Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари исми-шарифи нега ИИВ сайтида қидирувдаги шахслар рўйхатида турибди?

Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари исми-шарифи нега ИИВ сайтида қидирувдаги шахслар рўйхатида турибди?

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси марказий аппарати биноси.

Фото: «Gazeta.uz»

Кеча Мусаев Беҳзод Анварович Президент қарорига мувофиқ Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинлангани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу мулозимни жамоага Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов таништирганини Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати ҳам тасдиқлаган эди.

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Беҳзод Мусаев 2006 йилнинг 24 октябрида Президент фармонига кўра Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси этиб тайинланган

У мазкур лавозимда 2010 йилнинг 15 январига қадар фаолият олиб борган. Шу куни у Президент фармонига биноан Ҳисоб палатаси раиси вазифасидан озод этилиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.

Бироқ унинг қачон ушбу лавозимдан озод этилгани, кечаги кунгача қаерда фаолият юритгани ҳақида маълумотлар топилмади. «Xabar.uz»нинг бу борадаги сўровига Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати бу ҳақда маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.

«Gazeta.uz»нинг хабар беришича, Беҳзод Мусаев юқоридаги лавозимда 2010—2011-йилларда ишлаган. 2012 йили ушбу лавозимга 1967 йилда туғилган Абдусалом Абдуқаҳҳорович Йўлдошев тайинланган. «Norma.uz»даги архив маълумотлари ҳам буни тасдиқлайди. Абдусалом Йўлдошев Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида лавозимидан озод этилган эди, деб хабар бермоқда «Kun.uz» нашри.

Беҳзод Мусаев шахси ҳақида маълумотларни қидириш асносида тасодифан қизиқ маълумотга дуч келдик. Гап шундаки, ички ишлар вазирлигининг расмий сайтида худди шу исмдаги Ўзбекистон фуқароси қидирувдаги шахслар рўйхатида турибди.

Ўзбекистон ИИВ расмий сайтидан скриншот

ИИВ сайтидаги хабарга кўра, қидирилаётган шахс 1973 йилнинг 12 декабрида туғилган. У Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «А» банди, 175-моддаси 2-қисми «А» банди, 178-моддаси 3-қисми, 179-моддаси, 184-моддаси 3-қисми, 205-моддаси 2-қисми «А» банди билан айбланиб, қидирувга берилган.

Қидирувдаги шахс кеча Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган Мусаев Беҳзод Анварович билан битта одамми ёки бошқа-бошқа шахсларми, ҳозирча бу ҳақда маълумотга эга эмасмиз. Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Музаффар Назаров бу ҳақда маълумотга эга эмаслигини маълум қилди ва буни ИИВдан сўраш кераклигини айтди. ИИВ матбуот хизмати билан боғланишнинг иложи бўлмади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг