Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Блогерлар чемпионати бошланишига 5 кун қолди. Мукофот жамғармаси 60 миллион сўмдан ошди!

Блогерлар чемпионати бошланишига 5 кун қолди. Мукофот жамғармаси 60 миллион сўмдан ошди!

Фото: «Xabar.uz»

Роппа-роса беш кундан сўнг, яъни 2018 йилнинг 10 апрель куни Ўзбекистон блогерлари чемпионатига старт берилади. «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали ҳамда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ҳамкорликда ташкил этилаётган Блогерлар чемпионатининг мукофот жамғармаси бугунга келиб 60 миллион сўмдан ошиб кетди.

Шундан 46 миллиони 1,2,3-ўрин соҳибларига аталган бўлса, қолгани ўндан зиёд номинацияларнинг ғолибларига қимматбаҳо совға шаклида топширилади:

1-ўрин (1 та): 15 миллион сўм.

2-ўрин (2 та): ҳар бирига 8 миллион сўмдан.

3-ўрин (3 та): ҳар бирига 5 миллион сўмдан.

Танлов 3 босқичда ўтказилади. 

Биринчи босқичга аризалар 10–30 апрель оралиғида қабул қилинади. Иштирокчилар танлов учун махсус ташкил қилинган платформа орқали рўйхатдан ўтишлари лозим. Биринчи босқич учун 2017 йил 10 апрелдан 2018 йил 30 апрелга қадар ёзилган блогпостлар тақдим этилиши мумкин. Блогпостлар 2018 йилнинг 30 апрель соат 23.59 гача қабул қилинади. Ушбу муддатдан кечиккан иштирокчиларнинг блогпостлари танловга қабул қилинмайди. Биринчи босқич натижасига кўра 50 нафар блогер кейинги босқичга йўл олади.

Танловнинг иккинчи босқичида биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган блогерлар 8–22-май кунлари янги блогпост ёзиши керак. Иккинчи босқичда 8 майдан аввал эълон қилинган блогпостлар кўриб чиқилмайди. Блогпостларни 22 май куни соат 23.59 гача топшириш шарт. Ундан кечиккан иштирокчиларнинг аризаси қабул қилинмайди. Иккинчи босқич натижалари 27 май куни эълон қилинади ушбу босқичда энг яхши натижа кўрсатган 20 нафар блогер Финал босқичига йўл олади.


Мавзуга доир:
Мукофот жамғармаси 50 миллион сўмдан зиёд Блогерлар чемпионатига старт берилмоқда


Танловнинг финал босқичида иккинчи босқичдан муваффақиятли ўтган 20 нафар блогер 28 май — 6 июнь кунлари янги блогпост ёзиши шарт. Финалда 28 майдан аввал эълон қилинган блогпостлар кўриб чиқилмайди. Блогпостлар топширишнинг энг сўнгги муддати 6 июнь соат 23.59 ҳисобланади. Ундан кечиккан иштирокчиларнинг аризаси қабул қилинмайди. Финал босқичига тақдим этилган ишлар учун 10 июнгача овоз берилади. Чемпионатнинг якуний натижалари 14 июнь куни эълон қилинади.

Блогерлар чемпионатининг шартлари, қоидалари, ижодий ишларга қўйиладиган талаблар ва бошқа маълумотларни тез орада маълум қиламиз! 

Эслатиб ўтамиз, Блогерлар чемпионати ўзбек тилида блог юритувчи блогерларни рағбатлантириш, блогерлар томонидан ёзилган фикрларини кенг жамоатчиликка етказишда кўмаклашиш, жамиятдаги турли муаммоларни муҳокама қилиш ва бу орқали жамоатчилик фикрини шакллантириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижи ва нуфузини юксалтириш, ташкилотлар ҳамда блогерлар ўртасида узвий алоқаларни йўлга қўйиш, ўзбек блогерлари ўртасида ижодий ва дўстона муҳитни шакллантириш, интернет тармоғида ўзбек тилидаги фойдали ресурсларни бойитиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Ҳозирча чангиб қолган блогларингизни тартибга келтириб, мусобақага шайланаверинг! Бу галги чемпионат аввалгиларидан мутлақо бошқача руҳда ўтиши учун қўлдан келган ҳамма ишни қилаяпмиз. Аввалгиларидан фарқли равишда мазкур чемпионатда ғолиб ва совриндор бўлиш имконияти анча юқори. 

Хуллас, олдинда бизни ўта қизғин ўтиши кутилаётган танлов кутиб турибди. Сиз ҳам Блогерлар чемпионатида иштирок этиб, ғолиб бўлишингиз мумкин. Шундай экан, ўз иқтидорингиз ва омадингизни синаб кўришдан тортинманг! Дадилроқ бўлинг!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг