Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода суд қарорини менсимаган ҳокимликка чора кўрилди

Бухорода суд қарорини менсимаган ҳокимликка чора кўрилди

Бухорода йирик қарздорлик бўйича суд қарорига бепарво қараб келган Бухоро тумани ҳокимлигига тегишли Cobalt русумли хизмат автомашинаси жарима майдончасига олиб қўйилди.

Мажбурий ижро Бюроси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектори Ихтиёр Олимов «Xabar.uz»га бу ҳақда маълум қилар экан, суд ҳужжатларини бажариш ҳар қандай идора, ташкилот учун қонун устуворлигининг энг муҳим кафолатларидан бири бўлишини таъкидлади.

«Бироқ, айрим ҳолатларда бу талабга, ҳатто, давлат органларининг ҳам риоя этмаётгани ачинарли ҳол. Бир нечта фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан Бухоро туман ҳокимлигига нисбатан чиқарилган суд қарорлари узоқ муддат бажарилмай келинди. Ҳолат юзасидан ижро иши қўзғатилиб, қонунга мувофиқ, қарздорга ихтиёрий бажариш учун қатор муддатлар берилди. Бироқ, ҳокимлик томонидан қарздорликни бартараф этиш бўйича ҳеч қандай амалий ҳаракат қилинмади. Бу эса ҳокимликка нисбатан қатъий чора кўриш заруратини туғдирди»,-деди Ихтиёр Олимов.

Маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди фуқаро Б.Ё.нинг даъвоси асосида Бухоро туман ҳокимлигидан унинг фойдасига 202 миллион 769 минг 223 сўм иш ҳақи ундириш ҳақида қарор чиқарган. Шунингдек, яна бир ишда фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди бузилган бино учун компенсация масаласини кўриб чиқиб, ҳокимликдан фуқаро Г. Ғ. фойдасига 140 миллион 142 минг 983 сўм моддий зарар ва экспертиза харажатлари ундиришни белгилаган.

Шундан сўнг давлат ижрочилари томонидан ҳокимликнинг ҳисоб рақамларига банд солиниб, кўчмас мулклари ҳамда автотранспорт воситаларига таъқиқ қўйилган. Аммо, бу чоралар ҳам натижа бермаган.

Вазият шу даражага етганки, давлат ижрочисининг қарори билан туман ҳокимлиги балансидаги барча автотранспорт воситаларига нисбатан қидирув эълон қилинган. Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида ҳокимликка тегишли бўлган хизмат автомашинаси аниқланиб, қонун талабларига мувофиқ хатланган ва вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.

Шундан кейингина ҳокимлик суд қарорларини бажаришга мажбур бўлган ва ижро ҳужжатлари бўйича барча қарздорликлар тўлиқ қопланган.

Айни пайтда мазкур йўналишдаги назорат ва ижро тадбирлари давом этмоқда.

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг