Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дубайдаги ўзбек: «Тошкент халқаро аэропортини дунё даражасига олиб чиқиш учун ёрдам бераман»

Дубайдаги ўзбек: «Тошкент халқаро аэропортини дунё даражасига олиб чиқиш учун ёрдам бераман»

Дубайда 15 мингга яқин ўзбек яшайди.

Фото: «Xabar.uz»

Қисқача маълумот:

Суҳбатдошим — Дубай халқаро аэропортида 10 йилдан буён фаолият олиб бораётган Бекзод Бакиров. У 1984 йил 27 декабрда Фарғона вилояти Бағдод туманида туғилган. У Бағдоддаги иқтидорли ўғил болалар лицейида, сўнгра Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро иқтисодий муносабатлар факультетида таҳсил олган. Университетни битириш арафасида Дубай халқаро аэропорти ходимлари томонидан ўтказилган имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган, 2008 йилдан буён амирликларда ишлайди. Оилали, 3 нафар фарзанди бор.

— Дубай жозибаси бутун дунё аҳолисини ўзига тортиб келади. Мўъжизакор шаҳарда сизга ёқадиган жиҳатлар нимада?

— Дарҳақиқат, Дубай ҳар қандай одамни ҳайратга соладиган шаҳар. Бу ерда сиз дунёнинг ҳеч қаерида учрамайдиган, ноанъанавий меъморчилик услубида қурилган иншоотлар, бизнес, савдо ва кўнгилочар марказларни учратишингиз мумкин. Шу боис бўлса керак, ташриф буюрувчи сайёҳлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда.

Фото: «Xabar.uz»

Мен Дубайнинг бу даражада тараққий топишига асосан икки сабабни кўрсатган бўлардим. Биринчиси, эркин иқтисодий зона сифатида жаҳон бозорини барпо этишни уддалади. Иккинчи сабаб эса сайёҳлик марказига айлана олди. Ҳар икки сабаб бир-бирини тўлдиради.

Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш зарур. Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудида жуда эркин ҳаракатланиш мумкин. Етти амирликдан ташкил топган бўлса ҳам улар ўртасида чегара йўқ. Ёнингизда ҳужжат бўлмаса ҳам, қоида бузмасангиз, бирон киши безовта қилмайди. 

БААда қурилиш ишлари ҳар доим давом этади. Яъни бу жараён бир неча йилдан бериб тўхтовсиз кенгайиб боряпти. Мутахассисларнинг фикрича, дунёдаги ҳар тўртинчи краннинг биттаси Дубайда ишлайди. 

Иш тартиби Ўзбекистондагидан бир оз фарқ қилади. Якшанба ҳафтанинг биринчи иш куни, жума ва шанба дам олиш куни ҳисобланади.

Иқлим жуда иссиқ: қиш бўлмайди, қор ёғмайди. Совуқ тушди деганда ҳам кўчада  ҳарорат +14 даража бўлади.

— Биламизки, Дубайда ўзбеклар ҳам кўп. Улар асосан нима билан шуғулланадилар? Қайси соҳада уларни кўп учратамиз? 

— Айрим статистик маълумотларда келтирилишича, Дубайда 15 мингга яқин ўзбек яшайди. Уларнинг аксарияти савдо-сотиқ соҳасида ишлайди. Савдо марказларида техника, кийим-кечак, оёқ кийими, қўйингки барча йўналишларда ватандошларимизни учратишингиз мумкин. Бу ерда ўз бизнесини йўлга қўйган, бошқа фаолият турлари билан ҳам шуғулланадиган ўзбеклар кўп. Ўзбекистондаги ва Дубайдаги кўп юртдошларимиз билан тез-тез алоқада бўлиб тураман, керакли ёрдам ва маслаҳатларни ўз вақтида беришга ҳаракат қиламан.

— Дубайга боришингизнинг асосий сабаби нимада? Бу болалик орзулари билан боғлиқми ёки тақдир тақозоси?

— Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаш арафасида амалиёт ўташ учун талабалар вазирликларга юборилади. Айнан ўша пайт Дубай халқаро аэропортидан масъул ходимлар келиб, бир неча босқичли имтиҳонларни ўтказишди. Мен муваффақиятли ўтдим, орадан бир оз ўтиб улар расман ишга таклиф қилишди ҳамда виза ва чипталарни юборишди.

Фото: «Xabar.uz»

Дубай менинг болалик орзуим бўлмаган. Тўртинчи курсдалигимизда магистратурани АҚШда ўқишни режалаштиргандим. Биласиз, Америка университетларида ўқишнинг ўзи бўлмайди, катта харажат талаб қилади. Шу сабабли ватандошларимиз ҳам ишлаб, ҳам ўқишади. Дубай халқаро аэропортидан бўлган таклифдан кейин мен режаларимга сал ўзгартириш киритдим. Яъни икки йил Дубайда ишлайман, етарлича маблағ йиғаман ва АҚШда магистратура ўқийман. Бироқ тақдир тақозоси экан, бу ерда 10 йил қолиб кетдим. Афсусланмайман. Ўтган ҳар бир кунимга шукр қиламан. Ҳаётда ҳамма режа ҳам сиз ўйлагандай амалга ошмаслиги мумкин.

— Кўпчиликдан эшитганим — Дубайда оилавий яшаш жуда қиммат. Ишлаб, пулни Ўзбекистонга юбориш қулай дейишади.

— Оилавий яшаш ҳақиқатан ҳам қиммат, айтиш мумкинки, жудаям қиммат. Ҳамюртларимиз асосан оддийроқ ишда ишлайди. Ўртача ойлик маоши 1500-3000 АҚШ доллари атрофида. Агар катта лавозимда бўлса, ойлик маошлар миқдори анча юқори, улар учун яшаш қийинчилик туғдирмайди. Бироқ оддий ишда ишловчи инсонга яшаш жойи, фарзандларининг боғчаси, мактаби харажатларини кўтариш қийин. Яъни оилавий яшаш, ижара ва овқатланиш, бир болани боғчага беришнинг ойлик харажати 2 000 доллардан ошиб кетади. Мактаб таълими учун тўлов ундан ҳам қиммат, бир ўқувчига ойига — 450 доллар. Тураржой ижараси учун камида ярим маошингиз кетади. Шунинг учун ватандошлар кўпчилик бўлиб тураржойни ижарага олишади, оиласи эса Ўзбекистонда яшайди. Шундаям ойлик тўлови киши бошига 200 доллардан кам тушмайди.

Фото: «Xabar.uz»

— Тил муаммоси қийин эмасми? Асосан инглиз тилида иш олиб бориладими?

— Мен араб тилини беш ойда ўргандим. Албатта, осон бўлгани йўқ. Лекин астойдил киришсангиз, ўрганиб оласиз. Бироқ Дубайда кўпчилик араб тилини билмайди. Асосий муомала инглиз тилида бўлади. Лекин бу ерда ишлаш ёки саёҳатга келиш учун ҳеч бўлмаса инглиз тилини билиш шарт.

— Иш жойингиз, Дубай халқаро аэропорти ҳақида гаплашсак...

Аэропортга ишга 2008 йилда келганман. Дастлаб келганимда рўйхатга олувчи ходим бўлиб 4 йил ишладим. Тажрибам ошгандан кейин лавозим ҳам кўтарила бошланди. Рўйхатга олувчи ходимлар бошқарувчиси бўлиб 3 йил ишладим. Ундан кейин имтиҳон топшириб, бошқа бўлимга ўтдим. Ҳозир самолётларга юк, карго, контейнерлар юкланишини назорат қиламан. Таъкидлаш лозимки, бу ерда билим олишга, тил ўрганишга жуда ҳурмат билан қарашади. Араб тилини билган ходимларга ойлик устама ҳақи қўшиб берилади.

Дубай халқаро аэропорти дунёдаги энг тиғиз жадвалли аэропортлардан бири ҳисобланади. Ўртача ҳисобда ҳар уч дақиқада битта самолёт қўнади ёки учиб кетади. Дубайнинг ҳудуди кичик бўлса ҳам шундай катта аэропортга эга. Бу ердан ҳар бир мамлакатга, дунёнинг исталган бурчагига рейс топиш мумкин. Ўз давлатидан учиб кетолмаган сайёҳлар кўпинча Дубай орқали ўз манзилига етиб олади.

Агар аэропортни бир соатга ёпиб қўйса, жуда катта ноқулайликлар келиб чиқади. Чунки эрта тонгда бир дақиқада 2 та қўниш ва парвоз бўлиши мумкин. Самолётлар ҳавода айланиб, қўнишни кутиб туради. Бу ҳолат аэропортнинг барча ходимларига катта масъулият юклайди.

Маълумот учун айтай, Лондоннинг Хитроу аэропорти йўловчи оқими бўйича 30 йил давомидадунёда биринчи ўринда турган. 2014 йили Дубай аэропорти 70 миллион хорижий сайёҳга хизмат кўрсатиб, ундан ўзиб кетди.

Фото: «Xabar.uz»

2016 йилги статистикасига кўра, Дубай халқаро аэропорти йўловчиларнинг умумий сони бўйича дунёда учинчи ўринда туради. АҚШнинг Жоржия штатидаги Атланта аэропорти биринчи ўринда (104 миллион), иккинчи ўринда Бейжинг Капитал (94 миллион), учинчи ўринда Дубай халқаро аэропорти (83 миллион). Бу умумий йўловчи сони бўйича рейтинг. Яъни АҚШ фуқароларининг штатлараро маҳаллий рейслари ҳам ҳисобга олинган. Дубайда эса амирликлараро парвозлар йўқ, шу сабабли, юқоридаги рақамлар хорижий сайёҳлар оқими натижасидир.

— Мусофир юртда яқинларсиз кўп муддат яшаш қийин. Оила аъзоларининг қўллаб-қувватлаши барча қийинчиликларга чек қўяди. Дубайда оилангиз билан яшайсизми?

— Ҳа, албатта. Яқин инсонларсиз, уларнинг қўллаб-қувватлашисиз муваффақиятга эришиш қийин. Ота-онам, барча қариндошларим Ўзбекистонда. Дубайда оилам билан тураман. Уйланганганимдан сўнг оиламни кўчириб олиб келганман. Ҳозир уч нафар фарзандим бор — Хадича, Муҳаммад, София. Қизларим шу ерда мактабда ўқишади, бир йилга қолмасдан инглиз тилида эркин сўзлашадиган бўлишди. Турмуш ўртоғим фарзандлар таълими, тарбияси билан машғул. Араб тилини ўрганаяпти.

Фото: «Xabar.uz»

— Келажакда Ўзбекистон билан боғлиқ қандай режангиз бор? Дубайда орттирган тажрибангиз бизнинг мамлакатда ҳам асқотишига ишонасизми?

— Ўзбекистонда сўнгги пайтларда жуда тез ўзгаришлар содир бўляпти. Ҳар куни янгиликлар сайтлари орқали юртимиз ҳаёти билан танишиб боряпман. Тўғрисини айтсам, жуда хурсандман.

Тажрибага келсак, мен авиация соҳасида 10 йилдан буён ишлаяпман. Бу борадаги энг сўнгги талаблар, инновациялар билан яқиндан танишман. Келажакда Тошкент халқаро аэропортини жаҳон даражасига олиб чиқишга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Сўнгги пайтлар Ватанга қайтиш истаги кучайиб боряпти.

— Бағдод туманидаги иқтидорли ўғил болалар лицейи — жуда кўп иқтидор эгаларини тарбиялаган билим даргоҳи. Лицей битирувчиларининг ютуқларидан хабардормисиз? Синфдошларингиз билан алоқа сақланиб қолганми?

— Албатта, бизни шу даражага етказган даргоҳнинг аҳамияти катта. Жуда кўплаб битирувчилар ҳаётда ўз ўрнини топганидан хурсандман. Лицейдан учирма бўлган, бугун катта ютуқларга эришаётганлар кўп. Мен уларнинг барчасига омад ва муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман.

Синфдошларим билан алоқалар яхши, хабарлашиб турамиз. Ҳамма катта ҳаётга қадам қўйган, ўз режаларини амалга ошириш билан овора.

Фото: «Xabar.uz»

Фурсатдан фойдаланиб, устозларимга миннатдорчилик билдирмоқчи эдим. Мени математикага ошно қилган Муҳаммаджон Деҳқонов, она тили ва адабиётдан сабоқ берган Норқўзи Қосимов (охиратлари обод бўлсин), инглиз тили ўқитувчимиз Шоира Мелибоева. Бугунги даражага етишишимизда уларнинг меҳнати чексиз.

— Аэропортда ишлаш осон эмас. Меҳнатдан бўш пайтингизда мияга қандай дам берасиз? Яъни хоббингиз нима?

— Менинг хоббим — китоб ўқиш. Мутолаани жуда яхши кўраман. Кейин математика жону дилим. Иқтисодни ҳам тинимсиз ўрганаман.

— Мазмунли суҳбатингиз ташаккур.

— Сизга ҳам раҳмат. «Xabar.uz»ахборот-таҳлилий порталининг келгуси ишларида омад тилайман! 

Қизиқарли маълумотлар:

Бирлашган Араб Амирликлари 7 та амирликдан ташкил топган. Майдони — 77 минг квадрат километр (Ўзбекистоннинг бешдан бир қисмидан ҳам кичикроқ).

Аҳолиси — 9,5 млн. киши.

Дубай БАА ҳудудининг 5 фоизини ташкил қилади. Бироқ умумий аҳолининг учдан бир қисми шу ерда яшайди.

Дубайнинг 85 фоиз аҳолиси хориждан келганлардан иборат. Маҳаллий аҳоли атиги 15 фоизни ташкил этади. Бу ерда 200 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилади.

Қобулжон Аҳмедов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг