Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Дорихона», «Ателье», «Вино-водка»…

«Дорихона», «Ателье», «Вино-водка»…

Фото: «Go-aginskoe.ru»

Шаҳарларимиз, айниқса пойтахтимиз кўчалари бўйлаб сайр қилиш нақадар ёқимли. Янги ва замонавий дизайнда қурилган уй-жойлар, турли идоралар бинолари. Аксариятининг пастки қаватларида савдо қилиш ва хизмат қўрсатиш дўконлари жой олган. «Дорихона», «Минимаркет», «Сартарошхона», «Ателье» ва ҳоказо. Шулар қаторида тобора кўпроқ учраётган ёзув мени доим ўйлантиради. Унга сизнинг ҳам кўзингиз тушган: «Вино-водка».

Тўғри, юртимиз аҳолиси сони ўсмоқда. Қолаверса бизнесда талаб ва таклиф, деган тушунчалар бор. Аммо...

Демократик жамиятда ҳар ким қонун доирасида истаганини қилишга ҳақли. Тадбиркорларимизга давлат томонидан турли имтиёзлар, фаолият олиб бориш учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Улардан унумли фойдаланиб, халқ хизматида бўлганларга раҳмат. Бироқ спиртли ичимликлар билан савдо қилишга сармоя киритиш кимларга наф келтиради? Тадбиркор, унинг оила аъзоси, эҳтимоли жуда кам бўлсада, маҳалладошлари наф кўрар. Аҳоли-чи?

Ҳа, масаланинг бошқа томонига эътибор қаратмай иложимиз йўқ. Агар мижоз бўлмаса ёки камайса бизнес касодга учрайди. «Бриллиант қўл» киносидаги хоним айтганидек: «Мен айбдор эмасман. У ўзи келди», дейилиши мумкин.

Хўп, ичувчилар кўп ҳам дейлик. Лекин фарзандларимизнинг шундай дўкон ва кафеларни, унинг атрофида кўпинча юрувчи маст-аласт кишиларни кўриши уларнинг тарбиясига, руҳиятига таъсир этмасмикан? Онгли мавжудот ҳисобланмиш бани одам боласининг ноодамий кўринишлари ёш болалар у ёқда турсин катталарнинг ҳам дилини ҳира қиладику. Ичкиликка ружуъ қўйилиши — кўплаб халқларнинг бош оғриғи. Бош ҳам тобора қаттиқ оғримоқда.

Ишончим комил, халқини, Ватанини чин дилдан севган, фарзандлари келажагини, дин нуқтаи назаридан эса охиратини ўйлаган тадбиркор эл-юртга офат, бахтсизлик ва касаллик олиб келувчи нарсаларга пул тикмайди.

Тўлқин Жуманазаров

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг