Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фарғонада айрим банкларнинг мутасаддиларига нисбатан жиноят иши очилди

Фарғонада айрим банкларнинг мутасаддиларига нисбатан жиноят иши очилди

Фото: «Капитал»

Фарғона вилоятининг Бувайда туманида ўтказилган мониторинг жараёнида тижорат банклари томонидан 259 та иссиқхона қурилиши, 11806 бош парранда ва лимон кўчатлари сотиб олиниши учун ажратилган 2 миллиард 171 миллион сўмлик кредит маблағлари ўз эгаларига етиб бормагани ёки бошқа асосларга кўра жойида мавжуд эмаслиги аниқланди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси бўлим прокурори Отабек Тошматов ҳамда журналист Хуршид Султонов ҳаммуаллифлигида «Адолат» газетасида эълон қилинган мақолада сўз боради.

Фарғона вилоят прокуратураси томонидан Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Халқ банки ва «Агробанк»нинг туман филиаллари ҳамда тумандаги агрофирмалар мансабдорларига нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди ва 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят ишлари қўзғатилди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари якунланиб, жиноят ишлари айблов хулосаси билан судга оширилган.

Мақолада айтилишича, юқорида тилга олинган банкларнинг вилоят филиаллари ёки Марказий банкнинг Фарғона вилоят бош бошқармаси томонидан жойларда кредитларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан тўлақонли мониторинг олиб борилганида юқоридаги каби нохуш ҳолатларга йўл қўйилмасди. 

Вилоят прокуратураси органлари томонидан ерлардан оқилона фойдаланиш, ер ажратишда суиистеъмолчилик ва таниш-билишчиликка йўл қўймаслик борасида ҳам доимий назорат олиб борилмоқда. 2017 йилда 51 та ҳолатда 45,4 гектар ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Масалан, Данғара туман ҳокимлиги, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мансабдорлари туман ҳокимининг 2002 йил 1 июндаги 434/6-қароридан кўчирмаларни қалбакилаштириб, 1319-контурдаги 0,30 гектар ерни қонунга хилоф равишда Қўқон шаҳрида яшовчи М.Расулов, М.Содиқова, Э.Худойбердиев, П.Мелибоевларга ажратиб беришган. Шу билан бирга, фуқаролар ўзбошимчалик билан қурган уй-жойларни фойдаланишга қабул қилиш ва эгалик ҳуқуқини бериш ҳақида туман ҳокимининг 2014 йил 26 февралдаги 128- ҳамда 2016 йил 1 июлдаги 578- ва 581-қарорлари қабул қилинишига эришишган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг