Бобур Наби

Фиқрачилар фирқасиданман!

Яна бир оғриқли нуқта! Чўлпон йўлига ғов бўлаётганлар ҳозир ҳам топилмоқда

Яна бир оғриқли нуқта! Чўлпон йўлига ғов бўлаётганлар ҳозир ҳам топилмоқда

Америка Қўшма Штатлари фуқароси, таржимон Кристофер Форт ўзбекнинг жасоратли шоири ва ёзувчиси Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» («Night and Day») асарини инглиз тилига таржима қилди!

Шу хабарнинг ўзиёқ миллатимизга бўлган ҳурматни ифодалаб турибди. Ҳам бу таржима шоирнинг 120 йиллик юбилейига муносиб туҳфадир. Айниқса, Чўлпонга Ўзбекистонда Президент даражасида эътибор берилаётган бир пайтда мазкур янгилик юракларни ифтихорга тўлдиради. Хусусан, кечагина давлат раҳбари Олмазор туманидаги Қичқириқ канали бўйида барпо этилаётган маданият ва истироҳат боғида болалар ва спорт майдончалари, замонавий аттракционлар ташкил этилиши, Абдулла Қодирий ва Чўлпон номидаги кутубхоналар, Нуронийлар маскани қурилиши, Қодирий ва Чўлпон ижодини ёшларга чуқурроқ ўргатиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Кристофер Форт билан боғланиб, нега айнан Чўлпон ижодига қўл урганини сўрадим. Унинг айтишича, шоир ижоди, ўша давр руҳи ва нафаси америкалик дўстимизни қизиқтириб қолган. Албатта, АҚШдек катта давлатда Чўлпонни кўпчилик танимаслиги турган гап. Нашриёт ё босмахоналар ҳам унинг асарини чоп этиш учун навбат кутиб турмаяпти. Таржимоннинг билдиришича, у мазкур романнинг инглиз тилидаги таржимасини ўз ҳисобидан чоп эттирмоқда.

Америкалик ижодкорларнинг аксарияти, кўпчиликка маълумки, виждонли бўлади. Уларнинг муаллифлик ҳуқуқига қатъий амал қилишини алоҳида эътироф этиш керак. Кристофер Форт ушбу таржимани якунлагач, Ўзбекистонга келган ва чўлпоншунос профессор Наим Каримовга учрашган. Унинг ягона мақсади Чўлпоннинг жияни Ҳотамҳожи Мирзахўжаев (ўша пайтда «Чўлпон» жамғармаси раиси бўлган) номидан таржима матни учун розилик олиш эди. Наим Каримов ёрдами билан Чўлпон ҳақида «Тегирмон» номли тарихий роман ёзган Наби Жалолиддин ушбу масала юзасидан Ҳотамҳожи Мирзахўжаев уйига борган. Ўша пайтда Чўлпоннинг жияни бетоб эди, лекин шунга қарамай, таржима матни учун қарши эмаслигини билдириб, ҳужжатга розилик берган. Раҳматлининг яна бир савобли ишларидан бу! Охирати обод бўлсин!

Орадан бир оз вақт ўтди. Таржима ҳам тайёр бўлди. Энди навбат Чўлпоннинг суратига келди. Кристофер Форт «Википедия»дан олинган Чўлпоннинг фотосурати учун ҳам муаллифлик розилигини сўраб менга мурожаат қилди. Табиийки, айримлар учун бу кулгили туюлар, ахир интернет тўла шу расм-ку. Лекин Форт баъзи ўзбекларни ҳам ўзидек кўрди: виждонли, зиёли ва ҳақиқатпарвар.

Ушбу масала юзасидан Андижон шаҳридаги «Чўлпон» жамғармасининг ҳозирги вақтинчалик директори (Мурод Қодиров)ни топдим ва вазиятни тушунтирдим. Шунчаки суратдан фойдаланишга қарши эмасман, деган гап керак эди. Чунки Чўлпоннинг асари бир америкаликнинг шахсий ташаббуси билан инглиз тилига таржима қилиниб, АҚШда чоп этилаётганининг ўзи катта ютуқ эди. Лекин...

Биринчи ҳайрат! Мурод Қодиров аввалига тушунмагандек бўлди, ўзини пайсалга солди, гўё бунақа халқаро ҳужжатлар билан сал ўйлаб иш қилиш керак экан. Шунинг учун расмий хат билан чиқишни сўради.

Скрин: «Xabar.uz»

Индамадим. Фортга шу ҳужжатни юборишини айтдим. 2018 йил 27 январь куни АҚШдан келган икки тилдаги (инглиз ва рус) сўровномани «Чўлпон» жамғармасининг вақтинчалик директорига юбордим.

Скрин: «Xabar.uz»

Иккинчи ҳайрат! Анча вақт ўтди. Орада деярли ҳар куни сўраб турдим: нима бўлди, ҳал қиляпсизларми? У ерда исм-шариф, ташкилот номи ва имзо керак эди, холос. Қўнғироқ қилдим ва асл мақсадини тушунгандай бўлдим. Директор ҳужжатга қўшиб, ўз таклифларини ҳам ёзмоқчи эканини айтиб қолди (ҳужжат остида шундай жойи бор эди). Нима экан у деб қизиқдим: биринчиси, чоп этилаётган китобдан камида 300 дона жамғармага юбориш (инглиз тилини ўрганаётган ўқувчиларга тарқатиш мақсадида). Иккинчиси эса «Чўлпон» фондини моддий томондан қўллаб-қувватлаш — бу таклифини жамғарма ҳозирги кунда анча қашшоқлашиб қолгани, ҳукуматдан ёрдам берилмаётгани билан изоҳлади.

Мана, бизнинг асл башарамиз. Америка деса, дарров жарақ-жарақ долларлар хаёлимизга келади-да. Яна қайтараман, Форт ушбу таржимани ўз ҳисобидан ва ташаббуси билан нашр қилмоқчи. Ўзбекистондан биров буюртма бермаган ёки АҚШда ноширлар навбат билан кутаётгани йўқ. Ҳали у 300 дона чиқадими, бу ҳам бир савол.

Чўлпоннинг ҳаёти қизиқ ўтган экан («Тегирмон» романидан биламан). Жуда кўп тўсиқларга учраган. Ҳатто отувга ҳукм қилинганда ҳам бошига тиралган тўппонча отмай қолган, уни бошқача, ваҳшийларча ўлдиришган. Унинг асарларига бўлган тақиқлар ҳақида-ку аввалги мақолада тўхталиб ўтилган.

Учинчи ҳайрат! Чўлпоннинг асарларига тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳозир ҳам кузатилаётганини юқоридаги манзара исботлаб турибди. Бўлмаса, Мурод Қодиров ким? Чўлпоннинг жияни индамасдан (кўпни кўрган ва зиёли экани шундан маълум) розилик берган бир маҳалда бу янги директор аслида шоирга етти ёт бегона эмасми?

Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Мурод Қодиров билан боғландик. Таассуфки, аввалига у вақтинчалик директор эканидан тонди (негадир). Ҳолбуки, ундан юқорида яна кимдир борлигини ҳам инкор этди. Айтишича, директор вафот этган (Чўлпоннинг жиянини назарда тутди). Хуллас, мухбиримиз нима учун битта фотосуратга розилик бериш бунча чўзилганини сўради. Ушбу саволни бир неча марта, ҳар хил талқинда сўраб кўрди. Лекин жавоб битта бўлди: жамғармамиз уставида рухсатнома бериш деган жойи йўқ!

300 дона китоб ва моддий рағбатлантириш сўрагани ҳақидаги саволимизга жавоб беришни истамади ёки гапни китоб ўзи 100 нусхада чиқишига тақайверди. Қолаверса, мухбирнинг саволларини провокацион деб атаб, бу масала юзасидан Андижонга келиб суҳбатлашиш кераклигини таъкидлади. Қизиқ, Чўлпоннинг сурати Чўлпоннинг инглизча китобида чоп этилишини ҳурмат билан сўраган муаллифнинг иши пайсалга солинаётганига аниқлик киритиладиган оддий саволларга жавоб олиш учун атайлаб довон ошиш шартми, ташкилотларнинг очиқлиги қаёқда қолди?

Кристофер Фортга шуни тушунтирдим, нашриётга топшираверишини, айни пайтда Чўлпоннинг қариндошлари йўқлиги боис сурат манбаси «Википедия» бўлишини айтдим.

«Чўлпон» жамғармасига келгусидаги улкан режалари ва мақсадларига етишишда омад тилайман. Бундай фонд борлигини жуда кўпчилик билмасди, энди ҳамма хабардор бўлади.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг