувга муҳтож ҳолида қолаётир. Мана шу бўшлиқни тўлдириш, аниқроғи, бошланган ишларни бундан-да каттароқ миқёсда давом эттириш, манбалар кўламини тобора кенгайтириб, улар билан барчани таништириш зарурати «Термизнинг безавол қалъалари ёхуд Термиз тарихи» монографиясининг юзага келишига сабаб бўлди. Монография муаллифи Жўрабек Чўтматов, зиёли оиласидан, Термиз университетининг тарих факультетида таълим олган, магистратурани ҳам шу даргоҳда ўтаган. Термизий олимлар ҳаёти ва илмий мероси бўйича изланишлар олиб боради. Китоблари, илмий мақолалари, таржималари бор. Лекин, Жўрабекнинг энг муҳим ютуғи, бу унинг мустақил равишда араб тилини ўргангани ва шу сабабли қадимий асл шарқ манбаларини бемалол истифода эта билишидир.
Хуллас, қарийб 23 босма тобоқ, 346 саҳифадан иборат бу китоб Шарқнинг Уйғониш даври бўлган IX–XII асрларда тарихий Термиз кечмиши ва маданияти, мазкур даврда яшаб ўтган термизий улуғ алломаларнинг ҳаёти ва фаолияти, уларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётига қўшган ҳиссаси каби масалалар илмий-тарихий бирламчи манбалар асосида кенг кўламли тадқиқ этилишига бағишланган. Унда, шунингдек, Термиз тарихи, жўғрофияси, бошқа шаҳарлар билан алоқаси ва ислом маданиятини шакллантиришдаги ўрни етарли далил ва хулосалар асосида кўрсатиб ўтилар экан, шу пайтгача маълум бўлган термизий алломаларнинг ҳаёти ва илмий фаолияти билан боғлиқ янги маълумотлар тақдим этилиши қаторида юртимиз манбашунослигида ҳали номаълум бўлган термизийлар хусусида ҳам сўз юритилади, яъни жами 130 нафар термизий алломалар ҳақида маълумотлар йиғилган. Уларнинг ўн нафари табаа тобеинлар экани илк бора аниқланмоқда (эслатма: мусулмон ҳолида пайғамбаримиз ёнида бўлганлар саҳоба, саҳобаларга шу тарзда етишганлар тобеин, тобеинларга шу тарзда етишганлар эса табаа тобеин дейилади).
Мазкур маълумотлар нафақат Термиз, балки юртимизнинг ўтмиш исломий-маънавий муҳитини ва тарихини ўрганишда ҳам катта ёрдам беради, албатта. Ана шу 130 нафар Термизий орасида табаа тобеинлардан илм олувчилар ва бошқа термизлик олимлар юздан зиёд кишини ташкил этган бўлса, буларга қўшимча саккиз нафар термизлик тасаввуф намояндалари ажратиб кўрсатилган ҳамда Термиз ноҳияларидан етишиб чиққан Сарминжоний, Шайшақий, Рухшабузий каби олимлар ҳам уларнинг тоифа сафига қўшилган.
Асарда ўқувчига қулайлик бўлишини кўзлаб ҳадис илмига тегишли атамалар изоҳи келтирилади. Шу билан бирга муаллиф ўзи фойдаланган араб, форс, ғарбу шарқнинг бошқа тиллари, шунингдек ватанимиз манбаларига оид 324 та адабиётни алоҳида туркумлаб жойлаштирганки, бундан ҳамма нарса аниқ намоён бўлиб туради ва бу ҳолатга ҳам ютуқ сифатида қаралиши лозим бизнингча!
Мазкур тадқиқот орқали билиш мумкинки, Термиз исломнинг илк давридагидек, кейин ҳам Мовароуннаҳрда ҳанафийликнинг муҳим марказларидан бири бўлиб қолган. Бошқа ўлкалардан келган машҳур олимлар Термиз илмий муҳитидан баҳра олишган, баъзи термизийлар исломнинг ўша даврдаги бошқа илмий марказларида фаолият юритиб, маълум илм соҳаларида етакчилик қилишган. Бу ерда диний илмлар қаторида табиий илмлар ҳам ривож топган, жумладан, ислом оламида устурлоб ишлатилган илк ҳудудлардан бири Термизда бутун бошли расадхона фаолият юритган.
Шу билан бирга муалиф алоҳида таъкидлайдики, ислом оламида тан олинган олти ҳадис китобидан бирининг муаллифи Абу Исо Термизийнинг ўндан зиёд шайхи ва устози Термиздан эканлиги ул зотнинг ушбу шаҳардан етишиб чиқиши бежиз эмаслигини, Термизда бунинг учун лозим даражадаги илмий муҳит ва ҳадис мактаби юзага келганлигини кўрсатади.
Иқтидорли ёш олим Жўрабек Чўтматовнинг монографиясида милодий IX-XII асрларда етишиб чиққан термизийлар ҳақида сўз юритилган. Сезган бўлсангиз, кейинги даврлар – то милодий XIX асргача етишиб чиққан термизийларни ўрганиш эса ҳали алоҳида мавзу сифатида қолаётир. Демак, изланишлар давом этади.
Абдулла Холмирзаев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter